Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш ва БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларида парламент иштирокини таъминлаш соҳасидаги тажрибаси энг яхши амалиёт ҳисобланади. Улан-Батор шаҳрида 2025 йил 23-24 июнь кунлари бўлиб ўтган халқаро семинарда шундай деб эътироф этилди.
Тадбир Парламентлараро Иттифоқ томонидан Мўғулистон Буюк Давлат Хурали билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар "БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмларида парламент иштирокини кучайтириш: Универсал даврий шарҳ ва Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси – эътибор марказида" мавзусига бағишланди. Унда парламент аъзолари, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Қонун чиқарувчи органларнинг Универсал даврий шарҳ ва БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси фаолиятидаги иштироки масалалари бўйича тажриба алмашилди.
Ташкилотчиларнинг таклифига биноан семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси номидан академик А.Саидов томонидан тайёрланган видеомаъруза тақдим этилди. Маърузада мамлакатимиз парламенти томонидан хотин-қизлар ҳуқуқлари ва тенг имкониятлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни самарали амалга ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Хусусан, Ўзбекистон парламентининг:
- Универсал даврий шарҳ доирасида миллий маърузаларни тайёрлашда парламентнинг фаол иштироки ва тегишли тавсияларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини олиб бориш;
- Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси билан ҳамкорлик қилиш, шу жумладан даврий маърузаларни тайёрлаш ва кейинги тавсияларни амалга оширишга парламент ҳиссасини қўшиш;
- Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва Хотин-қизлар депутатлар гуруҳининг хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган фаолияти;
- таълим ташаббусларини илгари суриш, шу жумладан Парламентлараро Иттифоқнинг парламент аъзолари учун сўз эркинлиги бўйича оммавий очиқ онлайн курси каби халқаро таълим ресурсларини маҳаллийлаштириш;
- қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик орқали аёллар ҳуқуқларини илгари суришга ҳисса қўшиш сингари фаолият йўналишларига эътибор қаратилди.
Семинар иштирокчилари, жумладан, Мўғулистон Буюк Давлат Хурали депутатлари Ўзбекистон тажрибаси билан танишиш имконияти тақдим этилгани учун миннатдорчилик билдириб, бу тажрибани БМТ механизмлари билан ҳамкорлик қилишда тизимли парламент ёндашувининг илҳомбахш намунаси, деб баҳоладилар.
Тадбир давомида тақдим этилган амалиётлар Мўғулистонни 2025 йил ноябрь ойида Универсал даврий шарҳнинг тўртинчи циклига тайёрлашда, шунингдек, Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси тавсияларини кейинчалик амалга оширишда парламент иштирокини таъминлашда ҳисобга олиниши таъкидланди.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгконг Ўзбекистоннинг семинардаги ушбу ҳиссасига жавобан расмий мактуб йўллади. Хатда Ўзбекистон томонига юқори даражадаги иштироки учун миннатдорчилик билдирилган ва тақдим этилган тажрибанинг Универсал даврий шарҳга тайёргарлик кўраётган бошқа мамлакатлар ва Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси билан ишлаш учун аҳамияти катта эканига урғу берилган. М.Чунгконг таъкидлашича, тақдим этилган видеоматериал семинар иштирокчиларига БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тузилмалари билан парламент ҳамкорлигининг амалий механизмлари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш имконини яратди.
Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи ҳокимиятда хотин-қизлар вакиллигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам тадбир иштирокчиларининг алоҳида эътиборини тортди. Ҳозирги вақтда мамлакат парламентида хотин-қизларнинг улуши 38 фоиздан ортиқни ташкил этади, бунда сиёсий партиялар томонидан кўрсатиладиган номзодларнинг камида 40 фоизи орасида хотин-қизларнинг иштирокини таъминлайдиган гендер квотаси амал қилмоқда. Парламент фаолиятида ёшлар иштирокининг ижобий динамикаси алоҳида қайд этилди: яратилган шароитлар ва ислоҳотлар туфайли Олий Мажлис таркибида 35 ёшгача бўлган депутатлар сони сезиларли даражада ошган.
Ўзбекистон тажрибасининг аҳамияти Парламентлараро Иттифоқнинг гендер тенгликка эришиш бўйича янги “Achieving Gender Equality, Action by Action” (2025) қўлланмасида ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси тажрибаси парламентда гендер мувозанатини таъминлаш соҳасидаги энг яхши амалиётлардан бири сифатида эътироф этилган. Ҳужжатда таъкидланишича, аниқ қонунчилик базаси, гендер квоталари ва ихтисослаштирилган парламент механизмларининг мавжудлиги бундай муваффақиятнинг асосий омилларидандир.
Парламентлараро Иттифоқ, шунингдек, таълим ва ахборот ишларини қўллаб-қувватлаш доирасида Ўзбекистон парламентига Парламентлараро Иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг "Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ва унга Факультатив протокол: Парламент аъзолари учун қўлланма" номли маълумотномасининг рақамли версиясини тақдим этди. Ушбу манбани ўзбек тилига таржима қилиш ва парламент амалиётида фойдаланиш тавсия этилди.
Халқаро майдондаги айни эътироф Ўзбекистон Республикасида давлатнинг гендер тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини илгари суриш, ташқи сиёсат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббусларини парламент мезонлари нуқтаи назаридан мустаҳкамлаш борасида миллий парламентнинг роли тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.07.2025
- Кўришлар: 121
- Чоп этиш