ЮНИСЕФнинг халқаро маслаҳатчиси Томар Гоцадзе билан учрашув

15 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан ЮНИСЕФнинг халқаро маслаҳатчиси Томар Гоцадзе ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Миллий марказ директори халқаро экспертга мамлакатимизда бола ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумот берди. Хусусан, аҳолисининг 35 фоизини болалар ташкил этган Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилган мажбуриятларига содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ шартномавий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2024 йил 21 февралда “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилинган. Мазкур қўшма қарор ижрога қаратилиб, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.

Мулоқот давомида ЮНИСЕФнинг халқаро маслаҳатчиси Т.Гоцадзе Ўзбекистон ҳукумати томонидан болаларни ҳимоя қилишнинг миллий механизми яратилганини алоҳида таъкидлади. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш жараёнини, хусусан, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган изчил ислоҳот самараларини ижобий баҳолади.

Учрашув чоғида мамлакатда ОИВ/ОИТС билан касалланган шахслар, хусусан, болалар ва ўсмирларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга кўмак кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштиришга доир муҳим масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар ОИВ/ОИТС билан касалланган болалар ва ўсмирларга комплекс ёрдам кўрсатишда икки томонлама, фойдаланувчига йўналтирилган, кўп тармоқли йўлланма тизимини ҳужжатлаштириш ва ривожлантиришнинг долзарб аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

Учрашувда таъкидланганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистонда бундай хасталик билан яшовчи болаларнинг таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқиши учун муайян ижобий қадамлар қўйилган. Жумладан, болаларнинг стигматизация ва камситишдан ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга тегишли тиббий хизматларни эркин ва сифатли тақдим этишга оид қонунчилик базаси такомиллаштириб борилмоқда.

Учрашув самимий ва амалий руҳда кечди. Мулоқот якунида меҳмонлар Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти билан танишдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech