7 май куни пойтахтимиздаги «Ренессанс» кино уйида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ташаббуси билан бўлиб ўтган анъанавий «Бирлашиш нуқтаси» халқаро медиа форуми айни шу мавзуга бағишланди. Бу йил тўртинчи бор ўтказилган медиа-анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Халқаро пресс-клуб, шунингдек, ЮНЕСКО ҳамда AICA (Central Asia Association of Artificial Intelligence) минтақавий тузилмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Форумда мамлакатимиз медиа соҳаси вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, тегишли вазирлик ва идоралар экспертлари, матбуот котиблари, журналистлар, блогерлар, таълим соҳаси намояндалари, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасига аъзо телерадиоканаллар ижодкорлари, ёш инноваторлар, технологик стартаплар асосчилари, шунингдек, инвесторлар ва тадбиркорлар қатнашди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказидан – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзаев иштирок этди.
Халқаро форумда даставвал ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа, соҳага алоқадор ташкилотлар ва етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Жонли мулоқотларда, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларидан келган журналистлар, Марказий Осиё мамлакатларининг соҳага тегишли ташкилотлари экспертлари фаол қатнашди.
Сўзга чиққанлар сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳозирги вазиятни теран ва холис, қизғин ва танқидий руҳда муҳокама қилдилар. Янги Ўзбекистон учун сўз эркинлиги – шунчаки шиор эмас, балки очиқ ва замонавий ахборот жамиятини барпо этиш йўлидаги қатъий азму қарор ва қайтмас қадам, аниқ ва самарадор саъй-ҳаракатлар экани эътироф этилди.
Ушбу халқаро медиа форум 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан ўтказилди. Шу боис мамлакатимизда, бутун минтақамизда сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини тўла таъминлаш, миллий медиа маҳсулотларини яратиш ва медиасаводхонлик истиқболлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада тараққий эттиришда сунъий интеллект имкониятларидан оқилона фойдаланиш каби йўналишларда атрофлича фикр алмашилгани айни муддао бўлди.
Маълумот учун: 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган. Чунки 1991 йил 3 май куни Намибияда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси қабул қилинган бўлиб, мазкур Декларацияда баён этилган матбуот эркинлигини таъминлашга доир талаблар шу халқаро сананинг таъсис этилишига туртки бўлган.
Бундан кўзланган асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топган. Кейинги даврда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилди.
Хусусан, халқимиз 2023 йил 30 апрель куни референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда учта йўналишда: биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш; иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш; учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 07.05.2025
- Кўришлар: 467
- Чоп этиш