Театр — тарбия ва маънавият маскани

Театр ҳамиша ибрат ва тарбия маскани бўлиб келган. У нафақат кўнгилочар, балки инсон қалби ва тафаккурига таъсир этувчи, маънавий юксалиш сари етакловчи буюк санъат туридир.

Саҳна асари томошабинни эзгуликка, яхшиликка ундайди, уни ҳаёт ҳақида ўйлашга, амалларини баҳолаб чиқишга чорлайди. Шу боис ҳам театр ижодкорлари томонидан яратилган ҳар бир асар катта масъулият, ғамхўрлик ва ҳаётий ҳақиқатларга таянган ҳолда саҳналаштирилади.

Айни кунларда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида саҳналаштирилган “Куёвнинг омонати” номли янги спектакль премьераси томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда. Комедия жанридаги мазкур саҳна асари таниқли драматург Ҳайитмат Расул қаламига мансуб бўлиб, унда ҳаётимизда кенг тарқалаётган кредит олиш, инсонларнинг ҳою-ҳавасга берилиши туфайли юзага келаётган мураккаб ҳолатлар ишонарли акс эттирилган.

Спектакль театр бош режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилган. Асарда театрнинг машҳур, маҳоратли устоз актёрлари билан бир қаторда ёш ва умидли санъаткорлар ҳам иштирок этиб, ўз ролларини юракдан ижро этдилар.

— Асарда ўзбек оиласидаги содда, самимий инсоннинг куёви омонат қилиб қолдирган пулни асраш жараёнидаги турли вазиятлар, кутилмаган саргузаштлар тасвирланган, — дейди бош режиссёр Достон Ҳақбердиев. — Куёв бу пулни хотинининг орзу-ҳавасларини амалга ошириш, туғилган кунини нишонлаш мақсадида банкдан кредит сифатида олади. Аммо айрим шошма-шошар қарорлар ва ҳаётдаги реал тўсиқлар натижасида у ва яқинлари оғир синовларга дуч келади. Бу орқали биз томошабинларга шуни етказмоқчимизки, ҳар бир молиявий қарор масъулият талаб қилади, ҳаётдаги эзгулик эса самимийлик ва теран фикрлашда намоён бўлади.

Комедия жанрида бўлса-да, спектакль кўтарган мавзулар ҳаётбахш ва жиддий. У томошабинни кулдирибгина қолмай, ўйга толдиради, ҳаётга танқидий назар билан қарашга ундайди. Шу жиҳатдан, “Куёвнинг омонати” спектакли нафақат кўнгилочар саҳна асари, балки ахлоқий тарбия воситаси сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Қувонарлиси, ушбу спектакль нафақат оддий томошабинлар, балки жамоатчилик ва турли ташкилотлар вакиллари томонидан ҳам қизиқиш билан қабул қилинмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси ушбу театр саҳнасида акс этган “Куёвнинг омонати” спектаклини жонли томоша қилди. Ҳамкасбларимиз театр ижодкорларининг ижоди ва меҳнатини олқишладилар.

Шубҳасиз, “Куёвнинг омонати” спектакли замонавий ўзбек театрининг муҳим ютуқларидан бири сифатида нафақат театр аҳли, балки томошабинларнинг ҳам қалбида чуқур из қолдирди. У ўз ахлоқий мазмуни, ҳаётий реаллиги ва теран фалсафаси билан ҳар бир инсонни ўзи ва яқинлари ҳақида ўйлашга ундайди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, театр янги даврда руҳий уйғониш ва маънавий тозаланишнинг энг самарали воситаси бўлиб қолаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

 

Ҳамидулло Мўминов,

 Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг касаба уюшмаси қўмитаси раиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech