Қўпол сўзлардан тилимизни ҳам, дилимизни ҳам асрайлик

3 февраль – Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш куни

 

Қўпол, беадаб сўзлар ижтимоий ҳаётимиздаги барча муҳим мезонлар – жамиятнинг ҳуқуқий, маънавий, ахлоқий ва диний асосларига хилофдир. Шунга қарамай, одамзот кўп ҳолларда ёмон сўзларни айтишдан ўзини тия олмайди.

Бир киши умри давомида ўртача 230 минг мартагача беҳаё, дағал ва ҳақоратли сўзларни ишлатар экан. Бу – инсоннинг 75 ёшга киргунига қадар кунига тахминан 10 марта сўкиниши, деганидир.

Бундай пайтда тилнинг зарари ва хатари улкан бўлиб, у инсонни ваҳший йиртқичдек жароҳатлайди, илондек заҳарлайди, оловдек ёндиради. Қилич билан берилган жароҳат шифо топиши мумкин, тилнинг жароҳатига эса даво йўқ.

Шу маънода, ҳар йили 3 февралда Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш куни кенг нишонланиши бежиз эмас. Ушбу халқаро санани нишонлашга сабабчи омилларнинг тарихи олис мозийга бориб тақалади.

Масалан, “My-calend” сайти маълумотларига қараганда, беадаб сўз ва ибораларнинг кўплиги бўйича инглиз тили – биринчи, голланд тили – иккинчи, рус тили – учинчи ўринда туради. Ҳатто, русларнинг қайин пўстлоғига битилган XII асрга мансуб тарихий ёрлиғида беадаб иборалар учрар экан.

Афсуски, бу борада ўзимизнинг ўтмишимизда ҳам вазият унчалик қойилмақом бўлган эмас. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим).

Ушбу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шу боис баъзида жим туриш, сукут сақлаш билангина тил хатаридан нажот топиш мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, беадаб сўзларни кўп ишлатадиган одамларда:

биринчидан, мия фаолияти сусайиши кузатилади, чунки сўкиниш ва ҳақоратлаш ҳар доим босиқ мулоҳаза юритиш ҳамда мантиқли фикрларни ўйлаб топишдан кўра осон бўлиб, бош қотиришга ҳеч қандай ҳожат қолмайди;

иккинчидан, нутқ маъно-мазмуни саёзлашиб кетади ва атрофдаги тингловчиларга манзур бўлмайди, ҳатто уларнинг нафратини қўзғайди;

учинчидан, беадаб сўзлар учун қонуний жавобгарлик юзага келади.

Бугунги кунда кўча-кўйда ва жамоат жойларида ўзини тута олмайдиган, қизиққонлик билан тилига “эрк берадиган” одамларга нисбатан қонунчилигимизда тегишли чоралар белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси талабига кўра, бундай номақбул хатти-ҳаракат “майда безорилик” сифатида баҳоланади.

Мазкур Кодекснинг 183-моддасига мувофиқ, “Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Миллий қонунчиликда, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қимматини бадном этиш, туҳмат ва ҳақорат қилиш каби нобоп хатти-ҳаракатлар учун янада қатъий жазо чоралари белгиланган. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасида кафолатланганидек, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас”.

Шуни ҳам айтиш жоизки, кимлардир ҳар гал ушбу сана – Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш кунида айрим “оғзи бузуқ” танишларини инсофга чорлаш учун расман “оламшумул фурсат” етди, деб ҳисоблайди. Яна кимлардир эса шундай шармандали воқеликка халқаро сана бағишланганидан энсасини қотиради.

Бугун биз масаланинг бутунлай бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз. Гап шундаки, айни сана инглиз тилида “World Anti-Profanity Day” деб номланган. Бу ерда: World – Бутунжаҳон; Anti – қарши; Profanity – ҳақорат, сўкиниш, беадаб сўз ва иборалар; Day – кун, дегани.

Мазкур сананинг русча номланиши эса қуйидагича: “Всемирный день борьбы с ненормативной лексикой”. Буни ўзбек тилига: “Бутунжаҳон меъёрга солинмаган сўз-ибораларга (ноадабий нутққа) қарши кураш куни” деб сўзма-сўз таржима қилиш мумкин.

Бунда инглизча номга нисбатан русча номда қамров анча кенгайган. Яъни, “ненормативная лексика” – ғайримеъёрий, ноадабий нутқ деганда, асосан: сўкинишли сўзлар; ҳақоратли иборалар; қўпол ифодалар; паразит сўзлар; жаргон, сленг ва арго; шева ва лаҳжаларга мансуб сўзлар тушунилади.

Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш куни доирасида сўкинишли сўзлар, ҳақоратли иборалар, қўпол ифодалар, ҳатто паразит сўзларнинг қўлланишига қарши кураш олиб борилади. Бу тушунарли.

Аммо, нима учун жаргон, сленг, арго, шева ва лаҳжаларга қарши курашишимиз керак? Ахир, ноадабий нутққа мансуб бўлган ушбу лисоний тизимлар адабий тил билан уйғунликда миллий тилнинг асоси ҳисобланади-ку!

Шева – тилнинг фонетик, грамматик ва луғавий жиҳатдан ўзига хос хусусиятларга эга бўлган энг кичик ҳудудий кўриниши – сезиларли лисоний тафовутлари бўлмаган бир ёки бир неча аҳоли маскани, одатда, қишлоқда яшовчиларнинг сўзлашув воситасидир.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да таърифланганидек, шева – умумхалқ тилининг маълум ҳудудга мос тармоғи, маҳаллий тил.

Лаҳжа – умумхалқ тилининг қуйи босқичи ҳисобланади. У шевага нисбатан кенг маънога эга бўлиб, маҳаллий диалект, яъни сўзлашув тилининг бир неча шевалар йиғиндисидан таркиб топади.

Ўзбек тилида 3 та асосий лаҳжа фарқланади: биринчиси – қорлуқ-чигил-уйғур лаҳжаси; иккинчиси – қипчоқ лаҳжаси; учинчиси – ўғуз лаҳжаси.

Диалект – лаҳжанинг синоними, умумхалқ тилининг муайян чегараланган ҳудудда жойлашган кишилар жамоасида бевосита алоқа воситаси сифатида қўлланувчи ва нисбатан яхлит лисоний тизим билан ажралиб турувчи кўриниши.

Жаргон – бирон ижтимоий ёки профессионал гуруҳга хос, фақат уларнинг ўзи тушунадиган ва лексикаси, фонетикаси, грамматикаси билан адабий тил ҳамда маҳаллий диалектлардан фарқ қиладиган тил. Масалан, талабалар, ҳарбий хизматчилар, турли касб, машғулот эгалари орасидаги жаргон сўз ва иборалар шу жумладандир.

Бундай жаргонларни кучли ривожланган ва аниқ терминларга эга бирор касб тили билан аралаштирмаслик лозим.

Сленг – жаргоннинг синоними бўлиб, муайян гуруҳ ёки касб вакилларининг адабий нутқ талабларига жавоб бермайдиган оғзаки сўзлашувига хос сўз ва ибораларни англатувчи тушунча.

Ушбу инглизча сўз 1756 йилга мансуб “Ўғри ва безориларнинг сўзлашув тили” луғатида ҳам учрайди. Ўз навбатида, “сленг” сўзи 1801 йилдан буён ҳар қандай ижтимоий ёки профессионал гуруҳларнинг жаргон тилини ифодалашда қўлланиб келмоқда.

Арго (франц. argot – жаргон) – маълум тоифа кишиларгагина тушунарли сўзлар мавжудлиги билан умумхалқ тилидан фарқ қилувчи, бирор ижтимоий гуруҳ, масалан, даллоллар, спортчилар, талабалар, ўғрилар ва ҳоказоларга хос ясама тил.

Маълумки, миллий тил тушунчасининг ҳажми ва қўлланиш доираси кенг бўлиб, лаҳжа ва шеваларни ҳам қамраб олади. Шевалар адабий тил тушунчасига кирмайди, бироқ улар тилнинг қуйи шакли ва тармоқлари ҳисобланиб, адабий тилни бойитиш учун хизмат қилади.

Лаҳжалар эса ўзбек халқи ва тилининг пайдо бўлиши ҳамда ривожланишида етакчи ўрин эгаллаган, ҳозирги ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ундаги айрим лисоний ҳодисаларнинг барқарорлашишида иштирок этган. Ўзбек адабий тили бугунги кунда ҳам лаҳжалардаги энг ифодали, кўп маъноли сўзлар ва иборалар, мақбул грамматик шакллар ҳисобига бойиб бормоқда.

Албатта, ушбу жараёнда миллий тилнинг узвий қисми бўлган жаргон, сленг ва арго каби тил тизимлари ҳам ўз ўрни ҳамда аҳамиятига эга. Масалан, жаргонлар бадиий ижодда асар қаҳрамони хусусияти, табиатини очиб бериш учун хизмат қилади.

Сленг ва аргодан эса қизиқчи-ю аскиячиларимиз ўз ижодий чиқишларини бойитишда кўп фойдаланмоқдалар. Умуман, жаргон, сленг, аргога хос сўз ва иборалар кундалик ҳаётимиздаги жонли мулоқотларнинг бир узвига айланиши ҳозирги глобаллашаётган дунёмиз учун одатий ҳолдир.

Хулоса қилиб айтганда, Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш кунида теварак-атрофимизда сўкинишли сўзлар, ҳақоратли иборалар, қўпол ифодалар, паразит сўзларнинг қўлланишига қарши курашайлик. Бунинг учун, авваламбор, яқинларимизни жамоат жойларида ўзини тута билишга ўргатишимиз, оилада бу борада пухта ўйланган тарбиявий ишларни олиб боришимиз лозим.

Бу жараён тегишли давлат сиёсатини амалга оширадиган ташкилотлар, таълим муассасалари ва диний идораларнинг ҳам доимий эътиборида бўлиши зарур. Токи, беадаб сўзлар таъсиридан тилимизни ҳам, дилимизни ҳам поклашга эришайлик.

Лекин, адабий нутқ сирасига киритилмаган бўлса-да, жаргон, сленг, арго каби ясама тил тизимларига мансуб сўзу иборалар беадаб сўзлар ҳисобланмаслигини ва улардан жамоат жойларида фойдаланиш тақиқланмаганини унутмайлик. Бинобарин, жаргон, сленг, арго – ижтимоий ахлоқ-одоб меъёрларига хилоф эмас.

Шу билан бирга, шева ва лаҳжалар мисолидаги ўзига хос ранго-ранг “сўз сандиқлари”дан она тилимизни, адабий нутқимизни, замонавий сўзлашув услубимизни янада бойитиш, енгиллаштириш ва қулай қилишдек эзгу мақсад йўлида фойдаланиш ўринли, деб ўйлаймиз. Хитойлик мумтоз донишманд Чжан Чао таъбири билан айтганда, “Кўз ўзини кўра олмайди, бурун ўзини ҳидлай олмайди, тил ўз мазасини била олмайди, бармоқ ўзига бармоқ тегиза олмайди, фақатгина қулоқ ўзини эшита олади. Сўзнинг қудрати чексиздир”.

 

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech