Янги, 2025 йил инсониятнинг ҳаққоний ва холис ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқига тўғридан-тўғри дахл қиладиган бир қадар ташвишли янгиликлар билан бошланди. Гап шундаки, америкалик медиа магнат, интернет-тадбиркор, “Meta” платформаси раиси ва ижрочи директори Марк Цукерберг ўзи назорат қилувчи акциядори ҳисобланган интернет-платформалар Америка Қўшма Штатларида фактларни текшириш дастури фаолиятини тўхтатиши ҳамда “Facebook” ва “Instagram”да фикрлар билдирилишига чекловлар бекор қилиниши ҳақида баёнот берди.
Марк Цукерберг мазкур қарорини, биринчидан, ахборотни текшириш билан шуғулланадиган шахслар гўёки айни жараёнда сиёсий калтабинликка йўл қўйишлари эҳтимоли мавжудлиги билан изоҳлади. Иккинчидан, у ўз ўзини назорат қилиш ва тартибга солиш, охир-оқибат, ҳаддан ортиқ цензурага олиб келиши мумкинлигини даъво қилди. Шунинг учун “Meta” платформаларида яна эмин-эркин фикр билдириш амалиётига қайтишга чорлади.
Ушбу баёнот таҳлилига бағишлаб "The wall street journal" платформасида эълон қилинган мақолада қайд этилишича, ижтимоий тармоқлар компаниялари ўз платформаларида чоп этилган контентни ҳеч қачон тажовузкорона назорат қилишни исташмаган. Эндиликда эса бунга ҳожат ҳам қолмаяпти.
Ўз навбатида, Фактларни текшириш халқаро тармоғи (IFCN) Марк Цукербергнинг “уйдирма”дан иборат даъвосини инкор қилди. Бундай қарорнинг таҳликали оқибатлари борлигидан огоҳ этди.
Нима бўлганда ҳам, таҳлилчилар ҳақ: “Facebook” ва “Instagram” каби фойдаланувчилари ва обуначилари сонига кўра етакчи ўринда бўлган иккита йирик платформада контент мониторинги юритилмаслиги Интернетда "фейк"лар ҳамда дезинформация, яъни сохта ва ёлғон ахборотнинг кўпайиб кетишига олиб келади.
Муҳими, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк “Meta” томонининг фактларни текширишни тўхтатишга оид қарорига 2025 йил 10 январь куни Х платформаси орқали ўз муносабатини билдирди. БМТнинг бош ҳуқуқ ҳимоячиси қайд этганидек, ижтимоий тармоқлардаги нафрат ва адоватга гижгижлайдиган хабарлар "том маънода ёмон оқибатлар"га олиб келади ва шу боис компаниялар контентни тартибга солиш учун жавобгардир.
Фолькер Тюркнинг фикрича, бундай контентни тартибга солиш цензура ҳисобланмайди. Аксинча, ижтимоий тармоқларда нафрат кайфиятини қўзғайдиган чиқишларга йўл қўяр экан, ушбу компаниялар сўз эркинлигини чеклаган ва ўзларининг фойдаланувчиларига етказишлари мумкин бўлган “нақд зарар”ни билиб-билмаганга олган бўлиб чиқади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар таъкидлаганидек, ижтимоий тармоқ платформалари одамларни бирлаштириб, жамиятга ижобий таъсир кўрсатиш борасида улкан салоҳиятга эга. Бироқ улар низоларни келтириб чиқариши ва фойдаланувчилар хавфсизлигига чинакам таҳдид солиши ҳам мумкин.
"Идеал ҳолатда ижтимоий тармоқлар – бу турли қарашларга эга одамлар бир-бири билан келишмаган тақдирда ҳам ўзаро фикр алмашиши мумкин бўлган жой", деди Ф.Тюрк. Шунингдек, Олий комиссар рақамли маконни тартибга солишга ва шунга мос равишда оммавий очиқ мулоқотни ҳамда унинг барча иштирокчилари қадр-қимматини ҳимоя қилишга чорлашда давом этишини билдирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шубҳасиз, онлайн маконни доимий равишда кузатиб ва баҳолаб боради. Бу ҳақда БМТнинг Женева бўлими вакили Мишел Заккео тўхталди. Нуфузли халқаро ташкилотнинг телевидение, радио ва веб-трансляция учун масъул шахси: "Биз учун далилларга асосланган маълумотларни тақдим этиш ҳамон муҳим", деб уқтирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам соғлиқ ҳақида сифатли, илмий асосланган маълумотларни тақдим этишга содиқлигини тасдиқлади. Бундан ташқари, БМТ Глобал коммуникациялар департаменти рақамли дезинформация туфайли юзага келган айни инқирозга жавобан сохта маълумотларга қарши курашиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Бундай инқироз ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли ахборот соҳасида изчил илгарилаб бораётган Янги Ўзбекистон жамиятини ҳам сергак ва ҳушёр бўлишга ундаши табиий. Чунки бугунги кунда замондошларимиз, айниқса, ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳлари ва иш жойларида, балки радио-телевидение, матбуот, Интернет каби воситалар, яъни медианинг хилма-хил турлари орқали ҳам ранг-баранг ахборотларни олмоқда.
Глобаллашув ва ахборот асри одамзод учун қатор мўъжизавий қулайликлар яратган бўлишига қарамай, бир қанча муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Янгидан-янги коммуникация технологиялари томонидан беҳисоб ахборот оқими муҳим-номуҳимлик жиҳатидан муайян тизимга солинмасдан, палапартиш ҳолда таклиф этилаётгани кутилмаган жиддий муаммо – ахборот етишмаслигини келтириб чиқармоқда. Яъни, фойдаланувчилар ўзига керакли ахборотни топиб олиши тобора мураккаблашиб бормоқда.
Медиа томонидан ана шу кўп миқдордаги ахборотлар орқали акс эттирилаётган воқелик – кўпинча “ҳақиқий” воқелик эмаслигининг ўзи яна бир муаммодир. Янги медиаларда ягона тил ва ягона маданиятнинг яққол устунлик қилиши мисолида фойдаланувчиларга ахборот босими ўтказилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Афсуски, замонавий технологияларни чуқур эгаллаган ёшларнинг аксарияти ўзларига тақдим этилаётган ахборотнинг асл маъносини, туб мазмун-моҳиятини холис баҳолаш ва тўғри илғаб олиш учун етарлича кўникмага эга эмас. Қолаверса, хорижий экспертларнинг фикрича, бугунги кунда дунёда рақамли медиадан фойдаланиш имконига эга бўлмаган кишилар ва (ёки) медиа маҳсулотлари мазмунини танқидий баҳолаш кўникмаси шаклланмаган фойдаланувчилар ўртасида янги социал портлаш юз бериши таҳдиди ҳам мавжуд.
ЮНЕСКО яқинда ўтказган тадқиқотга кўра, инфлюенсерлар, яъни блогерлар 62 фоиз маълумотни улашишдан олдин текширмайди. Бу ҳол, албатта, дезинформация тарқалишига ва жамоатчилик ишончининг пасайишига олиб келади. Шунинг учун ушбу халқаро ташкилот: "Медиасаводхонлик ва фактларни текшириш муҳим, акс ҳолда, ижтимоий тармоқлардаги ахборот ишончсиз бўлиши мумкин", деган огоҳлантириш билан чиқди.
Шу маънода, халқаро миқёсда контентлар модерацияси таназзулга учраётган ҳозирги ташвишли даврда жамиятимизда ушбу йўналишда бир қатор фикр-мулоҳазалар муҳокама қилинаётгани эътиборга лойиқ. Улардан айримларига мухтасар тўхталамиз.
Биринчи мулоҳаза. Мустақиллик йилларида таълим, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари тизимлари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Шу билан бирга, “медиатаълим”, “медиасаводхонлик”, “медиамаданият” деган тушунчалар, уларнинг қўлланиши билан боғлиқ норма ва қоидалар миллий қонунчилигимизда ҳали мавжуд эмас.
Ваҳоланки, бу атамалар халқаро ҳуқуқда узоқ йиллардан буён истеъмолда бўлиб, улар бир қатор халқаро-минтақавий ҳужжатларда ўз аксини топган. Масалан, "Грюнвалд медиатаълим декларацияси" (1982 йил), "Рақамли даврда медиатаълим" (Вена конференцияси тавсияномалари. ЮНЕСКО, 1999), Европарламентнинг 2008 йил 16 декабрдаги Рақамли технологиялар дунёсидаги медиасаводхонлик бўйича қарори (2008/2129(INI)), Европа Комиссиясининг 2007 йил 20 декабрдаги "Рақамли технологиялар дунёсида медиасаводхонликка Европа ёндашуви" номли баёноти (CОМ(2007)0833), "Парламент Ассамблеясининг Медиатаълим бўйича тавсияномалари" (Европа Кенгаши, 2000 йил 6 июндаги 8753-сонли ҳужжат) шулар жумласидандир.
Шундай экан, миллий қонунчилик ҳужжатлари “медиатаълим”, “медиасаводхонлик”, “медиамаданият” тушунчалари ва уларга тааллуқли илғор нормалар билан тўлдирилиши ўринлидир. Хусусан, лойиҳаси муҳокама қилинаётган Ахборот кодексида миллий манфаатларимиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган бу борадаги қоидалар ўз аксини топиши лозим, деб ўйлаймиз.
Иккинчи мулоҳаза. Янги Ўзбекистон таълим тизимига “медиатаълим”, “медиасаводхонлик”, “медиамаданият” тушунчаларини ўргатадиган махсус ўқув дастури киритилиши керак. Бу соҳадаги билимларни ўқитиш ва ўргатиш ўқувчи-талабаларда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш орқали рақамли дунёда янада масъулиятли фойдаланувчи бўлишга ёрдам бериши, уларнинг ижтимоий-маданий салоҳиятини кучайтириши ва пировардида ўсмирлар ва ёшларнинг тўғри ахборотни танлаш қобилиятини ошириш орқали жамиятнинг умумий ахборот хавфсизлигига ҳисса қўшиши тайин.
Зеро, “Медиатаълим” (media education) – медианинг барча турлари ва технологиялари билан боғлиқ тушунча бўлиб, у медиаматнларни таҳлил қилиш, танқидий мушоҳада этиш ва медиаматнлар яратиш; медиаматнлар манбаларини аниқлаш, уларнинг замиридаги сиёсий, ижтимоий, тижорий ва/ёки маданий манфаатларнинг туб мазмун-моҳиятини англаб олиш; медиаматнларни ва медиа томонидан тарғиб этилаётган қадриятларни тўғри талқин этишга доир билим ва кўникмаларни шакллантиришни англатади.
Учинчи мулоҳаза. Интернетдан фойдаланишда танқидий фикрлаш ва ишончли манбалардан фойдаланишни ўрганиш жамиятимизнинг ҳамма аъзолари учун бирдек жуда муҳимдир. Нега деганда, ёлғон ахборотнинг "қурбони"га айланмаслик учун ҳар бир маълумотни “фактчекинг қилиш”, яъни текшириш талаб этилади. Акс ҳолда, глобал ахборот ва рақамли асрда "фейклар гирдоби"га тушиб қолиш ҳеч гап эмас.
Шу нуқтаи назардан, медиасаводхонликни ошириш – узлуксиз жараён бўлиб, жамиятнинг барча қатламларини жалб этадиган даражада кенг қамровли бўлиши мақсадга мувофиқдир. Айниқса, давлат институтлари, оммавий ахборот воситалари ва жамият ўртасида соғлом тамойиллар ҳамда самарали мулоқотга асосланган коммуникацияни ўрнатиш, контент ишлаб чиқишда оммавий ахборот воситаларининг профессионаллигини ошириш бу йўналишда катта аҳамиятга эга.
Миллий экспертлар фикрича, рақамли асрда дипфейк (сунъий интеллект ёрдамида инсоннинг юз ифодалари, овози ва ҳатто ҳаракатларини сохталаштирувчи технология), кибержиноят ва бошқа шаклларда тобора мураккаблашиб бораётган дезинформацион оқимларга қарши курашиш масаласи ҳар қачонгидан-да долзарблиги, аҳоли медиасаводхонлигини ошириш самарали ечимлар қаторига киради. Бинобарин, дезинформация оқибатлари оммавий ахборот воситалари доирасидан анча четга чиқади ва:
· анъанавий оммавий ахборот воситалари ва институтларига бўлган ишончга путур етказади;
· ижтимоий низоларни келтириб чиқаради;
· жамиятнинг қутбланишини кучайтиради;
· одамларнинг сиёсат, соғлиқни сақлаш ва экология каби муҳим соҳаларда асосли қарорлар қабул қилишига тўсқинлик қилади.
Мухтасар айтганда, медиатаълим, медиасаводхонлик ва медиамаданият нафақат тўғри ахборот манбаларини танлашга ёрдам беради, балки жамиятнинг соғлом ва масъулиятли фуқароларини тарбиялашда ҳам қўл келади. Бинобарин, холис, далилларга асосланган, ишончли ахборотни тезкор етказишда ижтимоий тармоқлардан, сунъий интеллектдан оқилона ва унумли фойдаланиш жамият фаровонлиги ҳамда мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидандир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 14.01.2025
- Кўришлар: 299
- Чоп этиш