ДИПЛОМАТИЯ – ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИКДА ЯШАШНИНГ АЗАЛИЙ МЕЗОНИ

(“Ўзбекистон дипломатияси тарихи”[2] китобини ўқиганда туғилган мулоҳазалар)

 

“Қадимдан мамлакатимиз ҳудудида дипломатия анъаналари шаклланган, аждодларимиз яқин ва узоқ хориж билан дўстлик ва ҳамкорликда яшашга интилганлар”[1].

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Халқимиз, юртимиз, миллий давлатчилигимиз уч минг йилдан ортиқ қадимий ва бой тарихга эга. Афсуски, чор мустабид тузуми ва шўролар мустамлакачилиги замонларида биз учун тарихимизни “бошқалар” ёзди. Оқибатда Ватанимиз тарихи бир томонлама ва синфий ёндашув асосида ноҳақу нохолис ёритилгани етмагандек, ўтмишимиз саҳифаларида узоқ йиллар давомида ўрганилмаган “оқ доғлар” пайдо бўлди.

Шукрки, 1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақиллиги парламент йўли билан эълон қилингач, ҳаётимизнинг бошқа соҳалари қатори миллий тарихимизга муносабат борасидаги қарашларда ҳам объектив ва асл ҳақиқатлар ўзанига қайтилди. Кейинги йилларда ишончли бирламчи манбалар асосида “Ўзбекистон тарихи” кўпжилдлигини нашр этиш йўлга қўйилгани айни йўналишдаги  изчил илмий-маърифий изланишлар Янги Ўзбекистон воқелигига мос тарзда янада юқори босқичга чиқаётганидан далолат беради.

Хусусан, 2022 йилда чоп этилган “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китоби “Ўзбекистон тарихи” кўпжилдлигининг VII жилди ҳисобланади. Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил январда Ўзбекистон дипломатлари билан учрашувда айтилган таклифларига амалий жавобдир.

Ўзбекистон дипломатияси тарихи ҳақида китоб чоп этилгани – катта сиёсий воқеа. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “бизнинг миллий давлатчилигимиз неча минг йиллик қадимий тарих ва бой маданиятга эга. Бинобарин, дипломатик муносабатлар ҳам тарихимизнинг энг чуқур қатламларига бориб тақалади. Бу ҳақиқат нафақат мамлакатимиз, балки дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилган[3].

Шу нуқтаи назардан, бир китобда қадимги Ўзбекистон ҳудудидаги дипломатия тарихидан то ҳозирги кунгача бўлган 3 минг йилдан ортиқ давр қамраб олингани эътиборга лойиқ. Китоб муаллифларнинг катта бир жамоаси томонидан ёзилган. Асосий муаллифлар сони 10 нафардан иборат бўлиб, уларнинг барчаси ўз соҳасининг йирик мутахассислари, кўзга кўринган олимлардир. Бундан ташқари китобда яна 10 нафардан ортиқ олим тақдим этган материаллардан фойдаланилган. Шу маънода, мазкур китоб – олимлар ва амалиётчи дипломатларнинг ўзаро ҳамкорлиги маҳсули ҳисобланади.

Жанр нуқтаи назаридан, ушбу китобни монографик дарслик-хрестоматия, деб таърифлаш мумкин. Китобнинг қандай ўзига хос хусусиятлари бор?

Биринчи хусусияти. Китобни ёзишда муаллифлар цивилизациявий методологияга асосланган. Бунда яқин йилларгача ҳукмрон бўлган синфий-формациявий ёндашув – ўта сиёсийлашган услубдан асосли равишда воз кечилгани жуда муҳим.

Иккинчи хусусияти. Китоб методологик жиҳатдан пухта ва асосли ёзилгани билангина эмас, балки ўқув-услубий нуқтаи назардан ҳам янгича ёндашуви билан ажралиб туради. Ҳар бир боб якунида тегишли тарихий давр бўйича ёзилган бирламчи қўлёзма ва тарихий манбалар ҳамда энг муҳим адабиётлар рўйхати келтирилган. Ҳар қайси мавзу бўйича глоссарий, яъни асосий тушунчалар ҳам берилган. Шу тариқа китобда фойдаланилган жами тарихий манба ва адабиётлар сони – 752 та, махсус адабиётлар – 73 та ҳамда изоҳ берилган асосий тушунчалар сони 272 тани ташкил этади. Албатта, бундай илмий-тарихий ва амалий ёндашув мавзуни ўзлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Учинчи хусусияти. Китобда ўзбек дипломатиясининг ўзига хос жиҳатларини яққол намоён этувчи дипломатик ёзишмалар, шартномалар, ишонч ёрлиқлари, фармонлар, ноёб тарихий факсимилиелар, деворий суратлар ва тарихий мозаикалар (фолиантлар ва фрескалар), миниатюралар, хариталар, қўлёзма асарлар намуналари келтирилган. Бундай ёндашув Ўзбекистон дипломатияси тарихини ишончли ва жонли ёритишга асос бўлган.

Тўртинчи хусусияти. Мустақил Ўзбекистон дипломатиясини акс эттирувчи конституциявий ҳужжатлар, қонунлар ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги депозитарийсида сақланадиган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва парчалари ушбу китобдаги хрестоматик материалларни ташкил этади. Бу ҳужжатлар Ўзбекистон дипломатияси маъно-моҳиятини аниқ тарихий ва амалий – ҳаётий жиҳатдан қабул қилишда, теран тушуниб олишда муҳим восита вазифасини бажаради.

Бешинчи хусусияти. Муаллифлар Ўзбекистон дипломатияси тарихи бўйича, айниқса, турли тарихий даврларга хос хорижий ҳужжатлар ва таниқли чет эллик тарихшунос олимларнинг асарларидан кенг фойдаланган. Шу билан бирга, ЮНЕСКО шафелигида тайёрланган ва чоп этилган “Марказий Осиё цивилизацияси тарихи” номли 6 жилдлик фундаментал тадқиқот муаллифлар эътиборидан четда қолган.

Олтинчи хусусияти. Ўзбек дипломатиясининг энг қадимги даврдан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган улкан тарихини муайян даврларга бўлиб ёритишда изчил тарихий-тизимли, қиёсий ва мантиқий методлар асосида, ҳар томонлама (комплекс) ёндашилган. Шу нуқтаи назардан, ушбу китоб Ўзбекистон тарихи фанининг ва дипломатиясининг ҳозирги ҳолатини ўзида акс эттиради. 

Еттинчи хусусияти. Китобнинг моҳиятан юксак ғоявий мазмуни баркамол ёш авлодни, айниқса, талаба ва навқирон дипломатларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида фундаментал аҳамиятга моликдир.

Саккизинчи хусусияти. Монографияда дипломатия тарихи, ташқи сиёсат тарихи, халқаро муносабатлар тарихи, умумий тарихнинг ўзаро узвий боғлиқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари ишонарли очиб берилган. Бунда муаллифлар тарихий давомийлик ва ворисийлик принципига қатъий амал қилганлари таҳсинга сазовор.

Тўққизинчи хусусияти. Китобни ўқишда ва уқишда унинг равон ҳамда тушунарли тили ўқувчида ижобий таассурот қолдиради.

Ўнинчи хусусияти. Муаллифлар Буюк ипак йўли дипломатиясининг хусусиятлари, тарихий ва амалий аҳамиятини ишонарли тарзда,  далилларга асосланган ҳолда ёритган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бундай ёндашув жаҳон тарихшунослигида учрамайди. Ваҳоланки, Буюк ипак йўли мавзуси бўйича жуда кўп асарлар ёзилган ва чоп этилган.

Китобни мамнуният ҳисси билан синчиклаб мутолаа қилиш асносида унинг ўзига хос фазилатлари каминани ром этди. Бу омил, ўз навбатида, айрим таклифларни илгари суришга ҳам туртки бўлди.

Биринчи таклиф – ушбу китоб Ўзбекистон дипломатияси тарихига бағишланган илк фундаментал асар яратиш йўлидаги самарали илмий уриниш экани тушунарли. Бу борада эришилган ютуқлар эътиборга лойиқ ва соҳада ечимини кутиб турган муаммолар ҳам талайгина. Шунинг учун китобнинг қайта ишланган ва тўлдирилган янги нашрини тайёрлаш мақсадга мувофиқдир.

Иккинчи таклиф – китобнинг иккинчи нашрини ҳам лотин, ҳам кирил имлоларидаги ўзбек алифбосида чоп этиш лозим. Шу билан бирга, китоб нафақат ўзбек тилида, балки инглиз, рус тилларида нашр қилиниши ҳамда кенг тарқатилиши айни муддаодир.

Учинчи таклиф –  китобнинг иккинчи нашрини тайёрлашда янги ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади. Жумладан, китоб матнининг “компакт-диск” иловасини ҳам яратиш давр тақозосидир.

Тўртинчи таклиф – китобнинг тузилиши, яъни мундарижасини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, биринчи боб сифатида “Дипломатия тушунчаси, тараққиёти ва аҳамияти” деган янги назарий бобни қўшиш тақозо этилади. Бундай бобни тайёрлашда профессор Гога Ҳидоятовнинг “Дипломатия” номли фундаментал китобидан фойдаланиш ўринлидир.

Бешинчи таклиф – Президент Ш.М.Мирзиёев методологияси асосида иккинчи бобни номлашда “Биринчи мусулмон Ренессанси” (немис олими Адам Мец таърифи) ва учинчи бобни номлашда “Темурийлар Ренессанси” (француз олими Венсент Фурниё таърифи)  тушунчалари негизида фикр юритиш даркор.

Олтинчи таклиф – китобга яна бир янги боб қўшилса, тўғри бўларди. Шу янги бобни “Янги Ўзбекистон дипломатияси ва Учинчи Ренессанс”, деб номлаган маъқул.

Ўзбекистон дипломатияси тарихига бағишланган китоб мазмун-мундарижаси бўйича билдирган айни таклифларимизнинг айримлари юзасидан баъзи фикр-мулоҳазаларга батафсилроқ тўхталишга жазм этдик. Негаки, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “давлатимиз манфаатларини ҳимоя қилаётган, ташқи сиёсатимизни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайдиган, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги юзи бўлган[4] дипломатларга оид ушбу асарда нозик касб эгаларининг фаолияти теран ва қамровдор, очиқ ва тушунарли таҳлил ҳамда талқин этилиши ҳар томонлама фойдали, деган фикрдамиз.

Шундай қилиб, аввало, китобнинг янги, ўзгартирилган ва тўлдирилган иккинчи нашрини имкон қадар қисқа фурсатларда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш талаби қаердан келиб чиқмоқда?

Гап шундаки, Ўзбекистон Президенти Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишлаб 2018 йил 12 январда ўтказган тарихий учрашувдаги нутқида Ўзбекистон дипломатик корпусининг мамлакатимиз манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қилиш борасидаги асосий вазифаларини белгилаб берди. Шулардан айримларига тўхталамиз.

Биринчидан. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “Элчининг халқ, Ватан олдидаги бурчи ва вазифаси, унинг касб малакаси, маънавий дунёси ҳақида гапирганда, аввало, бугунги ўзбек дипломати, элчиси қандай хусусият ва фазилатларга эга бўлиши керак, деган савол туғилади[5]. Шундай экан, китобнинг янги нашрига киритилажак Янги Ўзбекистон дипломатияси ва Учинчи Ренессанс” номли бобда, жумладан, Янги Ўзбекистон ўзбек дипломати ва элчисига хос хусусият ва фазилатлар очиб берилиши керак, деб ўйлаймиз.

Иккинчидан. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Бизнинг аждодларимиз орасидан машҳур ва моҳир дипломатлар, элчилар етишиб чиққани ҳақида кўплаб тарихий маълумотлар мавжуд. Дунёдаги дипломатияга оид энг зўр китоблар ҳам аслида Шарқда, жумладан, бизнинг заминимизда яратилган, десак, адашмаган бўламиз[6]. Бинобарин, китобнинг “Дипломатия тушунчаси, тараққиёти ва аҳамияти” деган янги бобида шу маълумотлар кенг, теран ва аниқ тарзда берилиши, шунингдек, машҳур дипломатлар ҳақида маълумотлар акс эттирилиши лозим, назаримизда.

Учинчидан. Президент Ш.М.Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолиятини танқидий ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш истиқболлари ҳақида ҳам тўхталди. Давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, “Вазирлик ва унга қарашли муассасаларда ташкилий-штат тузилмасини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарур[7].

Шу маънода, “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобининг қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашрини тайёрлашда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланилиши тақозо этилади. Чунки:

биринчидан, китобнинг ҳозирги ҳажми 534 бетдан иборат бўлиб, бўлажак дипломатлар – замонавий ёшлар мутолаа қилиши учун ноқулайлик туғдиради;

иккинчидан, Янги Ўзбекистон шароитида Интернетнинг маълумотларни етказиш борасида янгидан-янги ва самарадор имкониятлари кашф этилмоқдаки, улардан ўз ўрнида фойдаланиш фарзу қарз.

Яна бир омил: Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 8 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот Бош директори Одри Азуле билан учрашувида “Марказий Осиё цивилизацияси тарихи” номли 6 жилдли монографияни ўзбек тилига таржима қилиш ғояси маъқулланганди. Ушбу салмоқли асарни ёзишда таниқли ўзбек олимлари ҳам иштирок этган. Шунингдек, асарнинг тўртинчи жилдида Амир Темур салтанати ва темурийлар даври тарихи, маданияти, санъатига катта ўрин берилган. Шунинг учун мазкур кўп жилдли фундаментал монографиянинг ўзбек тилига таржима қилиниши ва нашр этилиши катта аҳамиятга эга бўлиб, ундаги ўзбек дипломатиясига оид маълумотлардан китобнинг янги нашрини тайёрлашда самарали фойдаланиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобида ўзбек дипломатиясининг қадимги замонлардан бошлаб бугунги кунгача – мустақил Ўзбекистон дипломатияси шаклланиши ва тараққий этишигача бўлган даври тизимли равишда очиб берилгани эътибор ва эҳтиромга муносибдир.

Айни чоғда ушбу китобда, бир томондан, ўзбек дипломатиясининг теран тарихи янада аниқ ва чуқур ифода этилиши унинг қийматини оширади. Иккинчи томондан, бугунги элчиларимиз Янги Ўзбекистон очиқ, амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини хорижий мамлакатларнинг кенг жамоатчилигига етказиш бўйича мунтазам иш олиб бораётганлиги ҳақидаги ибратли мисоллар замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўқувчига етказилиши ушбу китобнинг аҳамиятини янада кучайтириши тайин.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси, академик

 «Халқ сўзи» газетасининг 2025 йил 14 февраль кунги 32 (8927)-сони

 

 

[1] Мирзиёев Ш.М. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-нашри. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2020. – Б.282.

[2] Қаранг: Ўзбекистон дипломатияси тарихи. VII жилд/ Масъул муҳаррир А.Х.Камилов;  Жамоа. – Тошкент: “Маънавият”, 2022. 536 б.

[3] Мирзиёев Ш.М. Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишдаги нутқ: 2018 йил 12 январь// Мирзиёев Ш.М. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-нашри. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2020. – Б.281.

[4] Мирзиёев Ш.М. Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишдаги нутқ: 2018 йил 12 январь// Мирзиёев Ш.М. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-нашри. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2020. – Б.297.

[5] Мирзиёев Ш.М. Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишдаги нутқ: 2018 йил 12 январь// Мирзиёев Ш.М. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-нашри. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2020. – Б.281.

[6] Ўша жойда.

[7] Ўша манба. – Б.290.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech