ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИ халқимизга адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди

Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу  йил мамлакатимизда "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғоя асосида нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами тадбирларида ушбу омилга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ёқлаб овоз берди. Бу, ўз навбатида, янгиланган Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан яққол далолатдир.

Ўзбекистон Президентининг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.

Эндиликда Конституциямизнинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.

Кейинги 16 ой давомида Янги Ўзбекистон Конституцияси доирасида мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.

Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли навбатдаги китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки давлатимиз раҳбари ушбу салмоқли сиёсий асарида халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор асосий чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталган.

Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ҳаётий тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш зарур. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Биз кейинги вақтларда “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган эзгу тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидага айлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз”.

Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.

Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Унда белгиланганидек, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.

Фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу Фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Шунингдек, 2023 йил 7 ноябрда Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам қабул қилди.

  • Айниқса, Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаганини алоҳида таъкидлаш зарур. Қонун билан ўнлаб қонунларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, 2024 йил 17 октябрда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Айни йўналишда миллий парламент палаталари томонидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан 2023 йил 15 майда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилиниб, 10 мингга яқин тарғибот тадбири ўтказилди ҳамда бепул онлайн курс яратилди.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 3 октябрда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарор билан ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган муайян низом ва регламентларнинг айрим бандларига тегишли  ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2023 йил 5 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорини эълон қилди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик ҳамда амалийлик касб этади. Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу онгли итоаткорлик ҳаракатга келтиради.

Бу, авваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юксак ҳуқуқий маданиятсиз Конституциянинг бой салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас. Аммо, Конституцияни билишнинг ўзи билан ҳам кифояланиб бўлмайди. Шу боис жамиятда конституциявий маданиятни шакллантириш устувор аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш билан боғлиқ хайрли анъана Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштиришга хизмат қилишини таъкидлаш ўринлидир. Бу борада давлат раҳбарининг Конституция кунини нишонлашга оид фармойишларни тасдиқлаш амалиёти алоҳида аҳамият касб этади.

Шу кунларда Президентимизнинг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан жойларда қизиқарли маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тадбирлар ташкил этилаётгани ўз самарасини беради. Жумладан, «Конституция ойлиги» доирасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда ўтказиладиган Конституция дарслари катта аҳамият касб этиши тайин.

 

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Конституциявий комиссия раиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech