Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Араб тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси профессори, доктор Аҳмад Жасим Аз-Зубайдий Ўзбекистонда топган ҳаловати, кечинма ва хотираси билан ўртоқлашди.
Мен қочқин ҳам, сайёҳ ҳам эмас, ошиқ эдим. Фақат кимгадир эмас, балки бутун бир тамаддунга, тарихга...
Қирқ йил олдин таржимон сифатида илк бор келганимда, Ўзбекистон менга юрагини – таассурот заргиламини очишини тасаввур қила олмаганман.
Бу заминда мен Ироқни эслатувчи айрим жиҳатларни топдим: бозорлардаги таниш ифор, таомлардаги турли хушбўй зираворлар, қариялар нигоҳидаги бироз мунгли ёшлик соғинчи, мактаб, масжидлар деворига жо бўлган тарих сояси.

Бағдод ва Самарқанд — цивилизациялар учрашуви
Бир куни Тошкентдаги қадим чойхона ҳовлисида ўзбек дўстим Абдулмалик билан кўк чой ичиб ўтириб, ҳамсуҳбатимга шундай дедим:
– Биз Дажла ва Фурот фарзандлари, сизлар эса Амударё бўйи ворисларисиз.
Ҳар икки эл дарёлар суви ва қадим китоблар зиёсидан яралган.
Менинг хотирамдаги Бағдод – жавоби йўқ саволлар шаҳри эди:
Нега тамаддунлар парчаланади? Ким болалар нигоҳидаги тонгни ўғирлайди?
Самарқанд эса, илк бор кўрганимдаёқ, кўз олдимда сакинатли жавоблар шаҳри сифатида намоён бўлиб, барчасини сўзсиз ифодалади – ложувард гумбазлари, нақшлари орқали ва ҳануз Андалус, Ҳинд, Бухоро, Бағдод ва ҳатто Нажаф ҳақида пичирлайди.
Икки юрак – икки соҳилда
Рости,“Мен шундай дарахтманки, илдизларим Дажла ва Фуротда, шохларим эса Зарафшон ва Амударё сари энгашган.
Соғинч таъмини туймаган киши ҳеч қачон ҳис қилолмайди икки Ватан орасида яшаш ва ҳеч бирига хиёнат қилмаслик туйғусини...”

Ривожланиш — қалбни забт этувчи куч
Янги Тошкент кўчаларига ҳайрат билан боқарканман, англайман – бундай замонавийлик хотирани ўчирмайди, аксинча... Бу юртда рақамли кутубхона анъанавий гўша билан ёнма-ён, дорилфунунда энг янги фан асил тилда ўқитилади.
Пойтахт юрагида Ислом цивилизацияси маркази қад кўтармоқда: қадди кўтарилаётган миллат динга қарши курашмайди, балки ҳақиқий эътиқодни ҳимоя қилади, эшитади.
Мен Ўзбекистонда кўрдим: дин тараққиётга манба бўла олади, инқирозга баҳона эмас. Бу диёр фарзандлари қўрқув остида эмас, мувозанатда тарбияланади. Ва мен орзу қиламан-ки, баъзи ватандошларим шу олижаноб санъатни ўргансинлар – Исломдан девор эмас, кўприк қуришни...

Ўлмас соғинч
Хотиржамман, бироқ ҳар куни айвонда ўтириб Бағдод ва Бобил ҳижронидан уф тортаман. Қалб хотирамда эса устозим, дўстим Абдуллоҳ раҳматлининг овози жонланади: Қадр-қимматинг бор жойда қол!
Алҳол, хаёлан хат ёзаман ёки Бадр Шокир Ас-Сайёб шеъридан парча ўқийман ва ёхуд Саъдун Жобир қўшиғини тинглайман.
Эртаси боғимга бир атиргул экаман ва фарзандларимга уқтираман: Қалбингизда Бағдод ва Самарқандни, Бобил ва Хивани олиб юринг, ҳеч қачон руҳ иккига бўлинишига рози бўлманг!.
Икки нурдан боғланган мато
Мен – Аҳмад – шунчаки ўзбек қизига уйланган эмас, балки икки тамаддунни ўзаро уйғунлаштиришга даъвогар инсонман.
Бир куни кимдир мендан фуқаролигимни сўраганда, шундай жавоб бердим:
– Ғазабланганимда – Месопотамия, табассум қилганимда – дашт фарзандиман.
Муҳаббатда – араб, тадбирда эса – Ўзбекман. Фақат бир нарса тилайман, қабримда шундай ёзув бўлсин: Икки бор яшади, табассум билан вафот этди...
Муҳаррама Пирматова ёзиб олди. ЎзА
- Қўшилди: 07.07.2025
- Кўришлар: 111
- Чоп этиш