15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни
Сайёрамизда кун сайин кескинлашиб бораётган экологик муаммоларни бартараф этиш учун инсонларнинг экологик билими юқори бўлиши лозим. Шу боис ҳар йили 15 апрелда дунёнинг кўплаб мамлакатларида Халқаро экологик билимлар куни нишонланади.
Рио-де-Жанейро шаҳрида 1992 йили ўтказилган БМТ конференциясининг атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида ушбу халқаро санани инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунёда экологик билимларни тарғиб этиш куни сифатида нишонлаш таклиф этилган. Бундан асосий мақсад сайёрамиз аҳлининг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида табиатга бўлган меҳр ва эътиборни кучайтириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишдир.
Экологик билимлар — инсон ва табиат ўртасидаги мураккаб муносабатларни тушунишга ёрдам берадиган назарий ва амалий билимлар мажмуаси. Бу билимлар инсоннинг табиатга бўлган ижобий муносабати, яъни табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ифлосланишни камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Аслида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари нафақат экологлар, балки ҳар бир фуқаронинг кун тартибида бўлиши даркор. Нега деганда, экологик саводхон инсон ўз ҳаёт тарзи орқали атроф-муҳитга камроқ зарар етказади, қайта ишлаш, энергияни тежаш, тоза муҳитни сақлаш каби фаолият жараёнларига оқилона иштирок этади.
Шу маънода, Янги Ўзбекистонда экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилгани алоҳида таҳсинга сазовор. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.
Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.
Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.
Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи 2021 йилда “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди.
Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Бу вазифалар орасида, албатта, экологик билимларни оширишга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида ўрин тутади. Давлат дастури доирасида, жумладан:
-
таълим муассасаларида “Экологик бурчаклар” очиш;
-
мактабгача таълим ташкилотларида “Экологик йўлакчалар” ташкил этиш;
-
мамлакат миқёсида экологик маданиятни оширишга қаратилган турли оммавий тарғибот тадбирларини ўтказиш;
-
“Ёшлар ойлиги” доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган туркум тадбирларни амалга ошириш;
-
“Экология билимдонлари” кўрик-танловини ўтказиш;
-
Экологик муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган “Экооромгоҳ-2025”ни ташкил этиш каби кўплаб амалий чора-тадбирлар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани диққатга лойиқдир.
Бу ҳақда сўз борганда, шунингдек, мамлакатимиз Бош вазирининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланганини таъкидлаш лозим. Мазкур Концепция юртимиз ҳудудларидаги экологик муаммолар ечимига таълим тизимини жорий қилиш билан ҳисса қўшиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик саводхонлигини ошириш, экологик онги ва экологик маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш, экологик таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган.
Мухтасар айтганда, атроф табиий муҳитга зарар етказиш инсониятни аянчли оқибатларга гирифтор қилади. Айни пайтда бунинг жабрини тортяпмиз ҳам. Шундай экан, келажак авлодлар олдида жавобгарлигимизни чуқур англаган ҳолда – ҳечдан кўра кеч бўлса-да – она табиатга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз, яъни уни севишимиз ва асраб-авайлашимиз шарт. Бунинг учун эса, шубҳасиз, экологик билимларимизни мунтазам ошириб боришга қатъий бел боғлашимиз фарзу қарздир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 15.04.2025
- Кўришлар: 286
- Чоп этиш