6 февраль – Бутунжаҳон мобил
телефондан воз кечиш куни
ХХ аср бошларида яшаб ўтган америкалик ёзувчи Амброз Бирс: “Телефон – сизга ёқмайдиган кимсаларни эшитмаслик имкониятидан маҳрум қилган шайтон қурилмасидир”, деган экан. Ушбу таъриф мисолида кейинги бир аср ичида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юз берган юксак тараққиёт туфайли телефоннинг инсониятга фойдали томонлари қанчалик ошган бўлса, унинг зиёнли жиҳатлари ҳам шунчалик кўпайганини бемалол тасаввур этиш мумкин.
Бундан 30 йилча бурун Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг бир гуруҳ журналистлари сафида Малайзиядаги касбий малака ошириш сафаримиз чоғида Куала-Лумпур шаҳрининг дунёдаги энг баланд телеминоралар рўйхатига кирган ноёб иншоотини томоша қилиш имконияти туғилганди. Мезбонимиз якунига етаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан машғул навқирон ишчиларнинг бир қўлида – андава, иккинчисида – антеннали ихчам қурилма тутган ҳолатига эътиборимизни қаратгани ёдимда.
Биз – минтақа журналистлари учун мобил телефон мутлақо янги воқелик эди ўшанда. Бинобарин, мезбонимиз “Осиё йўлбарслари” қаторида тараққиёт сари шахдам одимлаётган ўз мамлакатининг ёшлари дуч келган қандайдир “адикофония”ни қанчалик ёмонламасин, биз бундай иллатдан ҳам ҳали бехабар эдик.
Орадан кўп вақт ўтмади. Яъни, 2001 йил 6 февралида Бутунжаҳон мобил телефондан воз кечиш куни илк бор нишонланди. Энди ўзимизда ҳам Интернет тармоғи ва уяли алоқа тизими ривожланиш палласига ўтганди. Шунинг учун ушбу халқаро сана ташаббускори ҳам, қолаверса, “адикофония” тушунчасини инсоният шевасига олиб кирган кашшоф ҳам айнан бир киши эканидан хабардор бўлдик.
Бу ўринда СМС тилидаги дастлабки роман муаллифи – француз ёзувчиси Фил Марсо ҳақида сўз бормоқда. Адибнинг уқтиришича, адикофония – телефон ва Интернетга руҳий қарамлик, виртуал дунёдан узилиб қолишдан қўрқув, деганидир.
Камина ҳам бир неча йил илгари шунга ўхшаш кечинмаларга дуч келган. Натижада “Телефонсизликда” номли мана бу шеърни битгандим:
Қўл телефондан
воз кечдим, гўё –
мендан кечган каби
бу дунё.
Мойил-зойил
садолар тинди.
“Сим-карта” ҳам
“жим-карта” энди.
Етим каби
саф-саф рақамлар
бўзлаб қолди, сағир –
“отам”лаб.
Қўнғироқдош
танишлар хуноб
саволига
ололмай жавоб.
Қўл телефондан
воз кечдим
гўё...
Фил Марсонинг айнан шундай халқаро санани таклиф этишдан асосий мақсади ҳам одамларга замонавий жамиятда адикофония эҳтимоли ортиб бораётганини эслатиш ва ҳушёрликка чорлашдан иборат бўлган. Агар ҳозирги пайтда замондошларимиз ҳар бири кунига ўртача 6 соату 37 дақиқа вақтини Интернетга сарфлаётгани (2023 йилдаги маълумот) ҳисобга олинса, бу муаммо чиндан ҳам долзарб экани ойдинлашади.
Қолаверса, эндиликда қўл телефони фақат кўчма сўзлашув воситасигина бўлиб қолмай, балки унинг фаолият доираси тубдан кенгайган. Бугунги кунда мобил телефон ёрдамида ўзаро хат ёзишамиз, фото ва видео хизматларидан фойдаланамиз, қўшиқ ва мусиқа тинглаб, фильмлар томоша қиламиз, савдо-сотиқ билан шуғулланамиз, ҳатто масофадан ишлашимизда ҳам улар қўл келади.
Шу боис, боболаримиз носқовоғини ҳамиша ёнида олиб юрганидек, биз ҳам қўл телефонимиздан ажралмаймиз. Бунинг оқибатида инсоният “адикофония”нинг бир неча янги “эгизак”ларига дуч келиб турибди. Булардан бири “номофобия” бўлса, кейингиси – “смартфономания”дир.
Номофобия – қўл телефонини йўқотиб ёки ўғирлатиб қўйиш қўрқуви. Бунда одам мобил телефонини қаердадир унутиб қолдириш ёхуд уйидан қўл телефонисиз кўчага чиқиш эҳтимолидан доим хавотирланиб юради.
Қизиғи шундаки, одамлар ҳатто қўл телефонининг қуввати ўчиб ё маблағи тугаб қолишидан ҳам қўрқади. Телефонини қувватлантириш ёки маблағ ўтказиш имкониятлари чекланган бўлса, бундай арзимаган ҳоллар ҳам уларни дарҳол қаттиқ ташвишга солади.
Номофобия, аслида, жиддий хасталик эмас. Аммо, унинг оқибатлари инсонни ваҳимага солавериб, оғир касалликларга дучор этиши мумкин.
Маълумотларга қараганда, Саудия Арабистони ва Иорданияда ўтказилган тадқиқот натижасида бу икки давлат аҳолисининг 51 фоизидан ортиқроғида телефонга қарамлик ташхиси қўйилган бўлса, Буюк Британия аҳолисининг 53 фоизи номофобиядан азият чекаётгани аниқланган.
Смартфономания – қўл телефонининг энг янги русуми ва унга ўта замонавий, қимматбаҳо аксессуарлар – зарур жиҳозлар харид қилишга бўлган тийиқсиз истак-иштиёқни англатади.
Шу маънода, 2004 йилдан эътиборан Бутунжаҳон мобил телефондан воз кечиш куни байрами моҳиятан янада кенгайгани жуда муҳим. Яъни, ушбу халқаро санани 6-8 февраль кунлари давомида нишонлаш урфга кирмоқда.
Бунда, албатта, ҳар кимнинг ҳоли, қурби ва имконига қаралади: биров уч кун ҳам қўл телефонсиз сабр қилгани ҳолда, бошқа биров атиги бир кун чидаб берса ҳам майли-да. Асосийси, дунё миқёсида ўтказиладиган бундай тадбирларнинг аҳамияти катта.
Буларнинг барчаси, аввало, ҳеч бўлмаганда бир кун давомида қўл телефони хизматидан воз кечиш ёки мобил телефон алоқасидан фойдаланишни имкон қадар камайтириш орқали инсоннинг бу борадаги тобеликка қарши иродасини чиниқтиради.
Шу билан бирга, замондошларимиз бир ёки бир неча кун давомида илғор технологиялар ўзаро меҳр-оқибатли муомалага оид одатларини нечоғлик издан чиқариб юбораётгани хусусида мулоҳаза юритиш имконига эга бўлади. Меҳр – кўзда, деб бежиз айтмайдилар, ахир.
Энг муҳими, руҳшуносларнинг таъкидлашича, ҳар гал мобил телефонни нима сабабдан қўлга олаётганингиз ҳақида ўзингизга қанчалик кўп ҳисоб беришга ўргансангиз, шу митти ускунанинг таъсир доирасидан чиқиб, одатий ҳаётдан завқланиб яшаш имкониятингиз шунчалик ортиб боради. Қўл телефони – XXI асрнинг рақамли сигаретига, инсон эса унинг ашаддий кашандасига айланиб қолмаслигининг энг оқилона йўли шу.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 04.02.2025
- Кўришлар: 229
- Чоп этиш