Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқларига оид янги нормалар, хусусан аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб нормалар ўз аксини топган.
Ўзбекистон Республикасида оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир. Бу кафолат Конституциямизнинг 78-моддаси ва Оила кодексининг 4-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган.
Онанинг муқаддас инсон сифатида иззат-ҳурматга сазовор бўлиши умумбашарий, ахлоқий қоидалар билан ифодаланади. Оналик давлат томонидан муҳофаза қилинади ва рағбатлантирилади.
Давлатимизда оила қонунчилигининг асосий тамойилларидан бири – она ва болага ғамхўрликдир.
Фуқаро Д.Н. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ариза билан мурожаат қилиб, Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қароридан норозилигини билдириб, қарор бекор қилинишида ва оналик ҳуқуқи ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўраган.
Суд қарори билан даъвогар Д.З.нинг (собиқ эри) жавобгар Д.Н.га нисбатан “Болани ўз тарбиясига олиб бериш ҳақида”ги даъво аризаси қаноатлантирилган.
Ҳали 5 ёшга тўлмаган болани жавобгардан даъвогар тарбиясига олиб бериш белгиланган. Тарафларга келгусида ўзаро келишувга асосан боланинг манфаатларига таъсир кўрсатмаган ҳолда бола билан учрашиш тартибини белгилаш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.
Д.Н.нинг эри билан бирга яшашлари давомида қайнонаси доимий равишда камситиб, хўрлаб келганлиги, эри эса психотроп моддалар қабул қилиши, бир марта наркология диспансерига ҳам ётиб даволанганлиги, унинг салбий хатти-ҳаракатлари, оиласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминламаганлиги, аёл қайнонасининг хўрлашларига чидамасдан онасининг уйига кетиб қолгани ва бирга яшамаслиги, эри суднинг алимент ундириш билан боғлиқ қарорини бажармаётганлиги сабабли 32 млн сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги вужудга келганлиги ҳақидаги кўрсатувлари судда эътиборга олинмаган.
Фуқаролик-процессуал кодексининг 3722-моддасида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, суд ҳужжатида баён этилган суд хулосаларининг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, билдирилган талаб бўйича суд томонидан суд ҳужжатининг қабул қилинмаганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги суд ҳужжатини апелляция, кассация ва тафтиш тартибида бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 3-бандига кўра, суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.
Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олиши кўрсатилган.
Тақдим қилинган ҳужжатлар ўрганиб чиқилганда, қарздор Д.З. ундирувчи Д.Н. фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент қарздорлиги 32.146.624 сўмни ташкил қилганлиги аниқланди. Қисқача айтганда, Д.Н.нинг узоқ йиллар мобайнида фарзанди учун ҳам оталик, ҳам оналик вазифасини ёлғиз ўзи бажарган.
Ўрганиш натижасига кўра, Миллий марказ томонидан 3 нафар вояга етмаганнинг онаси Д.Н.нинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида кафолатланган ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши мақсадга мувофиқ деб топилди ва Тошкент шаҳар судига тавсия киритилди.
Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан иш қайтадан кўрилиб, Д.Н.нинг боласи унинг ўз қарамоғида қолдирилишини таъминловчи суд ҳужжати қабул қилинди.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 03.02.2025
- Кўришлар: 346
- Чоп этиш