Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида жорий йил 7 май куни Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонлари хотирасига бағишланган махсус тантанали мажлис бўлиб ўтди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган ушбу мажлис, “БМТ янгиликлари” сайти хабарида қайд этилганидек, март ойида Россия ташаббуси билан қабул қилинган ва ташкилотга аъзо қатор давлатлар, жумладан, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланган БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ ўтказилди.
Ҳужжат халқаро хавфсизликка таҳдидларга қарши курашда БМТ атрофида бирлашишга, шунингдек, барча низоларни БМТ Низомига мувофиқ ҳал қилишга даъват этади. БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессияси раиси Филемон Янг тантанали мажлисни очиб, "биз кўпинча табиий ҳол деб қабул қиладиган улуғ неъмат – озодликни асраб қолиш учун ўз жонини фидо қилган инсонлар" хотирасини ёд этишга чақирди.
Ҳақиқатан ҳам, Иккинчи жаҳон уруши жангу жадал ва меҳнат фронтларида жасорату матонат кўрсатган фахрийларнинг аксарияти бугун юз ёшдан ошган. Уларнинг овозини эшитиш имконияти тобора камайиб бормоқда. Тарихни асраб-авайлаш – нафақат хотирага ҳурмат-эҳтиром, балки барчамизнинг маънавий-ахлоқий бурчимиз ҳамдир.
Ф.Янг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти келгуси авлодларни уруш офатларидан асраш учун ташкил этилганини эслатди. Унинг таъкидлашича, "БМТ асосчилари содда хаёлпарастлар эмасди, асло. Улар давлат арбоблари бўлиб, низо-можаролар синовида тобланган шахслар эди. Уларнинг тажрибаси тарих жараёнида қиёмига етган. Уларнинг кўз ўнгида ўшанда дунё парчаланиб кетганди ва улар дунёнинг яхлитлигини сақлаб қолиш учун етарли даражада мустаҳкам бўлган тизимни яратишга қатъий азму қарор қилдилар”.
Шу маънода, БМТ Бош Ассамблеяси Раиси барча саъй-ҳаракат ва куч-ғайратни инсониятнинг ялпи интилишларига мос келадиган глобал тинчлик йўлида бирлаштиришга чорлади.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя фашизм устидан қозонилган ғалаба "дунёни ирқий устунлик назарияси жарига – инсон ҳаётининг қадри одам бош суягини чизғич билан ўлчаш орқали белгиланадиган тубанлик домига қулаб кетишдан сақлаб қолган”ини эслатди.
Дипломат "Биз Гитлерга қарши коалициянинг барча иштирокчиларига миннатдорчилик билдирамиз ва иттифоқчиларнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини қадрлаймиз”, деди ва Ғалаба кўп миллионли қурбонлар эвазига қўлга киритилганини таъкидлади.
Ғалаба йўлида, В.Небензянинг баёнотига кўра, “Совет Иттифоқи 27 миллион кишининг ҳаётини бой берди, бунда фақатгина қайта тикланмас ҳарбий йўқотишларнинг ўзи 12 миллион кишини ташкил этди. Тинч аҳоли орасидаги кўп миллионли қурбонлар нацистларнинг Совет Иттифоқи халқларига нисбатан олиб борган геноцид сиёсатининг оқибати бўлди".
Қарор муаллифлари Иккинчи жаҳон уруши йилларида инсоният бошидан кечирган фожиани эслатар экан, унинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда "демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида илгари суриш" борасида эришилган ютуқларни эътироф этдилар.
Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар номидан сўзга чиққан Ставрос Ламбринидис Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг саксонинчи йилига "Европа ва бутун дунё тарихидаги чуқур фожиали саҳифа", шунингдек, "мушоҳада қилиш вақти" дея таъриф берди. Унинг фикрича, "Бу барча қурбонлар хотирасига ҳурмат кўрсатиш ва уруш ҳамда унинг оқибатлари олиб кетган сон-саноқсиз инсонлар ёдини йўқлаш учун бир сабабдир".
Дипломатнинг сўзларига кўра, ушбу сана келгуси авлодлар учун янада тинч, адолатли ва фаровон келажакни таъминлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо барча давлатлар билан ҳамкорлик қилишга содиқликни яна бир бор тасдиқлаш имконияти ҳамдир. С. Ламбринидис таъкидлаганидек, "Мустақил давлатларни бўйсундириш мақсадида куч ишлатиш ва тажовуз қилиш, демократияга зарар етказиш учун ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва нафратни бутун халқларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш ва ҳатто йўқ қилиш қуролига айлантириш – БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг тинчликпарвар куч-қудрати туфайли якдил қораланадиган бундай қабоҳат ўтмишда абадий қолиши ва келажакда ҳаргиз такрорланмаслиги зарур".
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, БМТ Бош Ассамблеяси 2020 йил 5 ноябрда ҳам Россия томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилган. Унга кўра, 8 ва 9 май – Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонларини хотирлаш кунлари деб эълон қилинган. Ҳужжатда БМТга аъзо давлатлар, мазкур нуфузли халқаро ташкилот тизимидаги тузилмалар, нодавлат ташкилотлар ва шахслар 8 ва 9 май кунларини Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонларини хотирлаш санаси сифатида муносиб нишонлашга даъват этилган.
Афсуски, 2020 йил 9 май – Ғалабанинг 75 йиллиги дунё миқёсида кутилган даражада кенг нишонланмаган. Бунга аксарият мамлакатларда коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин чоралари ва фавқулодда вазият ҳолатлари халал берганди.
Бош Ассамблея ҳар беш йилда Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонлари хотирасига бағишланган тантанали мажлислар ўтказиши керак. БМТнинг 2025 йил март ойидаги қарорида шу вазифа ҳам алоҳида муҳрланди.
Ўз навбатида, 8 ва 9 май ҳақида сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йил 24 ноябрда қабул қилган резолюциясида ушбу саналарни – Хотира ва ярашиш кунлари деб эълон қилганини таъкидлаш лозим. БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йил 5 ноябрдаги резолюциясида айни шу ҳужжатга ҳавола қилинган.
БМТ Бош Ассамблеяси 2010 йил 2 мартдаги 64/257-сонли резолюцияси билан 8 ва 9 май кунларини Иккинчи жаҳон урушининг барча қурбонларини хотирлаш санаси сифатида муносиб нишонлашни тавсия этган. Ўша йили 6 майда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 65 йиллигини нишонлаш доирасида Бош Ассамблея томонидан урушнинг барча қурбонлари хотирасига бағишланган алоҳида тантанали мажлис ўтказилган.
БМТ Бош котиби мазкур мажлисда "Иккинчи жаҳон уруши эркинлик ва озодлик учун курашлар тарихида қаҳрамонликларга энг бой жанг бўлгани"ни таъкидлаган. Шунингдек, бу урушдаги йўқотишларни тугал ҳисоблаб чиқиш ва моҳиятини англаш ниҳоятда қийин эканига эътибор қаратган.
Шу тариқа БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи ва Женевадаги Европа бўлимида Иккинчи жаҳон уруши тугаган сана билан боғлиқ турли тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда халқаро ҳамжамият бу борада бир қанча конвенция ва битимларни қабул қилган.
Академик Акмал Саидов қизиқ бир далилга эътиборни қаратган: "Бирлашган Миллатлар" деган ном айнан Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ Президенти Д.Рузвельт томонидан таклиф этилган экан. Ташкилотнинг ушбу номи илк бор 1942 йил 1 январда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Декларациясида қўлланилган.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Иккинчи жаҳон урушида фашистлар устидан қозонилган ғалаба кунига дунё жамоатчилигининг муносабати турличадир. Академик А.Саидовнинг 2021 йили ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китобида айни нуқтаи назардан эътиборли бир қатор маълумотлар келтирилган.
Авваламбор, ГФРда 8 май – Озодлик куни ҳисобланади ва давлат байрамлари қаторига кирмаса ҳам, 8 ва 9 май кунлари турли хотира тадбирлари, гулчамбар қўйиш маросимлари ва халқ сайиллари ўтказилади. Европанинг бошқа айрим давлатлари ва АҚШда 8 май – Европадаги Ғалаба куни сифатида нишонланади.
Дарвоқе, АҚШ президенти Доналд Трамп куни кеча 8 май санасини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни деб эълон қилиш тўғрисида фармойиш берди. Бу ҳақда 7 май куни Оқ уй сайтида эълон қилинган прокламацияда сўз боради.
Трампнинг прокламациясида, жумладан: «Қурбон бўлган америкалик аскарларсиз бу урушни ютиб бўлмас эди ва бугунги дунё бутунлай бошқача кўринишга бўларди», дейилади. У, шунингдек, АҚШ «ўз юрти, эркинлик ва Ғарб цивилизацияси омон қолиши учун жонини фидо қилган ҳар бир инсоннинг хотирасини эъзозлашини» таъкидлади.
Бундан ташқари, Исроилда 9 май – нацистлар Германияси устидан қозонилган Ғалаба куни, Буюк Британияда 9 май – Ғалаба куни сифатида ҳар йили байрам қилинади.
Бугун Интернетда эълон қилинган маълумотга кўра, Буюк Британия ҳукумати парламент майдонидаги Уинстон Черчилль ҳайкали устига чиқиш жиноят ҳисобланишини маълум қилган. Айни ҳуқуқбузарликни содир этган шахс Қиролликнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги етакчисини таҳқирлаганлиги учун уч ойгача қамоқ жазоси ва 1000 фунт-стерлинг миқдорида жарима билан жазоланиши мумкин.
Черчилль ҳайкали расман Британиянинг уруш даври ёдгорлиги сифатида таснифланмаган, бироқ ички ишлар вазири Иветте Купер уни махсус ёдгорликлар рўйхатига қўшиш режалаштирилаётганини айтган. Мазкур таклиф ҳозир парламентда кўриб чиқилаётган “Жиноят ва полиция тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мавжуд.
МДҲ маконидаги аксарият мамлакатлар, хусусан, Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон, Россия, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Ўзбекистонда 9 май – Ғалаба куни байрами ҳамда дам олиш куни ҳисобланишини қайд этиш лозим. Мамлакатимизда ушбу сана Хотира ва қадрлаш куни сифатида ҳам умуммиллий байрамлар расмий рўйхатидан жой олган.
Хулоса ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 8-9 май кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлиши ҳақидаги маълумотни келтирамиз. Ташриф дастурига мувофиқ, давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Ушбу ташрифни Янги Ўзбекистоннинг нафақат Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага, айни чоғда дунёда кучайиб бораётган қалтис зиддият ва беқарорликларга нисбатан бағрикенг муносабатининг ўзига хос ифодаси, десак ҳам бўлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, "Тарихга сергак қараган одамгина доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшайди. Бугунги вазиятга ҳам, келгуси жараёнларга ҳам холис ва ҳаққоний баҳо бера олади. Бу эса ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юксак тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартидир".
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 08.05.2025
- Кўришлар: 275
- Чоп этиш