Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида, жумладан, икки давлат ўртасида сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. ЎзАнинг навбатдаги суҳбатдоши – “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фарруҳ Ҳакимов айни мавзуни таҳлил қилади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Абу-Даби, Дубай шаҳарларида ташкил этилган музокара ва учрашувларда БААнинг етакчи компаниялари билан илғор технологияларни ривожлантириш ва турли соҳаларга муваффақиятли жорий этишга қаратилган стратегик шерикликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди. Хусусан, генератив сунъий интеллектни ишлаб чиқиш, жумладан энергетика соҳасида “катта тил моделлари”ни қўллаш, Тошкентда йирик маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Генератив сунъий интеллект (GenAI) – матн, тасвир ва бирлаштирилган медиа контентни уйғунлаштириш технологияси.
“Катта тил моделлари” – ҳажми катта ёрлиқсиз матнга ўргатилган, кўплаб параметрли, одатда миллиардлаб нейрон тармоқдан ташкил топган тил модели.
Бугунги кунда сунъий интеллект барча жабҳаларни қамраб олмоқда. Илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган шароитда ривожланган мамлакатларда давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, бандлик, қишлоқ ҳўжалиги, мудофаа, хавфсизлик, туризм каби муҳим соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва СИ имкониятидан кенг фойдаланиш урфга кирмоқда.
Юртимизда ҳам ахборотлаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар инновацион тараққий этган етакчи давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Президентимизнинг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга замонавий технологияларни жорий қилишга қаратилган.
Сунъий интеллектнинг ўзи нима?
Замонавий сунъий интеллект турли амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ва дастурий тизимлардан иборат бўлиб, инсон онги бажара оладиган қатор вазифаларни ахборот базасига киритилган маълумот асосида ечади. Шунингдек, мураккаб таҳлил ва кўп маълумот билан ишловчи дастурларни бирлаштириб, мантиқий изчил мулоҳаза юритиш ҳамда тавсия бериш қобилиятига эга “ақлли” технология ҳисобланади. Мутахассислар СИни тўртинчи саноат инқилоби асоси сифатида баҳоламоқда.
БААга олий даражадаги ташриф давомида бевосита сунъий интеллект, рақамлаштириш, рақамли трансформация, янги технологияларни яшил иқтисодиётда қўллаш каби долзарб масалалар кўтарилди. Энг мақбул тажрибани қўллаш, технология соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Муҳаммад бин Зоид номидаги Сунъий интеллект университети билан бирга илмий-тадқиқот лабораторияларини ишга тушириш, технология кластерлари ташкил этиш ва контактсиз тўлов амалиёти учун инновацион ечимлар жорий этиш режалари ҳам эътибор марказида бўлди.
Муҳаррама Пирматова,
Дониёр Якубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 28.01.2025
- Кўришлар: 886
- Чоп этиш