Ўзбекистон Париж битимини имзолаганига 8 йил бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 апрель куни ўтказилган Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида Ўзбекистон Париж битими доирасида буғ газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажариш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солишини қайд этди. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек,атроф-муҳитни асраб-авайлашда масъулият барчамизнинг зиммамизда”.

Бу ҳақда сўз борганда, даставвал, Париж битими иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонларининг 21-конференцияси доирасида қабул қилингани ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирганини таъкидлаш лозим.

Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга бўлиб, улар учун халқаро ташкилотлар томонидан иқлимга доир дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришда чекловлар қўлланилади.  

Париж битими – атмосферага ис газлари чиқиндиларини камайтириш ва глобал ўртача ҳарорат даражаси ўсишини чеклаш орқали иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга йўналтирилган халқаро келишув.

Мазкур битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°С да сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. Париж битими шартлари иссиқхона газларининг глобал ажратмаларини 2050 йилга бориб 40-70 фоизга камайтиришни, 2100 йилгача эса унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.

Бундан 8 йил олдин, 2017 йил 19 апрель куни –  БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича конвенцияси котибиятига иссиқхона газлари ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссани камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. Мазкур битим 2018 йил 3 октябрда ратификация қилинди. 

Янада аниқ қилиб айтганда, Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган, бироқ 2018 йил 3 октябрга қадар ушбу битимни ратификация қилмаган эди. Экспертларнинг фикрича, Париж битими Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.

Париж битимида қатнашиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади. Шу жиҳатларни, янада муҳими, халқимиз манфаатларини, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсади устувор эканини инобатга олган ҳолда, Париж битимини ратификация қилгани – Ўзбекистоннинг умуминсоний қадриятлар, битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини яна бир бор  амалда намоён этди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси бугунги кунда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси, Киото протоколи ва Париж битими қоидаларини амалга ошириш бўйича музокаралар жараёнининг олий органи ҳисобланади. Томонлар конференцияси ҳар йили ўтказилади ва унда раислик БМТ томонидан тан олинган бешта ҳудуддан бирига навбатма-навбат ўтади.

Шу маънода, 2024 йилда Озарбайжон 29-Томонлар конференцияси (CОP29) раиси этиб сайланди. Кенг мулоқот майдони сифатида COP29 конференцияси 2024 йил 11–22 ноябрь кунлари 198 мамлакатдан 50 мингдан ортиқ иштирокчини Боку шаҳрида тўплаган мазкур тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Муҳокама давомида иштирокчилар иқлим ўзгаришлари, уларнинг ёш авлод саломатлигига таъсири ва ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурати туфайли жаҳон ҳамжамияти олдида юзага келаётган асосий муаммоларга эътибор қаратдилар.

Жумладан, БМТнинг Иқлим ўзгариши конвенцияси доирасида 2024 йил 17–19 ноябрь кунлари ташкил этилган “Иқлим ўзгариши шароитида болаларнинг саломатликка бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусидаги параллел тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев сўзга чиқди. Ўзбекистон вакили иқлим ўзгариши шароитида болалар ҳуқуқларини таъминлаш глобал кун тартибидаги муҳим масала эканини таъкидлади.

Иқлим ўзгариши бутун дунёда болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигига кенг кўламли ва кўп қиррали таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Айниқса, экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши, ҳаво ва сув сифатининг ёмонлашиши, шунингдек, экологик хавфларнинг ортиши билан боғлиқ бўлган экологик инқирозлар олдида болаларнинг заифлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларда фаол иштирок этиш ва ушбу муаммоларни ҳал этиш учун асосий шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Параллел тадбирда иштирокчилар томонидан Янги Ўзбекистоннинг айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларининг самаралари эътироф этилди.

Ҳақиқатан ҳам, экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф муҳит – бу инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Маълумки, COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал берди. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва бажарилиши зарур даражада таъминланмасдан қолди.

Она заминимизнинг сув захираларини ўйловсизлик ва исрофгарчилик билан сарфлаш, табиат ва биохилма-хилликка мунтазам зиён-заҳмат етказиш, Ер ва коинотни чиқиндихонага айлантириш,  ана шу салбий жараёнлар асносида кутилажак турли офатларга қарши кураш имкониятларининг чекланишига бевосита сабабчи бўлиш – буларнинг барчаси инсоният бошига янгидан-янги балолар ёғдирмоқда. Боз устига экологик офатлар мавжуд таҳдиду хатарларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.

Марказий Осиё минтақаси ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда.

Бинобарин, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Иқлим бўйича илк глобал битим ҳисобланувчи Париж битими мамлакатимиз учун қатор имкониятларни тақдим этди.

Париж битими глобал исишнинг олдини олиш учун глобал ҳаракат режасини белгилаб беради. Битим табиий ёқилғилардан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, албатта. Бироқ барча мамлакатлардан ҳавони ифлослантиришни камайтириши, технологик қайта қуролланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш кераклиги сўралади. Бундан ташқари, энергия қувватларини етказиб бериш ҳам аста-секин қайта тикланувчи энергияга ўтилиши лозим.

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда:

  • “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ва Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгиланган вазифаларнинг ижросини оғишмай ташкил этиш;

  • БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисида ҳадли конвенциясининг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш;

  • уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш;

  • иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш масалалари асосий мақсад этиб белгилангани бежиз эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Давлат дастуридаги устувор мақсад ва асосий вазифаларнинг барчаси “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили талаб ва мезонларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз табиат ҳақида сўз юритганда, кўпинча “она табиат” деган иборани ишлатамиз. Ўйлайманки, бу шунчаки чиройли, шоирона сўз эмас, балки унинг замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат бор. Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур. Зеро, табиатни асраш – инсонни асраш демакдир”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech