Инсон ҳуқуқлари ва Брайль алифбоси

4 январь – Бутунжаҳон Брайль алифбоси куни

 

Халқимизнинг “Тўрт мучанг соғ бўлсин!” деган эзгу дуоси бежиз эмас. Соғлиқ билан боғлиқ муаммолар орасида, айниқса, кўриш қобилиятини йўқотиш анчайин қалтислиги билан ажралиб туради. Чунки айни муаммога дучор бўлган кўпчилик учун бу ҳолат ҳаётда мавжуд имконият ва қулайликлардан маҳрумликни англатади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, сайёрамизда бир миллиардга яқин одам кўриш қобилиятининг бирон-бир бузилиши билан яшайди. Бироқ яқинни ёки узоқни кўра олмасликни кўзойнак, контакт-линзалар ёки жарроҳлик амалиёти ёрдамида осонгина тузатиш мумкин бўлса, кўриш билан боғлиқ жиддий бузилишлар ёки тўлиқ кўрлик баъзан мустақилликни ва ўз ҳаётини назорат қилишни бутунлай йўқотишга олиб келади.

Янада ташвишли жиҳат шуки, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи одамлар кўпинча яккаланиб қоладилар, ташқи ёрдамга муҳтож бўладилар, таълим олиш ва иш топиш борасида тўсиқларга дуч келадилар. Шу нуқтаи назардан, бундай инсонларга тўлақонли ҳаёт кечиришда ёрдам берадиган асосий воситалардан бири Брайль алифбосидир.

Брайль алифбоси нима? У бўртиқ нуқталарга асосланган махсус алифбо бўлиб, кўзи ожиз инсонларнинг савод чиқариши учун 1824 йилда француз тифлопедагоги Луи Брайль томонидан яратилган.

Олти нуқтадан иборат турли комбинациялар алифбонинг барча ҳарфларини, рақамларни, мусиқий, математик ва илмий белгиларни ифодалашга имкон беради. Улар ёрдамида кўзи ожиз одамлар китоб ва газеталардан тортиб, юридик ҳужжатлар ва сайлов бюллетенларигача бўлган турли манбалардан маълумот олишлари ва ҳар қандай материаллар билан танишишлари мумкин.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган резолюциясида Брайль алифбоси кўз ожизлар ва заиф кўрувчилар учун асосий ёзма мулоқот воситаси эканлиги қайд этилган.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 2-моддасига кўра, Брайль алифбоси кўзи ожизлар учун мулоқот воситаси бўлиб, уларнинг ижтимоий интеграциясини таъминлашга ёрдам беради ҳамда таълим олиш, фикр билдириш эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда катта аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йилда қабул қилган қарорга мувофиқ, ҳар йили 4 январда Бутунжаҳон Брайль алифбоси куни нишонланади. Мазкур халқаро сана Брайль алифбосининг кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар ўртасида савод чиқариш, таълим олиш, маърифий саводхонликни оширишдаги аҳамиятини халқаро миқёсда эътироф этиш, бу ёзувда ўқув, илмий, сиёсий ва бадиий адабиётларни нашр қилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида нишонлаб келинмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда ҳам Брайль алифбосида турли нашрлар, жумладан ҳуқуқий адабиётлар чоп этилмоқда. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси каби муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар матни Брайль алифбосида нашр этилиб, тегишли кутубхоналарга беғараз тақдим қилинганини таъкидлаш лозим.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш масалалари жамиятимиз ҳамда давлатимизнинг доимий эътиборида турганидан далолатдир.

Бунда, хусусан, 2022 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги алоҳида диққатга сазовор. Бу ҳужжат «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлашга қаратилган.

Президент қарорига кўра, ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

· ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий мақомини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ундан мулоқот воситаси сифатида фойдаланишни рағбатлантириб бориш;

· ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосида ўқитиладиган таълим дастурларига қўйиладиган давлат талабларини такомиллаштириш;

· ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосига ўқитишда замонавий ахборот технологиялар, инновацион воситалар ва усулларни кенг қўллаш;

· кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларга телевизион дастурлар, фильмлар, театр ва бошқа маданий тадбирларнинг улар учун қулай форматларда бўлишини, шу жумладан сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилишини таъминлаш;

· кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш.

Шу негизда 2023 йил 1 январдан бошлаб, талаблардан келиб чиққан ҳолда, юртимиздаги умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилди. Бу махсус ўқув курсларида кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар ҳамда ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар — бепул, қолган шахслар — пуллик асосда ўқитилади.

Бундан ташқари, давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоиз ҳажмидаги кўрсатувлар сурдотаржима, яширин субтитрлар ёки «югурувчи сатрлар» билан намойиш этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига ўқишга қабул қилишда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар томонидан хорижий тилни билиш бўйича миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатни тақдим этиш талаб этилмайди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашаётган эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентлар мажбурий тартибда сурдотаржимон хизматлари билан таъминланади.

Бугунги кунда, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган бино ва иншоотларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишга ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашувчи воситалар, жумладан, Брайль алифбосидаги маълумотлар акс эттирилган стендлар, видео ва фотосуратлар, маълумотларни бир вақтнинг ўзида матн кўринишида тақдим этадиган видео- ва аудиоматериаллар ҳамда бошқа воситалар билан таъминлаш мажбурий ҳисобланади.

 

Ғулом МИРЗО

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech