Шу кунларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида юртимизнинг барча ҳудудларида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Бу турли тадбирларнинг моҳиятида Ўзбекистон халқининг тарихий қаҳрамонлиги, фидокорона меҳнатини улуғлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқатли, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлашга қодир инсонлар этиб тарбиялаш мақсади мужассамдир.
Ўзбекистон Президентининг бу борада имзолаган икки фармони ва қарорида эътироф этилганидек, халқимизнинг Ватан ҳимояси йўлидаги юксак мардлик ва қаҳрамонликлари барча авлодлар учун намуна ва ибрат мактаби вазифасини бажариб келмоқда.
Хусусан, Иккинчи жаҳон урушига ўзбекистонликларнинг 2 миллионга яқини сафарбар этилиб, шундан 538 минг нафардан ортиғи жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 158 минг нафардан ортиғи бедарак йўқолган, мустақиллик йилларида 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар.
Бу ҳақда сўз борганда, юртимизда айнан Ғалаба боғи тимсолида, жумладан, урушда асир тушган, концлагерларда вафот этган ёки бедарак кетган ватандошларимиз хотирасини ёд этишга ҳам жиддий эътибор қаратилганлигини таъкидлаш лозим. Бу ерда Нидерландиянинг «Амерсфорт» концлагерида фашистлар томонидан отиб ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг фожиали тақдири билан боғлиқ шу пайтгача ошкор этилмаган архив ҳужжатлари сақланаётгани бу фикрларимизни яққол тасдиқлайди.
Гап шундаки, нидерландиялик таниқли тадқиқотчи ва ёзувчи Ремко Рейдинг фаолияти давомида уруш йиллари ўз ватани ҳудудида жойлашган "Амерсфорт" концлагерида асир бўлган совет ҳарбийларининг қабристонида 865 нафар номаълум аскар кўмилгани, уларнинг 101 нафари ўзбек бўлганини аниқлаган. Дастлабки олти ой давомида 24 нафар асир очлик, касаллик ва шафқатсиз муносабат туфайли бевақт вафот этган бўлиб, қолган 77 киши эса 1942 йил 9 апрелда отиб ташланган.
Ўша концлагерда асирликда бўлган голландиялик бир маҳбус томонидан 9 та портрет чизилган. Шундан фақат иккитасида Ҳотам Қодиров ва Зойир Муродов исмлари ёзилган экан. Зеро, 101 нафар ўзбек аскари фашистлар концлагеридаги жаҳаннам азобига қарамасдан, инсоний ор-номуси ва миллий ғурурини сақлаб қолган. Муаллифлар А. Иргашев ва Ю. Медведовскаянинг ушбу мавзуга бағишланган «Бир юз бир» номли романи Ғалаба боғидаги музей экспозицияси ва кутубхонадан жой олган.
Бу тарихий ҳужжатлар билан танишиб, "Амерсфорт"да асирга тушган 101 нафар ўзбекнинг чеккан уқубатларидан юрагингиз доғланади. Бироқ, гўё уларни озод этишга шошаётган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва фронтга пешма-пеш жўнатилган самолётлар, снарядлар, шунингдек ўша машъум кунлардаги жанговар ҳаёт саси, ўзбек жангчиларининг мардона овозлари юпанч, қалбингизга далда бўлади.
Ремко Рейдинг номи юртдошларимизга яхши таниш ва жуда қадрлидир. Чунки у Иккинчи жаҳон уруши даврида Смоленскдаги қақшатқич жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Нидерландиядаги “Амерсфорт” концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урган фидойи ижодкор ҳисобланади.
Нидерландия заминида хоклари ётган 101 нафар ўзбек жангчиси 1941 йилда фашистлар томонидан асирга олинган ва 1942 йил 9 апрелда қатл этилган. Айнан Ремко Рейдинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси ҳар йили шу қайғули санада собиқ “Амерсфорт” концлагерининг юртдошларимиз отиб ташланган майдонида хотира тадбири ўтказиб келади.
Р.Рейдинг Иккинчи жаҳон урушининг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўрганиб, шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида “Шон-шуҳрат майдони болалари” номли китоб ёзган. Бу борадаги изланишларини 20 йилдан буён садоқат ва матонат билан изчил давом эттирмоқда.
Камина 2022 йил январида Брюсселда таниқли журналист ва адиб Ремко Рейдинг билан бир неча бор учрашганман. Қизғин мулоқотларимиз чоғида қаттол урушнинг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўргангани ҳамда ана шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида алоҳида китоб ёзгани учун унга миннатдорчилик изҳор этиш имконига эга бўлганимдан фахрланаман.
Ўша мулоқотларнинг бирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йили Тошкент шаҳрида очилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси таркибида 101 нафар ўзбек жангчиси хотирасига бағишлаб “Концлагерь” ёдгорлиги бунёд этилгани ҳақида гаплашдик. Шунингдек, “Шон-шараф” давлат музейида, Р.Рейдинг тўплаган тарихий далил ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, айни мавзуни ёритишга қаратилган махсус павильон ишлаб турганига оид хабарни у мамнуният билан қабул қилди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, нидерландиялик маданият арбоби Б.Чарлак 2021 йилда “Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг гавҳари” номли китобини нашр эттирди. Ушбу китобда 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида Р.Рейдинг тақдим этган тарихий маълумотлар қайд этилган.
Эътибор беринг: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2025 йилни – Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилгани замирида муайян ҳаётий воқеалар ва таҳдидли далиллар ётибди. Стокголм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIRPI) ҳисоботида қайд этилишича, 2024 йилда глобал ҳарбий харажатлар 2,7 триллион долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга ошган. Бу "совуқ уруш” даври тугаганидан бери кузатилган энг кескин ўсишдир. Афсуски, мудофаа харажатларининг ошиши тенденцияси кетма-кет ўн йилдан бери давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг яқинда мамлакатимизда ўтказилган 150-Ассамблеясидаги нутқида ташвиш билан уқтирганидек, “сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда”.
Бинобарин, Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг мудҳиш, энг бешафқат тўқнашув бўлганлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Ўшанда жангу жадаллар Европа, Осиё ва Африка қитъаларида, ҳавою океанларда кечган. Баъзи маълумотларга кўра, бу урушда жами 85 миллионгача инсон ҳалок бўлган. Ер юзи беҳисоб вайронагарчилик ва қаҳатчиликка юз тутган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари (ҳозирда собиқ) Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида 2017 йил 12 май куни ер юзи сайқали саналмиш Самарқанд шаҳримизни зиёрат қилганида, унга ҳамроҳ бўлгандим. Ушбу нуфузли меҳмон ўшанда Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар истило қилган Голландияга (Нидерландияга) махсус поездда олиб келинган 101 нафар ўзбек аскарининг асирликдаги аччиқ қисмати ҳақидаги журналист тадқиқотларини ўқиб, халқимизнинг меҳрибонлиги ва улуғворлигига ихлоси чандон даражада ортганини сўзлаб берди.
Бу ўринда фашистлар Германиясининг тарғибот бўйича рейхс-министри Йозеф Геббельснинг машъум режасига кўра жанггоҳларда асир олинган ва Европадаги ўлим лагерларидан бири бўлмиш «Амерсфорт»га қамалган ўзбек ўғлонлари тарихи ҳақида сўз бормоқда. Ушбу ҳарбий асирлар Москвага бошланадиган ҳужум олдидан фашист армиясининг руҳини кўтаришга қаратилган "тарғибот фильми"да "жонли ва таъсирчан роль" ўйнаб беришлари керак бўлган. Аммо ушбу қабиҳ режа амалга ошмаган.
Гап шундаки, лагернинг чор атрофи ўралган серёмғир осмон остидаги қўрасида юртдошларимизга неча кунлаб овқат берилмай, ғайриинсоний шароитларда сақланган. Улар кундузи тоғда тош майдалаш ва уни ташишга мажбурланиб, кечаси ухлашга имкон берилмасдан, шафқатсиз калтакланган, тинимсиз хўрланган. Кунлардан бир куни лагерга Геббельснинг генераллари бошчилигидаги фашист амалдорлари, шунингдек кино операторлари ва режиссёрлардан иборат катта бир ижодий гуруҳ келади.
Шу муносабат билан озода ва саришта либослардаги кўркам кўринишли фашист офицерлари эзилган ва азоблардан букчайиб қолган жулдур кийимлардаги асирлар қаршисида саф тортади. Чироқлар ёнади, кино камералари ишга тушади. Мошинада янги ёпилган, ҳиди ёқимли уфуриб турган иссиқ нонлар олиб келинади. Немис офицери ўзига новвой узатган булкани олиб, девордан ичкарига, ўзбек асирлари томонга улоқтиради.
Фашистларнинг фикрича, "инсон қаторида кўрилмайдиган", лагердаги "шароитлар" туфайли эса одамийлик қиёфасини ҳам йўқотаёзган оч-наҳор ва хастаҳол асирлар ўзаро нон талашиб, кинобоп томоша кўрсатишлари керак эди. Бу, ўз навбатида, Гитлернинг немислар – олий ирқ, бошқа миллатларда эса инсонийликка хос зиғирча ҳам хислат йўқ, деган манфур ғоясини тасдиқлаб берарди. Бироқ, бундай бўлмайди.
Атрофга жимжитлик чўкади. Бир муддатдан кейин асирлардан бири ерда ётган нонни қўлига олиб, уч марта ўпади ва кўзига суртади. Сўнгра нонни кенг даврада чордона қуриб ўтирган ўзбек асирларнинг ёши улуғига – муаллимга олиб боради. Муаллим нонни бўлаклаб, дастлабки ушоғини энг кичик ёшли маҳбусга узатади.
Шу тариқа нон бўлаклари ҳаммага тенг тақсимланади. Муаллим охирги бўлакни ўзига олади. Ўзбек биродарларимиз шошмасдан, ҳовлиқмасдан, одоб сақлаб, бирин-кейин навбат билан ризқланишади. Охирида Худонинг неъмати учун шукроналик фотиҳаси ўқилгач, улар тарқалишади.
Бундай кутилмаган сценарий фашистлар тахмин қилгандек якун топмайди. Оқибатда юртдошларимиз жуда қаттиқ жазоланади. Ўзбек асирларнинг ҳаммасини ўрмонга олиб бориб, отиб ташлашади.
Кейинчалик бу ибратли тарихий воқеадан хабар топган голландиялик журналист, ёзувчи ва тадқиқотчи Ремко Рейдинг узоқ изланишлари натижасида айни мавзуда йирик китоб ёзган. Муаллифлар Анвар Иргашев ва Юлия Медведовскаянинг «Бир юз бир» номли романи ҳам шу мавзуга бағишланган. Бу ҳақда яна китоблар чоп этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида атрофлича маълумотлар эълон қилинмоқда.
Ўз навбатида, Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида ўзбек киноижодкорлари миллатимизнинг гўзал сийратини, азалий одоби ва инсонпарварлик фазилатларини теран очиб берадиган ушбу ҳаётий қисса асосида "101" номли бадиий фильмни тасвирга олдилар. Қаттол урушнинг 101 нафар қаҳрамони ва қурбони ҳақидаги бу фильм, «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан мувофиқлаштирилган ҳолда, «Uzbekistan Film», «Omad Film Production», «DF SERVICE» компаниялари ҳамкорлигида тайёрланган.
Режиссёр Ҳамидулла Ҳасановнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонлик бир юз бир аскарнинг мардонавор жасорати ва фожиали тақдири ҳақидаги ҳужжатли маълумотларга асосланган «101» фильми миллий кинематографиямиз учун яна бир аҳамиятли қадам бўлди. «Бир юз бир ўзбек қаҳрамонининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қўшган бебаҳо ҳиссаси, оммавий қаҳрамонлиги бутун дунёдаги инсонлар хотирасида абадий сақланиб қолади!» – дейди сценарий муаллифи Юлия Медведовская.
Шу маънода, инсон қадрини жойига қўйиш йўлидаги улкан хизматлари, хусусан, Нидерландия заминида фашизм қурбонига айланган ўзбек жангчилари шахсини аниқлаш йўлида кўрсатган фидойилиги ва юртдошларимиз хотирасига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтироми учун Ремко Рейдинг ҳар қанча таҳсину эътирофимизга муносиб, деб ҳисоблайман.
Ремко Рейдинг ҳозирги вақтда Нидерландиянинг “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси бошқаруви раиси лавозимида ишлайди. Мазкур ёдгорлик мажмуаси Амерсфорт шаҳрининг “Растхоф” қабристонига туташ ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда 865 нафар совет аскари, жумладан, 101 нафар ўзбек жангчиси дафн этилган.
Р.Рейдинг ана шу қурбонларнинг шахсини аниқлаштириш учун изчил изланишлар олиб бормоқда. Хусусан, Р.Рейдинг 2021 йилда ўзбекистонлик жангчиларга тааллуқли экани тахмин қилинган бир қанча тарихий ҳужжатларни топишга муваффақ бўлган.
Р.Рейдинг уруш қурбонлари хотирасини тиклаш, уларнинг шахсини аниқлаш, қариндошларини топиш борасида амалга ошираётган эзгу фаолият Нидерландия ва Россия давлатлари томонидан юқори баҳоланган. Хусусан, у 2014 йилда Нидерландиянинг Оран-Нассау Ордени рицари унвони билан тақдирланган. Лёсден шаҳри (Нидерландия) мэрияси 2019 йилда Р.Рейдингни жамият олдидаги хизматлари учун Анни де Бофорспелд кўкрак нишони билан мукофотлаган.
Р.Рейдинг Ўзбекистонга бир неча бор келган ва Иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек жангчилари жасоратига бағишлаб ташкил этилган тадбирларда қатнашган. Айниқса, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бунёд этилганидан кейинги даврда юртимизга ташриф буюриб, оммавий ахборот воситаларида ушбу тарихий мажмуадан олган таассуротларини самимий изҳор этгани эътиборлидир.
Р.Рейдингнинг Нидерландия тупроғида дафн этилган ўзбек жангчилари қабрларини обод қилиш ташаббуси, бир томондан, миллий ва умуминсоний қадриятларга мос бўлса, иккинчи томондан, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган инсон қадрини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига тўлиқ жавоб беради.
Янада муҳими, бу борадаги маънавий-маърифий ташаббуслар Ўзбекистон халқининг тарихий қаҳрамонлиги, фидокорона меҳнатини улуғлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқатли, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлашга қодир инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилиши билан ғоят қадрлидир. Чунки, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Биз тинчлик ва мустақиллик учун ўз жонини аямаган ота-боболаримиз ва мард ўғлонларимизнинг улкан жасорати, матонати ҳамда фидойиликларини юрагимизда абадий сақлаймиз”.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 8 май кунги 93 (1419)-сони
- Қўшилди: 08.05.2025
- Кўришлар: 257
- Чоп этиш