Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилди.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби давлат органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятда қонунийликни таъминлаш, адолатни қарор топтириш орқали инсон қадр-қимматини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган муносиб ҳиссаси, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки ҳамда таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан юксак мукофотга сазовор бўлди.
28 январь куни таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат юридик университетида бўлиб ўтган маърифий тадбирда Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев давлатимиз раҳбарининг табриги ва фармонини ўқиб эшиттирди. Сўзга чиққанлар юбилярнинг жамият ва давлат олдидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу маърифий тадбир ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. Тадбирда Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон суд тизимидаги шиддатли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган устоз Убайдулла Мингбоев моҳир ҳуқуқшунос, тажрибали судья ва покдил, фидойи, юксак маънавиятли ҳамда адолатпарвар ёши улуғ ватандошимиз сифатида мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ идораларида қарийб 60 йилдан буён фаол меҳнат қилмоқда.
Убайдулла ака ўз касбини улуғлаш масаласига нафақат амалий, айни чоғда ижодий жиҳатдан ҳам муносиб улуш қўшиб келаётганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. У киши соҳанинг тарихи ва истиқболларига, бугунги кунда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига оид кўплаб рисолалар муаллифи ҳисобланади.
Таниқли ҳуқуқшунос Убайдулла Мингбоевнинг қарийб олтмиш йиллик самарали фаолияти бугунги ва келажак авлодлар учун суд тизими, судьялик касби, судьянинг вазифаси ва масъулияти ҳақидаги етарлича фойдали ҳамда ибратли маълумотлар хазинасидир. Президентимиз таъкидлаганларидек, «Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат».
Маълумот учун: “Куч – адолатда” газетасининг 2025 йил 24 январь сонида академик А.Саидовнинг “Одил судловнинг мақсади – адолат ва инсонпарварлик” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақола Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Мингбоев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.01.2025
- Кўришлар: 969
- Чоп этиш