10 июль куни Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада 2 жилдлик “Ўзбек журналистикаси антологияси”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов тақдимотни очар экан, ўзбек журналистикасининг узоқ ва бой тарихини тадқиқ этиш, миллий журналистикамизнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлиш, ҳар бир даврнинг энг яхши журналистик материаллари-асарларини ёшларга, келгуси авлодларга етказиш муҳим масала эканини қайд этди. Аммо, шу пайтгача медиа соҳага доир кўплаб дарслик ва қўлланмалар, миллий журналистика шаклланиши ва ривожланиши босқичларига оид маълумотлар ўрин олган китоблар нашр этилган бўлса-да, айнан “Ўзбек журналистикаси антологияси” тимсолидаги яхлит адабиёт яратилмаган эди. Энди ана шу бўшлиқ тўлдирилди.
Бу эзгу амал учун Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Дастурда “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобини нашрга тайёрлаш белгиланганди. Бунинг учун зарур маблағ ажратилгани миллий журналистика антологиясини салмоқли, кўркам ва қамровдор тарзда нашр этиш имконини берди.
Мазкур антологияга ўзбек журналистикаси шаклланиш босқичларига доир энг муҳим маълумотларни киритишга ҳаракат қилинди. Антология “Қадимги давр журналистикасидан лавҳалар”, “Ўрта асрлар адабиёти — миллий журналистика шаклланиши ва такомилининг асоси”, “Жадидлар ва Иккинчи жаҳон урушигача бўлган давр”, “Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши даври журналистикаси”, “Турғунлик даври журналистикаси: мураккаб сиёсий жараён ва матбуотдаги эврилишлар”, “Қайта қуриш ва ошкоралик даври”, “Мустақиллик даври ўзбек матбуоти”, “Мустақиллик йиллари телевидениеси ва радиоси”, “Мустақиллик даври интернет журналистикаси” босқичларини ўз ичига олган.
“Ўзбек журналистикаси антологияси”нинг 1-жилдида 85 нафар ва 2-жилдида 98 нафар журналист ҳақида автобиографик маълумотлар берилган. Шунингдек, муаллифларнинг ижодидан айрим намуналар ҳавола этилган.
Жумладан, антологиянинг 2-жилдида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғ.Мирзаев ҳақида мухтасар маълумот мавжуд. Антология саҳифаларидан Ғулом Мирзонинг «Совға билан поранинг ораси бир қадам» номли мақоласи ҳам ўрин олган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.07.2025
- Кўришлар: 134
- Чоп этиш