Вали Ғафуровнинг "Вафодор" романи – игна билан ёзилган китоб

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

 

Бу йил мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига ҳар галгидан ҳам ўзгача ҳозирлик кўрилгани бежиз эмас. Чунки, бир томондан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2025 йилни – Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилган бўлса, иккинчи томондан, жорий йилда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги нишонланмоқда.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг бир неча ҳужжатлари изма-из эълон қилинди. Бу ўринда, хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 25 февралда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медалини таъсис этиш тўғрисида”ги ва 19 февралда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари, шунингдек, “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳақида сўз бормоқда.

Бундан кўзланган мақсад – Ватан ҳимояси йўлида мардонавор курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини муносиб равишда иззат-икром билан шарафлашдир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, "Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм балосига қарши курашда кўпмиллатли Ўзбекистон халқи томонидан амалга оширилган буюк тарихий ишларни, унинг енгилмас, кучли иродаси ва қаҳрамонлигини, ўша суронли йиллар ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ мисоллар асосида етказиш, уларни жасорат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ғоят муҳим аҳамиятга эга".

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида сўз борганда, кўпчилик жангчи адиб Вали Ғафуровнинг икки китобдан иборат «Вафодор»    романи, шунингдек «Сўнгги пушаймон»,  «Ботирга   ўлим йўқ»  каби  қиссалари,   «Шохлардаги   мезонлар»   китобидан жой олган хотиралари ва ўнлаб ажойиб ҳикояларини ёдга олади. Касби оддий ўқитувчи бўлишига қарамай,   муаллиф ўзбек адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшгани учун 1985 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" унвони билан тақдирланган.

Вали Ғафуров 1922 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота қишлоғида туғилган. Ота-онасининг 9 нафар фарзандли (5 ўғил ва 4 қиз) болажон оиласида Валижон ака олтинчи фарзанд бўлган.

Биз қўшни турганмиз, ёнма-ён ҳовлиларда яшаганмиз. Шу боис у кишининг ниҳоятда   оддий,   айни   чоғда ҳаяжонли,    жасоратга    тўла, сермазмун таржимаи  ҳоли ҳақида батафсилроқ тўхталишга жазм этдим.

Валижон аканинг оддийлиги шунда эдики, ҳеч қачон айрим  ҳамкасблари   каби  мансаб лавозимларида ўтирмаган. Ҳамиша ўқиш, меҳнат билан машғул бўлган. Дастлаб етти йиллик мактаб таълимини битириб, сўнг Тошкент Давлат университетидаги ўқитувчилик курсида таҳсил олган. 1940 йилда Самарқанд вилояти мактабларида ўқитувчилик қилган.

Вали Ғафуров 19 ёшга етар-етмас жангу жадалга отланган. Айтишларича, Вали ака отам Холмат Саидов билан бир кунда ва бирга фронтга кетишган.

Валижон ака 1941 йили Нальчик ҳарбий пиёдалар билим юртига ўқишга юборилган. 1942 йил ёз ойларида фашистлар Шимолий Кавказ, Дон соҳиллари ва Сталинград остонасига яқинлашиб қолгани, жанубий йўналишга стратегик устуворлик қаратилгани сабабли фронтнинг бу қисмида вазият бирдан қалтислашган. Натижада Валижон ака ва бошқа сабоқдошларининг ўқиш жараёни жадал якунланиб, барча курсантлар жанггоҳга юборилган.

Пулемётчи Вали Ғафуров аввал Сталинград остонасида мардлик намунасини кўрсатган. Кейин 1942 йил 19 октябрда Севастополни қаҳрамонона мудофаа қилиш асносида рўпарасида портлаган снаряд парчаларидан оғир жароҳатланган. Оқибатда икки кўзидан ажралган ва бир оёғи ногирон бўлиб қолган.

Вали Ғафуровнинг сирдош дўсти ва "Вафодор" романининг илк нашрига сўзбоши ёзган ижодий ҳамкори журналист О.Сидельниковнинг қайд этишича, Валижон ака госпиталда ҳушига келиб, энди бу ёруғ дунёни ҳеч қачон кўролмаслигидан хабар топган илк дамларда ниҳоятда тушкунликка тушган, ҳаттоки, ўз жонига қасд қилиш хаёлига ҳам борган.

Аммо, кейинчалик, учувчи Алексей Маресьевнинг қаҳрамонлиги ва ёзувчи Николай Островскийнинг тақдири ҳақидаги ибратли қиссалар унга юпанч ва таскин берган. Москва учун жангларда қаҳрамонлик кўрсатиш асносида кўзларидан жудо бўлган журналист К.Зотов госпиталга Валижон акани йўқлаб келган ва ҳамдардига астойдил далда берган.

Натижада Вали Ғафуров ўзида яшаш учун куч топган. Кейинчалик у киши «Игна билан ёзилган роман» китобини ва шу асарни ёзишда қўл келган иш қуролларини Н.Островский музейига совға қилган. Бугунги кунда Валижон аканинг китоблари ҳамда ҳаёти ва фаолиятига оид экспонатлар Москва ва Волгоград шаҳарларидаги жанговар музейларда, шунингдек Тошкентдаги Ўзбекистон тарихи музейида ҳам сақланмоқда.

Вали Ғафуров урушдан қайтиши билан тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги ва яхши одамлар кўмаги туфайли Брайл тизимида игна билан ўқиб-ёзишни тезда ўзлаштириб олган. Яна ўқитувчилик қилган, кўзи ожиз катта ёшлиларга дарс ўтган. Кейинчалик Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига қарашли ишлаб чиқариш комбинатини бошқарган.

Шу жараёнда, яъни ХХ асрнинг 60-йиллари бошида Вали Ғафуров қаламига мансуб «Вафодор» романининг биринчи китоби нашр этилди. Асарнинг ҳақли равишда "игна билан ёзилган роман" дея довруқ қозонгани бежиз эмас. Бунинг сабаблари, биринчидан, роман ҳақиқатан ҳам брайл-игна билан ёзилганига бориб тақалса, иккинчидан, кўзи ожиз, ўзи ногирон одамнинг минг бир машаққат билан китоб битганига боғлиқдир.

Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Гап шундаки, Валижон ака болалик йилларидаёқ адабиётга қизиққан, баъзан шеърлар ёзиб, ёшлар нашрларига юбориб ҳам турган. Бироқ, уруш ва урушдан кейинги ногиронлик навқирон ижодкорнинг орзу-ҳаваси эшикларини тақа-тақ бекитганди. Шу маънода, Вали Ғафуров ёзувчилик касбидан бир қадар узоқ бўлишига қарамай, энг йирик насрий жанрда асар, яъни роман ёзишга муваффақ бўлгани мислсиз матонат тимсоли эди.

Бу китоб битилган ва тилга тушган вақтларни яхши эслайман. Валижон аканинг картон қоғозларга брайл-игна билан ўйиб ёзилган "қўлёзма"ларини қизи Умидахон машинкада териб берарди. Қўшнимиз бирон жойга борадиган бўлса ҳам, шу қизи етаклаб юрарди. Валижон ака 8 нафар фарзанднинг отаси бўлиб, 5 нафар ўғил ва 3 нафар қизлардан иборат катта оиласи ўзаро аҳил, болалари ҳам отасига жуда меҳрибон ва оқибатли бўлган.

Шу тариқа 1973   йилда  «Вафодор» романининг иккинчи китоби дунё юзини кўрди. Асар китобхонлар ва адабий жамоатчилик томонидан жуда илиқ кутиб олинди, рус ва қардош тилларга таржима қилинди. Романда ёзувчининг шахсий ҳаёти, тақдири орқали халқимизга хос метин-мустаҳкам ирода, қатъият, қаҳрамонлик, биродарлик туйғулари улуғлангани жуда муҳим, таъбир жоиз бўлса, барча замонлар учун ҳам долзарбдир.

Вали Ғафуров кейин ҳам кўплаб асарлар ёзди. 1970 йилда СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. 1973 йили "Меҳнат Қизил байроқ" ордени билан мукофотланди. Маҳалламизда у кишининг обрў-эътибори ва ҳурмати ниҳоятда баланд эди. Биронта тўй ва маросим Валижон аканинг оқ фотиҳаси ва эзгу тилакларисиз бошланмасди.

Кунлардан бир куни Валижон аканинг ҳамсояси ва қадрдони Абдираҳим ака Мирзаев ва турмуши ўртоғи бевақт вафот этди. Уларнинг ҳали уйли-жойли бўлиб улгурмаган 3 нафар фарзанди етим қолди. Марҳумларнинг йили ўтганидан сўнг, Вали Ғафуров ўша оиланинг тўнғич фарзандини уйлантириш учун оталарча шаҳд билан тўй тадоригига киришди.

Маҳалла аҳли Валижон акага бу савобли ишда ҳар томондан мададкор бўлдилар. Менинг зиммамга тўйга санъаткорларни олиб келиш юмуши юкланди. У замонларда санъат аҳлининг тўйда иштирок этиши билан боғлиқ аниқ тартиб-қоида ё меъёрлар мавжуд эмаслиги учун бу илтимосни ижобий ҳал қилишга анча қийналдим.

 Бемор тузалишни истаса, табиб ўз оёғи билан келар  ва хайрли иш битмай қолмас, деган мақолларда ҳикмат кўп экан. Ўшанда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Раҳимова ишхонамга - Республика ёшлар ташкилоти биносига ўзлари келиб қолдилар. Опага илтимосимни айтдим ва аҳволни тушунтирдим. Гавҳар опа Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова билан бирга маҳалламиздаги тўйга ташриф буюришга ваъда берди.

Валижон ака билан маҳалладошлар олдида юзим ёруғ бўлишига икки карра ишончим комил бўлганди. Чунки Гавҳархоним Раҳимова Ўзбекистон халқ артисти Тамарахонимнинг синглиси, халқимизнинг севимли санъаткори, таниқли қўшиқчи, раққоса ва балетмейстер, ўзбек профессионал рақси асосчиларидан бири бўлса, ўз навбатида, Коммуна Исмоилова машҳур хонанда, мумтоз наволар ва мақом, ўзбек халқ қўшиқлари ва замонавий ашулаларнинг моҳир ижрочиси эди.

Қолаверса, Иккинчи жаҳон уруши йиллари Гавҳархоним Раҳимова Ўзбек давлат хотин-қизлар фронт ансамблига бадиий раҳбар бўлган. Коммуна Исмоилова эса шу ансамбль таркибида иштирок этган. Улар фронтнинг илғор ҳудудларида жанг қилган аскарларга олти ойдан кўпроқ муддат давомида концертлар намойиш этишган.

Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Раҳимова билан Коммуна Исмоилова айтилган вақтда маҳалламизда ҳозир бўлдилар. Ҳамманинг кайфияти чоғ, анчадан бери бу қадар номдор санъаткорлар маҳалламизга келмаган эди. Энди, одатдагидек, Вали ака Ғафуров тўйни очиб берсалар кифоя.

Бироқ, кутилмаган ташвишли хабарни эшитдик. Ўша куни Валижон аканинг соғлиғи бирдан ёмонлашиб қолган ва у кишини касалхонага шошилинч олиб кетишган экан. Ҳозиргина шифокорлар  тузалиб кетишларига умид йўқлигини айтиб, уйларига жавоб беришибди.

Оқсоқоллар маслаҳатлашиб тўйни кейинга қолдирмасликни, мусиқа овозини пастроқ қўйган ҳолда, тантанани ўтказаверишни маслаҳат беришди. Тўй бошланди. Даставвал санъаткор опаларимиз оқ-қора хонатлас либосларда даврага чиқиб, ўзбекча хонишлар, лапар ва яллалар билан даврани қиздиришди.

Сўнг дунё халқларининг куй, қўшиқ ва рақсларига навбат келди. Бирдан тўйхона узра "Катюша" қўшиғи янгради. Ана шу ҳаммага таниш оҳанг ҳарбий-жанговар концерт дастурини бошлаб берди. Гоҳ Коммуна опа қўшиқ айтади ва Гавҳар опа рақс тушади. Гоҳ ҳар икки санъаткор бирга куйлаб, бирга ўйнайди.

Тўй аҳли санъат сеҳридан сел, ҳатто даврага чиқиб рақс тушаётганлар ҳам оз эмасди.      Шунда тўсатдан тўйхонага маҳалла оқсоқоли билан етаклашган кўйи Вали Ғафуров кириб келди. Куй-қўшиқлар бир муддат тўхтади. Валижон ака тўй сабабчилари бўлмиш ёш келин-куёвни муборакбод этиб, маҳалла аҳлига бахту омад, эзгу тилакларини тилади, менга раҳмат айтишни ҳам унутмадилар.

Айниқса, ёшларнинг шодиёнасида хизмат қилаётганлари ва ўзини шўх қўшиқлари билан руҳлантириб, яна ҳаётга қайтарганлари учун севимли санъаткорларимизга Валижон ака алоҳида миннатдорчилик билдирди. Маълум бўлишича, Севастополь жанги арафасида Гавҳархоним Раҳимова бадиий раҳбарлигидаги Ўзбек давлат хотин-қизлар фронт ансамбли Вали Ғафуров хизмат қилган ҳарбий қисм жангчилари учун концерт намойиш этган экан.

Валижон аканинг ўша пайтдаги бир таъсирчан эътирофи ҳалигача қулоқларим остида жаранглаб турибди. "Ўшанда концерт тугаши билан жангга кирганмиз. Шу ансамбль аъзолари мен кўзларим очиқлигида, снаряд парчалари икки кўзимдан жудо қилишидан аввал кўрган энг охирги ўзбек қизларининг сиймоларидир", деганди у киши.

Вали Ғафуров, шифокорларнинг хавотирли ташхисларига қарамай, ўшандан кейин ҳам бир неча йил яшади. У киши 1994 йил 31 июлда 72 ёшида вафот этди ва Зангиота қабристонига дафн қилинди. Матонатли жангчи ва иродали ижодкор, камтар ва ибратли қўшнимизнинг хотираси ҳамиша барҳаёт.

 

Акмал Саидов,

академик

“ТОШКЕНТ ҲАҚИҚАТИ” газетаси 2025 йил 7 май № 31 (13792) - сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech