Тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳити яратилмоқда (+видео)

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Фарзандларимизга халқаро таълим стандартларига асосланган ҳолда билим бериш бирламчи вазифага айланган. Ўз навбатида инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Инклюзив таълимнинг мақсади – алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, уларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қиладиган сифатли умумий ўрта таълим беришни таъминлашдир.

– Ўғлим Нурмуҳаммадга эшитиш даражасининг пастлиги ташхиси қўйилган, – дейди Моҳичеҳра Эшпўлатова. – Фарзандимнинг ўз тенгдошлари билан биргаликда таълим олишини хоҳлардим. Аммо бунинг имконияти йўқ эди. Инклюзив таълим жорий этилгандан кейин ҳаммаси изга тушди. Ўғлим тенгдошлари билан бир синфда таълим-тарбия олмоқда. Хурсанд бўлганим шундаки, ўғлимда нутқ томондан орқада қолиш бор эди. Мактабга чиққандан кейин ўз фикрини бемалол тушунтириб бера олмоқда. Баҳо олганини айтади. Айрим пайтлар тўрт ёки уч баҳо олиб қолса, хафа ҳам бўлиб қолади. Фарзандимни инклюзив таълимга беришдан олдин кўп ўйлаганман, хавотир олардим. Мослашиб кетармикан, деб ўйлардим. Буни менга ўхшаган ота-оналар яхши билади. Энди барча ота-оналарга айтаман. Ҳеч ҳам хавотир олишмасин. Ўғлимнинг эшитиш қобилияти яхшиланяпти. Нутқида ижобий ўзгаришлар бор. Тенгдошлари билан ўзи бемалол мулоқот қила олади. Тўгаракларга қатнашади.

Айни пайтда Навоий вилоятида 30 та мактабда 80 нафар ногиронлиги бўлган болалар инклюзив синфларда таълим олмоқда. Махсус педагоглар ва тюторлар ҳар бир ўқувчининг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатмоқда.

– Юртимизда таълим боланинг имкониятларига қараб мослаштирилади, деган тамойилга асосан олиб борилмоқда, – дейди Учқудуқ туманидаги 10-умумтаълим мактаби директори Шаҳло Бафоева. – Ҳаттоки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 50-моддасида ҳам инклюзив таълим ҳақида айтиб ўтилган. Ўқув йили бошида мактабимизда инклюзив синфлари ташкил этилди. 2 нафар ногиронлиги бор болалар таълимга жалб қилинди. Мутахассисларни олиб келиб, ўқув жараёнларини бошладик. Натижалар ёмон эмас. Буни биз боланинг психологиясидан билиб олишимиз мумкин. Ота-онанинг хурсандчилигидан ҳам билсак бўлади. Ногиронлиги бор ота-она фарзандининг келажаги ҳақида бош қотирар экан, инклюзив таълим айни муддао бўлди. Бу тизим боланинг келажакда ҳам ўзининг ўрнини топа олиш имкониятини очиб берди, десак янглишмаймиз. Бу таълим тизимини ташкил қилишда биз ота-она мурожаати билан бирга ижтимоий хизматлар тизими билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз.

Таъкидлаш керакки, 2025-2026 ўқув йилида вилоят бўйича қўшимча 45 та мактабда инклюзив синф ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ўқувчиларнинг қамрови 150 нафарга етказилади. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech