Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш давр талаби

Одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш бугунги сиёсатнинг асосий мақсадига айланди. Ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатини таъминлаш, айниқса, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани сўзимиз исботи. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий саводхонликни оширишда эса илмий-маърифий нашрларнинг роли катта. “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналини ҳам ана шу нашрлар қаторига қўшиш мумкин.

 

16 апрель куни журналнинг 2025 йилдаги биринчи сони тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ҳуқуқшунослик, сиёсий фанлар, фалсафа ва социология соҳаларида фаолият юритаётган профессорлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.

 

Тадбир асноси сўз олганлар журналнинг ушбу сонидан ўрин олган илмий мақолалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдиришди. Айниқса, академик Акмал Саидов ва профессор Омон Оқюлов ҳаммуаллифлигидаги “Сунъий интеллектнинг ижтимоий мақоми ва ҳуқуқий режими шаклланишининг истиқболлари” номли мақола баҳс-мунозаралар асосида таҳлил қилинди. Таъкидлангандики, сунъий интеллект келажакда инсоният учун катта хавф туғдиради. Кўплаб касбларнинг йўқолиб кетиши оқибатида миллионлаб одамлар ишсиз қолиши мумкин.

 

– Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда бу каби мақолаларнинг ўрни беқиёс, – деди юридик фанлари доктори, профессор Ҳалим Бобоев. – Бу нафақат шахс учун, балки жамият, давлат учун ҳам фойдали. Умуман, журнални варақлаб, янги сонида жуда долзарб муаммолар кўтарилганига амин бўлдим. Тадқиқотчи-изланувчилар орасида ёшларнинг кўплиги мени жуда қувонтирди. Очиғи, уларга ҳавасим келди. Бизнинг пайтимизда илмий иш қилишнинг ўзи бўлмасди. Диплом ҳимояси учун ёзилган илмий ишлар Москвага жўнатилиб, рухсат олинарди. Бугун ёшлар ўз она тилимизда эмин-эркин илмий иш ёзишяпти.

 

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ва халқаро амалиёт, халқаро нормалар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда долзарб масалаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. У 1999 йил 28 январда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган ва шу йили илк сони нашр этилган. Айни вақтда журнал ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилмоқда.

 

Журнал Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология соҳалари бўйича диссертация асосий натижаларини чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.

 

Ижодий жамоанинг меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, 2024 йилда “Олтин қалам” миллий мукофотининг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Бу журнал нафақат илмий, балки ахборот ва маърифий соҳада ҳам муносиб ўрин эгаллаб келаётганидан далолатдир.

 

Бир сўз билан айтганда, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бугунги кунда фақатгина бир нашр эмас, билим, фикр, тажриба ва ҳуқуқий онг майдонидир. У инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий салоҳиятни намоён этиш, кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда демократик жараёнларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

 

Феруза Раҳимова,
Қувонч Тўраев
ishonch. uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech