“Глобал аҳамиятга эга ташаббусларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг рақобатбардош мамлакат, ишончли ҳамкор сифатидаги обрў-эътибори юксалиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси диёримиздаги барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик натижасидир”.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Янги йил табригида 2024 йил якунларини шундай эътироф этди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал САИДОВ билан ўтган йил сарҳисоби мавзусида суҳбатлашдик.
– Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, 2024 йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди, – дейди А.Саидов. – Шу маънода, ўтган йил халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғоясини реал воқеликка айлантириш ва янги таҳрирдаги Конституциямизни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳал этувчи даври сифатида Ватанимиз тарихига муҳрланди.
Ўтган йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиёт такомиллаштирилди. Жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини қарор топтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишида бу борадаги миллий стратегиялар, давлат дастурлари ва бошқа дастуруламал ҳужжатларнинг ижроси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш лозим.
– «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида қандай ишлар бажарилди?
– Аввало, Давлат дастурида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиборни тубдан кучайтириш ҳамда катта қисмини шижоатли ёшлар ташкил этадиган тадбиркорлар тоифасини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар кўламини янада кенгайтириш имконини берди.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг ижроси инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Стратегия тадбирлари БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларининг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилига ҳамоҳанг амалга оширилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси талабларига мувофиқ ҳамда БМТнинг устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, хусусан, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилди.
– Ўтган йили айни шу йўналишда қандай қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди?
– Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”даги чора-тадбирларнинг бажарилиши Миллий марказ томонидан ҳар чоракда мониторинг қилиб борилаётганини қайд этиш лозим. Ўтган даврда “Йўл харитаси” 88 фоиз ижро этилган.
Яъни Миллий стратегия “йўл харитаси”даги жами 78 та банддан 69 таси тўлиқ бажарилган, 2 банд назоратдан ечилган, 7 бандни амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. Жумладан, 2024 йил давомида Миллий стратегия доирасида 13 та қонун, Президентимизнинг 15 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарори қабул қилинди ҳамда ижрога йўналтирилди.
Хусусан, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисидаги, Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги, Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунлар қабул қилинди.
Шунингдек, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари — ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар болага нисбатан зўравонлик тушунчаси доирасига киритилди.
Давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўриши, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиши ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаши ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш учун зарур бўлган самарали чоралар кўриши белгиланди. Шу билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини имзолади. Шу негизда Вазирлар Маҳкамасининг “Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кучга кирди.
Мамлакатимизда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ишлари кучайтирилиб, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етказилди. Янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Тадбиркор аёллар сафи икки баробарга кўпайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди.
Ўтган йилда юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун мутлақо янги тизимга асос солинди. Натижада давлатнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабати, масъулияти янги даражага кўтарилмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек, таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди. Ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга монеликсиз кириши учун мослаштириш асосларини назарда тутувчи нормалар белгиланди.
Ўзбекистон парламенти 2024 йилнинг ўзида Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенциясини ратификация қилди. Жумладан, Иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, Тўлиқсиз иш вақти шароитларида ишлаш тўғрисидаги, Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги, Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги конвенциялар ратификация қилинди. Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг жами ратификация қилинган конвенциялари сони 25 тага етди.
– Ўтган йилда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар самаралари туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшган энг муҳим омилларга мухтасар тўхталиш мумкинми?
– Биринчидан, 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси асосида “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Резолюцияда Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақадаги гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши курашиш билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланган. БМТ расмий ҳужжатида Ўзбекистоннинг янги сиёсати натижасида минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.
Иккинчидан, 2024 йил 7 июнь куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессиясида Ўзбекистон илк маротаба Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплади ва Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ютуқ Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита фаол иштирок этишига қулай имконият яратди.
Учинчидан, 2024 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни”ни белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди. Ушбу резолюцияда Ўзбекистон раҳбариятининг умумий хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш учун ҳамжиҳатлик руҳини ривожлантириш, амалий ҳамкорликка интилиш, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш йўлида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга қаратилган ғоялари ўз ифодасини топган.
Тўртинчидан, 2024 йил июнь ойида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига ўтказилган сайловда Ўзбекистон 185 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланиб, ЭКОСОСга сайланди. Мамлакатимиз ўз тарихида илк бор ушбу тузилмага аъзо бўлди. Бинобарин, БМТ доирасида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, шунингдек, атроф-муҳитни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда ЭКОСОС муҳим ўрин тутади.
Бешинчидан, 2024 йил 13 август куни Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан «Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими» резолюциясини қабул қилди. Мазкур резолюция шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биохилма-хилликни сақлаш ва тиклашга қаратилган Ўзбекистоннинг «Яшил макон» миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.
Резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, жумладан камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳиссаси алоҳида таъкидланган. Резолюция моҳият жиҳатидан инсон ҳуқуқлари таъминланишига иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатишни ҳам назарда тутади.
БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси бугунги кунда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Доиравий конвенцияси, Киото протоколи ва Париж битими қоидаларини амалга ошириш бўйича музокаралар жараёнининг олий органи ҳисобланади. Томонлар конференцияси ҳар йили ўтказилади ва унда раислик БМТ томонидан тан олинган бешта ҳудуддан бирига навбатма-навбат ўтади.
Бинобарин, 2024 йилда Озарбайжон 29-Томонлар конференцияси (CОP29) раиси этиб сайланди. Кенг мулоқот майдони сифатида COP29 конференциясида 198 мамлакатдан 50 мингдан ортиқ иштирокчи тўпланди.
Ўтган йил 11-22 ноябрь кунлари ўтказилган COP29 конференцияси доирасида Иқлим ўзгариши шароитида болаларнинг соғлиққа бўлган ҳуқуқларини таъминлаш мавзусида параллел тадбир бўлиб ўтди. Ушбу форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бутунжаҳон бола ҳуқуқлари куни ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Мамлакатимизда 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинди. Шу муҳим омил ҳам Ўзбекистон Президенти илгари сураётган ва изчиллик билан амалга оширилаётган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслар ўртасидаги узвий ҳамда мантиқий боғлиқликни яққол кўрсатиб турибди.
– БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачисининг юртимизга ташрифи ўтган йилнинг муҳим воқеалари сирасига киради. Шундай эмасми?
– Дарҳақиқат, Ўзбекистон таклифи билан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 2024 йил 19-30 август кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. У мамлакат парламенти, судлари ва ҳукумати аъзолари билан учрашди.
Жаноб Б.Ражагопал Ўзбекистонда сўнгги йилларда уйларни ўзбошимчалик билан олиб қўйиш ва бузишлардан ҳуқуқий ҳимояни яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозликда иштирок этишни таъминлашга қаратилган бир қанча янги қонунлар, айниқса, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганини олқишлади.
Бу бежиз эмас. Чунки янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигини, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга эса уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланишини белгиловчи норма назарда тутилган.
Мазкур конституциявий кафолатлар қонун ҳужжатлари билан янада мустаҳкамланган. Шу негизда юртимизда хусусий мулкнинг ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кафолатлари кучайтирилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Миллий марказга 2024 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачилари кўтарган масалалар ва якка тартибдаги мурожаатлар бўйича 20 та ҳужжат келиб тушди. Мазкур масалалар юзасидан тегишли маълумотнома тайёрланиб, Махсус маърузачиларга тақдим этилди.
Ўтган йил давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТнинг устав ва шартномавий органлари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 6 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинди.
Маълумки, 2024 йил 22 март куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси доирасида Универсал даврий ҳисобот юзасидан Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи тасдиқланди. Мамлакатимиз Универсал даврий ҳисобот тавсияларини мунтазам бажариб келмоқда.
Миллий марказ 2024 йилда халқаро ташкилотларнинг ҳамда ҳамкор хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботларида тақдим этилган маълумотларга шарҳлар тайёрлаш ишини ҳам давом эттирди. Хусусан, АҚШ Давлат департаментининг “2023 йил учун Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботи” ва “Human Rights Watch” халқаро ноҳукумат ташкилотининг 2023 йил учун ҳисоботи бўйича шарҳлар тайёрланди.
– Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ҳамкорликнинг яна қайси жиҳатларига тўхталишни истардингиз?
– Албатта, 2024 йил 13-14 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Форум БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, БМТнинг Тараққиёт Дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Ф.Эберт ва К.Аденауэр жамғармалари кўмагида ташкил этилди.
Анжуманда 200 нафардан ортиқ халқаро, минтақавий, хорижий ва миллий ташкилотлар вакиллари, мустақил экспертлар оф-лайн ҳамда он-лайн форматларда иштирок этди. Форум якунида “Иқлим ўзгаришлари шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак йўлидаги мажбуриятлар ва саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси” қабул қилинди.
Ўтган йил давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 7 та тадбир ташкил этилди. Европа Кенгаши Ҳамкорлик дастурлари бошқармасининг Марказий Осиё учун “Қонун устуворлиги” бўйича HELP дастури доирасида эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш ҳамда мазкур соҳада самарали ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Миллий марказга халқаро ҳамкорларнинг 20 га яқин ташрифи амалга оширилди. Ўз навбатида, Миллий марказ вакиллари Варшава, Женева, Москва, Санкт-Петербург, Бангкок, Нью-Йорк, Боку, Париж, Доха, Страсбург, Жидда, Ар-Риёд, Пекин, Остона шаҳарларида инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишлаб ўтказилган турли форумларда қатнашди.
Ўтган йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари талаблари, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини рўёбга чиқаришга доир миллий ҳаракатлар режалари бажарилишини мониторинг қилишда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бир қаторда 80 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам иштирок этди. Мониторинглар давомида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги ижроси атрофлича ўрганилди.
– Янги таҳрирдаги Конституциямиз ижросини таъминлаш бўйича инсон ҳуқуқларига оид қонун ижодкорлиги фаолияти ҳақида қандай фикр билдирасиз?
– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этилиши изчил амалга оширилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари инсон ҳуқуқлари бўйича экспертизадан ўтказилмоқда. Хусусан, 2024 йилда 69 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазкур экспертизадан ўтказилди.
Миллий марказ томонидан 2024 йилда 9 та Кодексни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди. Шунингдек, 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси экспертизадан ўтказилиб, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига таклиф ва тавсиялар тайёрланди ҳамда тегишли тартибда тақдим этилди.
Миллий марказ томонидан ўтган йилда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ишлаб чиқилди. Жумладан, “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, келишиш учун манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилди.
Айни вақтда “Фуқароларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.
– Ўтган йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қандай аҳамият касб этди?
– Миллий марказ 2024 йил давомида давлат органлари билан халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тавсияларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган 6 та миллий ҳаракатлар режаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш борасида яқин ҳамкорликда иш олиб борди. Йил давомида биргаликда 10 га яқин тадбир ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш юзасидан миллий маърузалар, миллий ҳаракатлар режаларини тайёрлаш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш, жойларга чиқиб ўрганиш, инсон ҳуқуқларини тиклаш борасида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш юзасидан тузилган ишчи гуруҳларнинг фаолияти бевосита масъул давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Миллий марказ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни ратификация қилиш юзасидан таклифларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлади. Қонунчилик ҳужжатларини инсон ҳуқуқларини таъминлашга мувофиқлиги нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тадбирларини ўтказишда Миллий марказ тегишли давлат органлари, таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилди.
Миллий марказ БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш юзасидан даврий маърузаларни, миллий ҳаракат режалари лойиҳаларини тайёрлаш, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши ҳолатини жойларга чиқиб ўрганишда фуқаролик жамияти институтлари билан бирга ишламоқда.
Миллий марказ фуқаролик жамияти вакиллари билан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсиялари амалга оширилишини мониторинг қилиш жараёнида ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 2024 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси нормалари амалга оширилиши бўйича 2 та мониторинг, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормалари амалга оширилиши бўйича 1 та мониторинг, “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” ўқув курсларини ўқитиш сифати бўйича 4 та мониторинг ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича 1 та мониторинг ўтказилди.
Миллий марказ фуқаролик жамияти институтлари билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат органлари ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун ўқув-семинарлар ва тренинглар ташкил этиш йўналишида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича даврий маърузаларини тайёрлашда фуқаролик жамияти институтлари иштирокида фуқаролик жамияти институтлари муқобил маърузалари тайёрланишини олқишлайди. Чунки бу инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилишига доир маълумотларнинг ишончлилик даражасини оширади ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беради.
Миллий марказ томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш, миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаларини тайёрлаш, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилишига бағишланган 10 дан ортиқ семинар-тренинг ташкил этилди. Ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда 100 дан зиёд фуқаролик жамияти институти вакиллари ўз таклиф ва мулоҳазалари билан иштирок этди.
– Жамиятда ҳуқуқий маърифат ва инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятни юксалтириш борасидаги ишларга қандай аниқ мисоллар келтириш мумкин?
– Миллий марказ 2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларaцияси қоидаларини амалга оширишда фаол қатнашди. Шу муносабат билан 2024 йилда 20 дан ортиқ малака ошириш курси, 50 дан зиёд семинар-тренинг, 2 та форум, 5 та конференция ҳамда 80 дан ортиқ ахборот-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўтган йилда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурида аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ошириш юзасидан бир қатор таъсирчан амалий чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 35 йиллиги, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 45 йиллиги ҳамда Қийноқларга қарши конвенция қабул қилинганлигининг 40 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурлари доирасида аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган маънавий-маърифий, ўқув, илмий ва оммабоп тадбирлар ташкил этилди.
Мамлакатимизда, шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари” ўн кунлиги эълон қилинди. Унинг доирасида барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарс ўтказилди.
Йил давомида 45 та халқаро ҳужжат давлат тилига таржима қилинди ва қайта таҳрир этилиб, 4 та тўплам ҳолида нашр этилди. Бу ўринда “БМТнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва одил судловга оид халқаро шартномалари”, “Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий шартномалари”, “1949 йил 12 августдаги Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколлар”, “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (ўзбек, қорақалпоқ, инглиз ва рус тилида)” номли тўпламлар ҳақида сўз бормоқда.
Яна бир муҳим натижа: 2024 йил 3 декабрь куни Тошкентда Инсон ҳуқуқлари уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. «Инсон ҳуқуқлари уйи» номи остида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилди ва ривожлантирилмоқда.
Ўтган йил давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини тарғиб этишга қаратилган 5 минг 719 та ахборот Миллий марказ расмий сайтига жойлаштирилди. Миллий марказ матбуот хизматининг ахборотлари, шунингдек, Ўзбекистон теле-радио каналлари, газеталар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва веб-сайтларда эълон қилинди. Инглиз ва рус тилларига таржима қилинган 210 тага яқин ахборот оммавий ахборот воситаларида кенг тарқатилди.
Миллий марказда БМТ томонидан белгиланган халқаро кунларга бағишланган мақолалар чоп этиш анъанаси йўлга қўйилган. Ўтган йил давомида 265 та мақола, интервью ва кўрсатувлар тайёрланди ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Миллий марказ томонидан ҳар йили 25 дан ортиқ номдаги нашр чоп этилади. Ўтган йил якунларига кўра, даврий нашрларни ҳисобга олмаган ҳолда, нашр этилган адабиётларнинг умумий ҳажми 363 босма варақни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023 йилда 221 босма варақ бўлгани инобатга олинса, айни соҳада ҳам изчил ўсиш кузатилганини кўриш мумкин.
Шундай қилиб, 2024 йилда геосиёсий қарама-қаршилик, ҳарбий можаролар авж олишининг салбий оқибатлари ва иқлим ўзгариши таҳдидларига қарамай, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Бинобарин, айни соҳа давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Ғулом МИРЗО суҳбатлашди
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 9 январ кунги 6 (1331)-сони
- Қўшилди: 09.01.2025
- Кўришлар: 575
- Чоп этиш