МАРКАЗИЙ ОСИЁ – ЕВРОПА ИТТИФОҚИ: МИНТАҚАЛАРАРО СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИК ЙЎЛИДА

Жорий йил 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарлари иштирок этди.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.

 

Янги Ўзбекистондан – Янги Марказий Осиё сари

 

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу Саммит олдидан «Euronews»га берган интервьюсида таъкидлаганидек, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» формати – ноёб ҳамкорлик платформаси бўлиб, ўлчам ва институционал қамров жиҳатидан унга ўхшаши мавжуд эмас. Ушбу формат 27 давлатни, жумладан «Катта еттилик»ка аъзо учта мамлакат – Германия, Франция ва Италияни бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан минтақалараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган энг йирик интеграциявий тузилма ҳисобланади.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициядан тортиб барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган соҳаларнинг кенг мажмуасини қамраб олади. Янада эътиборлиси, мазкур формат узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларга асослангандир.

Бу ҳақда сўз борганда. даставвал, давлатимиз етакчиси интервью берган манба – «Euronews» телеканали ҳақида мухтасар тўхталиш лозим, деб ўйлаймиз. Европанинг кеча-кундуз узлуксиз ахборот узатадиган ушбу машҳур телеканалига 1993 йил январида асос солинган.

Бугунги кунда «Euronews» дунёда юз бераётган муҳим воқеалар ҳақида 13 тилда тезкор хабарлар, видеолавҳалар ва аудиошарҳлар тақдим этиб келмоқда. Унинг ахборот тарқатиш доираси жаҳоннинг Европа, Африка, Осиё, Австралия, Шимолий ва Жанубий Америка, шунингдек, Яқин Шарқ минтақаларидаги 150 мамлакатни қамраб олган.

Энди «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити мавзусига қайтадиган бўлсак, Самарқандда бўлиб ўтган мазкур Саммит Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи минтақаларининг ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ривожида бурилиш нуқтаси бўлди, дея эътироф этилаётгани бежиз эмас. Бу юксак баҳонинг моҳиятини, фикримизча, қуйидаги иккита муҳим омил билан изоҳлаш мумкин.

Биринчи омил. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё минтақалари ўртасидаги алоқалар чуқур тарихий илдизларга эга. Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари билан Европа қироллари ўртасидаги неча юз йиллик тарихга эга қимматли дипломатик ёзишмалар шундан далолат беради. Аждодларимиз ўша олис асрлардаёқ минтақаларимиз ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик муносабатларини шакллантиришга интилганлар.

Шу жиҳатдан,  «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити халқларимиз ва давлатларимизнинг ана шу тарихий орзу-истаклари том маънода рўёбга чиқаётганининг ўзига хос ифодаси бўлди. Бу ўринда Саммит айнан Самарқандда – Амир Темур салтанатининг юраги бўлган фусункор шаҳри азимда ўтказилганида ҳам ёрқин рамзий маъно мужассам.

Зеро, ушбу мангу навқирон ва қадимий шаҳримиз азалдан “Ер юзининг сайқали”, “Мусулмон дунёсининг гавҳари”, “Шарқнинг жаннати” каби турфа номлар билан улуғлаб келинади. Қолаверса, яқин тарихда собиқ АҚШ Давлат котиби “Самарқанд – жаҳон пойтахти”, дея таърифлагани бежиз эмас.

Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда”.

Иккинчи омил. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар икки томонлама ҳамкорликдан – минтақавий стратегик ҳамкорликка томон кенгаймоқда. Гап шундаки, айни вақтга қадар минтақаларимиз ва шу минтақалардаги давлатлар ўртасида икки томонлама алоқалар ривожлантириб келинаётган эди. Мана, энди Марказий Осиё минтақаси билан Европа Иттифоқи минтақаси ўртасида ҳамкорлик робитаси, кўприги тикланди.

Бу улкан тарихий воқелик, аслида ҳам, Марказий Осиё минтақаси халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти мақомида ўзини намоён этишга дадил киришганлигини исботлайди. Бинобарин, ХХI асрнинг учинчи ўн йиллигида Марказий Осиё халқаро ҳаётнинг мустақил субъекти сифатида қайта тикланиши ўзида муҳим жараёнларни ҳам ифодаловчи, ҳам акс эттирувчи оламшумул воқеадир.

Янада муҳими, ушбу нуфузли саммит Ўзбекистон Президенти минтақамизнинг бугунги мавқеига берган таъриф нечоғлик асослилигини яна бир бор амалда тасдиқлади. Яъни, Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда.  Сиёсий ирода, юқори  даражадаги ўзаро ишонч ва  қўшма иқтисодий ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги  имкониятлар яратди.

Бу ҳақда БМТ Бош котиби билдирган фикрлар ҳам таҳсинга лойиқ. Антониу Гутерришнинг фикрича, бир пайтлар Марказий Осиёда тарқоқлик кенг илдиз отган эди. Бугунги кунда эса минтақада янгича муҳит яратилди. Бу, албатта, дўстлик, ҳурмат ва масалаларни ҳамжиҳатликда кўриб чиқиш, мавжуд қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга асосланган муҳит бўлди.

БМТ Бош котиби эътироф этганидек, “Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевни фаолияти давомида минтақадаги кўприк ўрнатувчи ташаббускор, тинчлик элчиси, десам, муболаға бўлмайди. Айни вақтда адолатга асосланган фаровонликни ташкил қилиш ва уни ўрнатиш бўйича жуда фаол иш олиб бормоқда. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла уйғун”.

Саммит арафасида Президент Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли анжуманнинг юқори мартабали меҳмонлари билан юзма-юз суҳбатлашди. Хусусан, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен давлатимиз раҳбари билан учрашув чоғида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар дастурини, шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни юксак баҳоладилар ва қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

 

Марказий Осиё – Европа Иттифоқи:

икки томонлама ҳамкорликдан – минтақавий ҳамкорликка

 

Минтақа марказида жойлашган мамлакатимиз Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан умумий чегарага эга. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг асосий қисми Амир Темур салтанати тасарруфида бўлган. Ўрта асрлардаги Мовароуннаҳр сарҳадлари билан бугунги Марказий Осиё минтақаси қамрайдиган чегаралар деярли бир хил.

Соҳибқирон салтанати куч-қудратга тўлган даврларда Ўрта Ер денгизи ва Қора денгиздан – Қашғаргача, Кавказ ва Волгабўйи даштларидан – Ҳиндистоннинг шимолий ҳудудларигача бўлган кенг маконни қамраган. Амир Темур салтанати, Темурийлар давлати таназзулга юз тутганидан токи Марказий Осиёда мустақил давлатчиликнинг қайта шаклланиш даври бошланишига қадар бўлган оралиқ давр қарийб 400 йилни ташкил этади.

Янада содда қилиб айтганда, улуғ Соҳибқирон ўз салтанати билан Осиё ва Европа ўртасида ягона геосиёсий макон яратишга мушарраф бўлган. Мовароуннаҳрнинг олий ҳукмдоридан ворисларига давлатни қатъий тартиб-қоида ва тузуклар асосида жипслаштириш, салтанат атрофидаги улкан геостратегик маконда мустаҳкам интизом ва манфаатдорлик негизида ички сиёсий беқарорликларнинг олдини олиш борасида беқиёс бой назарий-амалий тажриба мерос бўлиб қолди.

Бугунги янги геосиёсий шароитда Марказий Осиё Буюк ипак йўли даврида эгаллаган ўрнини – Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи кўприк ролини, турли иқтисодий манфаатлар чорраҳаси мақомини яна ўзига қайтармоқда. Шундай экан, Ўзбекистон Президенти бугунги кунда Амир Темур орзуларини том маънода рўёбга чиқараётгани ҳақ гап.

Бинобарин, ХХ асрнинг охирги ўн йиллигида ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистонда изчиллик билан жорий этилаётган ички ва ташқи сиёсат мазмун-моҳиятида минтақамиз, халқимиз ва миллатимиз тарихини билиш ҳамда чуқур англаш масаласи жорий демократик ислоҳотлар, янгиланиш ва ривожланиш стратегиясининг муҳим тамойили ҳамда интеллектуал механизми сифатида ўз мужассамини топган. Халқимизнинг  “Оға-ини иноқ бўлса, ҳар қандай иш юришади”, деган доно нақли нечоғлик ҳаётий эканини кейинги даврда улкан минтақамизда рўй берган “жараёнларни қайта ишга тушириш” механизми барча учун бирдек манфаатли бўлгани баралла кўрсатиб берди. 

Айниқса, дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида Янги Ўзбекистонда изчил ва кенг кўламларда татбиқ этилаётгани каби ғоят қамровдор ислоҳотлар амалга оширилмаган. Ўзбекистон лидерининг яхши қўшничилик сиёсати, таъбир жоиз бўлса, минтақавий сиёсатга доир оқилона доктринаси туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.

Жумладан, биринчи навбатда, минтақамизда давлатлараро мулоқот тикланди. Сув, чегара муаммоларига умумий қарашлар асосида ижобий ечимлар топилди. Америкалик эксперт Женнифер Брик Муртазашвили қайд этганидек, “Марказий Осиёни борича кўриш вақти келди. Бу энди постсовет ҳудуди эмас. У – Евроосиё”. Аслида ҳам, минтақамиздаги муштараклик сиёсати туфайли халқаро луғатда “Марказий Осиё руҳи”, деган ибора пайдо бўлгани бундай эътирофлар нақадар асосли эканини яққол тасдиқлаб турибди.

Бу ўринда, аввало, Марказий Осиёда конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этиш ҳақида сўз бормоқда. Худди шу ёндашув туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиё тубдан ўзгаргани, янги қиёфа касб этгани — ўзаро ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айлангани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари кенгаймоқда. Бундан етти-саккиз йил аввал бунинг учун ҳатто шароит ҳам йўқ эди. Баъзи мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпиқ эди. На савдо, на транзит, на бизнес, ҳеч қандай гуманитар алмашувлар йўқ эди. Муносабатлар шунчаки музлатиб қўйилганди. Ўшанда ҳеч ким яқин келажакда биз Европа етакчилари билан музокараларда минтақамизни биргаликда намоён этишимизни тасаввур ҳам қила олмас эди”.

Бунга қадар минтақамиз мамлакатлари “Марказий Осиё+” форматлари доирасида давлатлар ва иккита минтақавий ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаш лозим. Натижада охирги етти йилда Марказий Осиё мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан савдо айланмаси тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврони ташкил этди.

Ўз навбатида, Самарқанд саммитида Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик шерикликнинг йўлга қўйилиши минтақалараро ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик ривожида янги йўналишларни очмоқда.

Эндиликда Янги Ўзбекистондан – Янги Марказий Осиё сари, деган тенденция амалда намоён бўлмоқда. Яъни, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги 30 йиллик икки томонлама муносабатларнинг мантиқий натижалари энди минтақалараро стратегик ҳамкорлик мақомини олмоқда. Бу мақом – жаҳон сиёсатидаги мутлақо янги дипломатик форматдир.

 

Марказий Осиё – Европа Иттифоқи:

минтақалараро стратегик ҳамкорлик истиқболлари

 

Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев «Euronews»га берган интервьюсида Марказий Осиё бешлигида Ўзбекистон раислиги даврида учта устувор йўналиш:

  • минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш;

  • иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш;

  • экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлагани жуда муҳим.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Олдимизда минтақамизни нафақат барқарор, балки фаровон қилиш учун тарихий имконият турибди. Ишонч билан айта оламанки, биз бу салоҳиятни биргаликда рўёбга чиқаришга қодирмиз”.

Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитидаги нутқида бу борадаги фикрларини изчил ривожлантирган ҳолда, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Биринчи устувор йўналиш – сиёсий мулоқотларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва инвестициялар, кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асослари.

Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиёт ва технологик модернизацияга инвестициялар киритиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг устувор мезони бўлиши лозим.

Учинчи устувор йўналиш – Саммит давомида стратегик минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик ва инвестицияларни чуқурлаштириш бўйича қарор қабул қилинади.

Тўртинчи устувор йўналиш – “Яшил” энергетика ва экологик барқарорликка йўналтирилган инвестициялар стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Бешинчи устувор йўналиш – инсон капиталига инвестициялар таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашувларни кенгайтириш имконини беради.

Бундан ташқари, "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" форматидаги биринчи олий даражадаги расмий учрашув якунлангач, етакчилар биргаликда Орол маданият саммити экспозициясига ташриф буюрдилар. Кўргазмада Орол экотизимини тиклаш, ҳудуднинг маданий меросини асраб-авайлаш ва барқарор ривожланишига кўмаклашишга қаратилган ноёб ташаббуслар намойиш этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Саммитнинг юқори мартабали меҳмонлари шу куни Марказий Осиё дуч келаётган замонавий экологик таҳдидларга бағишланган Самарқанд иқлим форуми ялпи сессиясида ҳам иштирок этдилар. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари етакчилари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан қатнашган ишончли ҳамкорларимиз, халқаро молия институтлари, глобал ва миллий экологик ташкилотлар вакилларининг ушбу тадбирдаги иштироки барқарор ривожланишнинг энг долзарб масалалари бўйича самарали ечимлар излашда биргаликда саъй-ҳаракатлар олиб боришга содиқликнинг ҳаётий намунаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида бу муҳим омилга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Президенти нутқини мана бу сўзлар билан якунлади: “Бугунги кунда бизнинг вазифамиз – келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўришдан иборат. Бунинг учун мулоқотларни мустаҳкамлаш, умумий эзгу мақсадлар йўлида бирлашган барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш зарур”.

Хулоса қилиб айтганда, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммитининг асосий ютуғи, шубҳасиз, тадбир якунида икки минтақа ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатишни назарда тутувчи Қўшма декларация қабул қилингани ҳисобланади.

Қўшма декларацияда, жумладан, тинчлик, хавфсизлик ва демократия, тараққиёт ва фаровонлик, экологик барқарорлик, "яшил" иқтисодий ривожланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш йўлида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўзда тутилган. Марказий Осиё минтақасидаги ҳар қайси мамлакат ўзаро ҳамкорликнинг муайян соҳаларида шу вақтгача эришган натижалар ва келгусидаги режалари алоҳида қайд этилган.

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё етакчилари томонидан қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш барча учун бирдек муҳим фундаментал қадрият ҳисобланиши таъкидланган. Бу ўринда, албатта, фикрни ифода этиш эркинлиги ва жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини таъминлаш, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари учун соғлом муҳит яратиш, ҳуқуқ ҳимоячиларини муҳофаза қилиш, аёллар, болалар ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳурмат қилиш – ҳар икки минтақа муносабатларининг туб негизини ташкил қилиши ҳақида сўз бормоқда.

Қўшма декларацияда, шунингдек, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» фуқаролик жамияти форумини ўтказиш ташаббуси маъқулланган. Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммитини муваффақиятли ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорчилик изҳор этилган.

Яна бир муҳим натижа: Ўзбекистон Президенти ишонч билан таъкидлаганидек: “Европанинг етакчи институтлари ва молия ташкилотлари раҳбарлари Марказий Осиёнинг умумий позицияга эга эканига, ишончли ва масъулиятли шерик сифатида кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканига амин бўлишди”.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 8 апрель кунги 71 (1397)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech