Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг юқори натижаларга эришган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди

ТОШКЕНТ, 29 январь. /"Дунё" АА/. Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида бугун 1995 йил 15 сентябрда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллигига бағишланган тадбир доирасида "Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияномли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 сентябрь – 11 октябрь кунлари бўлиб ўтган 57-сессиясида "Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинганига эътибор қаратди. Мазкур халқаро ҳужжатларда барча давлатларнинг хотин-қизларни инсон ҳуқуқларидан тўлиқ ва тенг равишда фойдаланишини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари мустаҳкамланганлигини таъкидлади.

 

Тадбирда, шунингдек, мазкур халқаро-ҳуқуқий воситалар ўтган даврда бутун дунё миқёсида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ривожига сезиларли ҳисса қўшгани эътироф этилди. Шу жумладан, ўтган йили 1979 йилда қабул қилинган ва 1981 йилда кучга кирган "Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги конвенция (CЕDАW)нинг 45 йиллиги кенг нишонлангани қайд этилди.

 

CЕDАW хотин-қизларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларига бағишланган халқаро қонун сифатида эътироф этилган. Бугунги кунда CЕDАW 189 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон томонидан 1995 йилда ратификация қилинган. БМТнинг Хотин-қизларни камситишга барҳам бериш қўмитасининг ташкил этилиши ҳам муҳим воқеа бўлиб, иштирокчи-давлатларга гендер тенгликка эришиш доирасида миллий қонунчилик манбаларини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

 

CЕDАWнинг асосий принцип ва қоидалари миллий қонунчилигимизда ва янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида ўз ифодасини топган. Хусусан, Конституциянинг 42 ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитлари яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга оид 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу ўринда, аввало, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида", "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида" ҳамда "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги янги қонунлар ҳақида сўз бормоқда.

 

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, "Ўзбекистон–2030" стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ҳисобига гендер тенгликка эришиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги ҳуқуқий асослар тубдан мустаҳкамланди.

 

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш ва уларнинг давлат функцияларини тартибга солишга қўшган ҳиссасини ошириш бўйича фаол ишлар ўз самараларини амалда намоён этмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етказилди. Янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Тадбиркор аёллар сафи 37 фоизга кўпайди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

 

Тўплам тақдимоти Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида ташкил этилган биринчи тадбир бўлди. Давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар мутахассислари, ҳуқуқшунослар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда гендер тенглик масалаларига қизиқадиган жами китобхонларга мўлжалланган мазкур тўпламдан Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг ўзбек, қорақалпоқ, инглиз ва рус тилларидаги матни жой олган.

 

Тадбирда Янги Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш борасидаги ислоҳотлар БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро индексларда акс эттирилаётгани таъкидланди. Мамлакатимиз 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Натижада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни банд этди.

 

Шунингдек, ўтган йилда юртимиз Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонун" индексида 48 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади. Ўзбекистон аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасида энг катта натижаларга эришган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди.

 

Тақдимотда сўзга чиққан миллий ва халқаро экспертлар Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий, узвий ва изчил давом эттирилаётганига эътибор қаратиб, бу борадаги самарали саъй-ҳаракатлар миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда кенг қўллаб-қувватланаётганини эътироф этдилар. Бундай оқилона ва инсонпарвар сиёсат туфайли мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ишлари том маънода янги босқичга кўтарилгани юқори баҳоланди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech