14 январь — Ватан ҳимоячилари куни
«Энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим. Шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак».
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев эълон қилган айни шу эзгу мақсадлар ижобати йўлида Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти ҳам тубдан ўзгарди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди. Бу жараёнда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз армиямизнинг ҳам қиёфасини тубдан ўзгартириш, қўшинлар жанговар шайлигини такомиллаштириш ва давлат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш учун улкан имкониятлар яратиб берди.
Айни чоғда дунёда кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, унинг турли кўринишдаги таҳдидлар фонида ривожланиш тенденциялари энг қимматли бойлигимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини англатмоқда. Бинобарин, соҳа экспертларининг эътирофича, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, ҳарбий округлар қўмондонликлари дунёда рўй бераётган қуролли тўқнашувларни таҳлил қилган ҳолда қўшинларни тайёрлашнинг энг мақбул йўналишлари ва мазмунини белгилаб, Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этаётгани бежиз эмас.
Шу маънода, ёшларимизнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият бериш олдимиздаги кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалардандир. Зеро, бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даври, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар биздан доим огоҳ ва ҳушёр бўлишни тақозо этмоқда.
Ҳозирги вақтда тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимиз Қуролли Кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинмоқда. Шундай масъулиятли бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак арзийди.
Қуролли Кучлар ташкил этилган сана ва Ватан ҳимоячилари куни билан боғлиқ байрам тадбирлари – ҳарбийларимизни шарафлаш, миллий армиямизнинг маънавий қудрати ҳақида сўз юритишнинг айни фурсатидир. Инчинун, биз орият ва ғурурни ҳамма нарсадан устун қўядиган, лафзи ҳалолликни шон-шавкат деб биладиган, бир сўзли халқмиз.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кейинги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армия ташкил этилди. Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналари муносиб давом эттирилмоқда.
Ушбу шавкатли аждодларимиз ўз замонасида нафақат одил ҳукмдорлар, айни вақтда енгилмас қўшинларнинг қўмондонлари ҳам бўлганлар. Улар ҳарбий қўшиннинг кундалик таълим-тарбияси, жанговарлик ҳолатини таъминлашга йўналтирилган жуда кўп ибратли ишларни амалга оширганлар.
Хусусан, Жалолиддин Мангуберди Чингизхонга қарши курашда қулликдан кўра ўлимни, мағлуб бўлишдан кўра имон-эътиқодни юқори қўйиб, ўз қўшинидаги ваҳима ва қўрқувни йўқота олган. Шахсий намунаси туфайли жасур бобокалонимиз қўшинидаги ватанпарвар жангчиларнинг бемисл қаҳрамонлиги инсоният иродаси ва бардошининг, Ватанга тикилган жонларнинг бетакрор тимсолига айланган.
Ўз навбатида, Амир Темур ҳазратлари ҳарбий хизматчиларининг ахлоқий-руҳий ҳолати билан шуғулланадиган махсус лавозимларни жорий қилмаган бўлсалар-да, барча поғонадаги ҳарбий мансабдорлар ўз бўйсунувидаги ҳарбий хизматчилар таълим-тарбияси бўйича иш олиб боришини таъмин этганлар.
Натижада Соҳибқирон бобомизнинг жанговар қўшини ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг мукаммал ва кучли армияси ҳисобланган. Хусусан, қўшиннинг руҳий тарбияси, қўшин таркиби, бошқарув шакли, унинг жанг олдидан саф тузилиши ва жойлаштирилиши юқори даражада ташкиллаштирилгани ҳатто душман синчилари томонидан ҳам эътироф этилган.
Миллий армиямиз тарихи ҳақида сўз борганда, 1992 йил 14 январдан мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказилганини таъкидлаш лозим. Ўша кундан эътиборан миллий армиямизга асос солинган.
Шундан сўнг 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун юртимизга ўз ҳарбий сиёсатини амалга ошириш ҳуқуқини берди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги баёнот мамлакатимиз Қуролли Кучларини тузиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз мудофаа тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада жанговарлиги, тактик маҳорати жиҳатидан ҳеч кимдан кам бўлмаган тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилди, Ватан ҳимоячиси бўлиш ҳар бир йигитнинг эзгу мақсадига айланди. Бугун ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли кафолатидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Қуролли Кучларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилган. Янги таҳрирдаги Асосий Қонунимизнинг 64-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”.
Шунинг баробарида, мудофаа ҳамда умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунлар Қуролли Кучларимиз ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўзида мужассам этган. Шу негизда мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, барқарор ва изчил демократик тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизни янада такомиллаштириш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Дунёнинг турли минтақаларида ўзаро низолар, нотинчликлар кузатилаётган бир пайтда юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, халқимиз фаровонлиги юксалиб бормоқда.
Истиқлол йилларида бундай ютуқлар ҳаётимизнинг барча соҳаларида бардавом бўлиб келмоқда. Буларнинг барчаси, сўзсиз, бизнинг катта бахтимиз. Бундай муваффақиятларга эришишда Ватанимиз сарҳадларини туну кун сергаклик билан қўриқлаётган ҳарбий хизматчиларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ҳақиқатан ҳам, миллий армиямизни такомиллаштириш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этишимизда ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда том маънода замонавий қурол-яроғ, техника ва етук ҳарбий мутахассисларга эга, энг юксак талабларга жавоб берадиган, юртимиз ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган профессионал Қуролли Кучлар барпо этилди.
Миллий армиямиз сафларида халқимиз фарзандларининг садоқат ва фидойилик билан хизмат қилиши учун барча шарт-шароит яратилди. Бинобарин, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш, халқимиз тинчлиги ва омонлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Янгича давр ҳарбийларимиздан нафақат жисмоний тайёргарликка, балки юксак ақл-идрок, интеллектуал салоҳият, алоҳида маънавий-руҳий хусусият ва фазилатларга эга бўлишни, ахборот-компьютер технологиялари сир-асрорини пухта билишни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, мустақил давлатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига жорий этилган қулайликлар собиқ тузум давридагидан тубдан фарқ қилади.
Ватан олдидаги муқаддас бурч ҳарбий хизматчидан метин ирода, бурчга садоқат, юксак билимни талаб этиши тайин. Боз устига, аскарларимиз қулай шарт-шароитга эга бўлса, бу уларни зиммаларидаги бурчни янада масъулият билан бажаришга ундаши табиийдир. Шу маънода, ҳарбийларимизни кўркам тураржойлар билан таъминлаш яхши йўлга қўйилгани диққатни тортади.
Айниқса, кейинги йилларда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган мард ва жасур ўғлонлар ҳамда уларнинг оилалари учун мўлжалланган кўплаб уй-жойлар қурилди. Бундай тураржойларда юксак талаблар ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида профессионал миллий армиямиз учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга жиддий аҳамият берилаётганини таъкидлаш фарз ва қарз, деб ўйлаймиз. Шу мақсадда юртимиздаги олий ҳарбий таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, курсантлар учун барча шароит яратилмоқда.
Муддатли ҳарбий хизматга жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли ёшлар саралаб олинмоқда. Бунда навқирон йигит-қизларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан сабоқ бераётган мутахассис ва захирадаги офицер педагоглар фаолиятининг асосий мезони ҳар бир ўқувчи қалбига ҳарбий бурч садоқатини сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат экани муҳим аҳамият касб этади.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, истиқлол йилларида профессионал миллий армиямизни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир. Бу, шунингдек, Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун нафақат бурч, балки ҳақиқий шон-шараф ишига, фарзандини армия сафларида кўриш эса ота-оналарнинг орзусига айланганидан далолат беради.
Энг асосийси, ўтган даврда миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ва матонат мактабига айланди. Фарзандларимизнинг ҳарбий хизматга, бошқача айтганда, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиши кучайди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар томонлама етук, жасур ва сергак ўғлонларимиз азму шижоатини кўрганда, кўнглимиз фахру ифтихорга тўлади. Ватанига, халқига садоқатли йигитлар хизмат қилаётган профессионал армиямиз – мустақиллигимизнинг, тинч ҳамда фаровон ҳаётимизнинг ишончли қалқонидир. Қолаверса, ота юртни, она тупроқни ҳимоя қилиш – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас ва шарафли бурчи.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 13.01.2025
- Кўришлар: 461
- Чоп этиш