Суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари мустаҳкамланмоқда

Куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз суд тизимида тергов судьяси лавозимини жорий этишни кўзда тутадиган қонун маъқулланди. Бу ўринда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳақида сўз бормоқда.

Ялпи мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” принципи асосида янги босқичга кўтариш, суд органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ислоҳотлар натижасида суд-тергов амалиётида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган самарали механизмлар ишлаб чиқилди. 

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд томонидан ишончли таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида ушбу қонун билан тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар, дейилади, дейилади Сенат Ахборот хизмати хабарида.

Бу ҳақда сўз борганда, парламентнинг Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида ҳам инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатлаш, шунингдек, жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилганини ҳақида ҳам тўхталиш лозим.

Қуйи палата депутатлари, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциянинг 28-моддасида жиноят суд ишларини юритиш соҳасида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган янги конституциявий асослар белгиланган. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ифодаловчи нормаларни бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс эттиришни тақозо этмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз, деб ҳисобланиши белгиланяпти.

Гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги ўз аксини топмоқда.

Бундан ташқари, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор, деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кўзда тутилмоқда. Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.

Муҳокамаларда депутатлар айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади ва масъуллардан тегишли жавоблар олди. Қайд этилдики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Конституциямизнинг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишига, фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилади. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу маънода, мажлисда жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлгани табиийдир.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга тегишли қўшимчалар киритиш орқали, шахсни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Тиббий кўрик давомида шахснинг танасида жароҳат ва шикастланишлар аниқланган тақдирда зудлик билан прокурорга хабар берилиши тартиби ўрнатиляпти.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қамоққа олинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш билан боғлиқ қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади. Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди, дейилади Қонунчилик палатаси Ахборот хизматининг хабарида.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech