Жорий йилнинг 19 май куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, экспертлар, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд ҳокимиятининг очиқлигини таъминлашга оид қатор қонунлар муҳокама қилинди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда суд фаолияти ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар суд ҳокимиятининг очиқлиги илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштирилишига кенг имкон берди.
Очиқ суд мажлисларида барча фуқароларга ҳеч қандай тўсиқларсиз иштирок этиш имкониятлари берилди. Суд қарорлари ҳеч кимдан сир тутилмасдан онлайн тарзда эълон қилинмоқда.
Яратилган имкониятларга қарамасдан, бугунги кунда ёпиқ суд мажлиси иштирокчилари томонидан суд жараёнларида олинган маълумотларни суднинг рухсатисиз ошкор қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Муҳокама қилинган Қонун суд маълумотларини ошкор қилмаслик бўйича суд муҳокамаси иштирокчиларига тегишли мажбурият юклаш ва буни бузганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Шундан сўнг мажлис иштирокчилари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур Қонун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун процессуал қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш, янги институтларни жорий этиш, одил судлов сифатини ошириш, суд иш юритувини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишининг олдини олишга қаратилган.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётига хусусий айблов институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бунда айрим тоифадаги ишлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш фақат жабрланувчининг аризасига асосан бошланиши белгиланмоқда.
Шу боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Махсус қисмида кўрсатилган айрим ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларни кўриш жабрланувчининг аризаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисида миллий маърузани кўриб чиқди.
Маълумки, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги, сиёсий барқарорлик ва фуқаролар фаровонлигига қаратилган давлат сиёсати самарадорлигидан далолат беради. Бунда эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим ҳисобланади.
Ҳар йили миллий маъруза тайёрлаш ва парламент муҳокамасида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилган. Бевосита сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинг ва индекслардаги Ўзбекистон кўрсаткичлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу йўналишда 9 та халқаро рейтинг устувор этиб белгиланган.
Уларнинг 5 тасида Ўзбекистон позицияси яхшиланган. Шу билан бирга, бошқа йўналишларда ҳам ишлар самарадорлигини ошириш орқали халқаро рейтинглардаги Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш зарурати таъкидланди. Коррупциянинг мавжуд эмаслиги индикатори, Қонунларга риоя қилиш индикатори, Тартибга солиш сифати индикатори ва Матбуот эркинлиги индекси шулар жумласидандир.
Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган масалаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши қонунийликни, қонун нормаларининг аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди. Бундан ташқари, бу суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширади.
Мажлис якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 20.05.2025
- Кўришлар: 224
- Чоп этиш