Сенат болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширадиган қонунни маъқуллади

24-25 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Сенаторлар томонидан дастлаб “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди. 

Бугун дунёда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, ёшлар орасида турли ёт ғоялар тобора кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бу эса мамлакатимизда бундай ҳолатларни ўз вақтида олдини  олиш ва уларга барҳам  бериш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдига янги вазифаларни  қўймоқда. 

2024 йил 5 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари (катта инспектор-психологлари) лавозимлари Миллий гвардия тузилмасига ўтказилганлиги ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг узвий давомидир. 

Мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди, шунингдек, вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари жорий этилди. 

Ушбу бўлинмалар томонидан мактабларда ахлоқий-психологик муҳитни яхшилаш, ўқувчилар ўртасида назоратсизликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, ўқувчиларда ватанпарварлик, Ватанга садоқат ҳиссини шакллантириш, уларда қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

Шу билан бирга, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш, шунингдек, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давоматини яхшилаш бўйича энг асосийси “Хавфсиз мактаб” концепцияси мисолида мактабларда хавфсизликни таъминлаш учун муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Янги ташкил этилган лавозимларда хизмат қилувчи шахсларга, шу жумладан, вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологларга ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини бериш зарурати юзага келмоқда.

Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган 44 минг 450 та ҳуқуқбузарликни аниқлаб, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилишини таъминлаган ҳамда ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хати ёзилган.

Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келмоқда. 

Бироқ инспектор-психологлар томонидан вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш учун таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий жазо чоралари қўлланилиши – инспектор-психологларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфлашига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу боис мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан умумтаълим мактабларида хизмат қилувчи вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шунингдек, мактабларда психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифаларни самарали амалга оширишга зарур шарт-шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилди. 

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та масала, шу жумладан, 18 та қонун кўриб чиқилди, дейилади Сенат Ахборот хизмати хабарида.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech