Китоб – инсон тафаккурининг бебаҳо гултожи, қалб оламининг гўзал нақши, жамият тараққиётининг мустаҳкам асосидир. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг «Ярим аср девони” номли китобини мутолаа қилар эканман, айни нақлнинг нақадар ҳаётийлигига яна бир бор амин бўлдим. Ушбу салмоқли манзума – шоирнинг минг бетдан зиёд ҳажмдаги бир жилдлик энг катта китоби 2025 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида юксак дид ва нафосат билан нашр этилган[1].
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида сўнгги йилларда қабул қилинган устувор стратегик дастурлар доирасида, жумладан, беқиёс кўламдаги маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Китобхон ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларимиз учун зарур адабиётлар нашр этилмоқда ва кенг миқёсда тарқатилмоқда.
Биргина “Ўзбекистон-2030” стратегиясида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини кучайтириш бўйича кўплаб муҳим вазифалар белгиланган. Шу ўринда Сирожиддин Саййид таниқли давлат ва жамоат арбоби эканлиги билан бир қаторда, шоир ва таржимон сифатида ўз серқирра ижоди билан Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклашга азму-жазм этган жамиятимизда маърифатпарварлик ишига муносиб улуш қўшаётганини эътироф этиш каминага чексиз мамнуният бағишлайди.
Китобнинг номланиши ҳақида
Китобда шоирнинг ярим аср, яъни роппа-роса 50 йил давомида битган шеърларидан бой намуналар жамланган. Муҳими, эл-юртимиз тарихи, қисмати дардини куйлашни ўзи учун фарз ва қарз деб билган ҳассос шоир Сирожиддин Саййиднинг она халқимиз оғир, синовли кунларда чеккан заҳмату меҳнатларига, андуҳ ва изтиробларига ҳамдард бўлиб ёзган ўтли назм намуналаридан токи янги замон руҳи кенг кўламда ўз ифодасини топган манзумаларигача – сара асарлари ҳам ягона муқова қатида ўз мужассамини топибди. Бу, албатта, ғоят манзур ижодий ёндашув ва ҳар томонлама мақбул ечим.
Китоб мухлисларга «Девон» тарзида тақдим этилмоқда. «Девон» нима дегани ўзи? Бу адабий воқеликнинг тарихи қандай?
Шарқда «Девон» тузиш шоирнинг етуклик белгиси бўлган, шоирлар ўз «Девон»ларининг мазмунан ва шаклан ранг-баранг бўлишига эътибор берганлар. «Девон» тузиш анъанаси Х-ХI асрлардан бошланган бўлиб, унинг шаклланиш даври Шарқнинг улуғ шоири Шайх Саъдий замонасига тўғри келади.
Ўзбек адабиёти тарихида «Девон» тузиш Лутфий, Саккокий, Атоий, Гадоий каби шоирлар ижоди билан боғлиқ. Алишер Навоий Шарқ адабиёти тарихида мукаммал «Девон» тартиб берган камёб муаллифлардандир.
«Девон» – бу сўзнинг форсий тилдаги луғавий маъноси “шеърлар тўплами” дегани. Алишер Навоий бобомиз ҳам ўз асарларида «Девон» сўзини шеърий тўплам, ғазаллар мажмуаси маъносида қўллаганлар.
Ўтмишда ушбу тушунчага муайян илмий-назарий моҳият ҳам юкланган. Яъни, «Девон»да бирор шоир шеърлари қофия ёки радифларига кўра араб алифбоси тартибида қофияланиб келувчи сўзларнинг охирги ҳарфлари асосида жойлаштирилиши шарт бўлган.
Шу нуқтаи назардан, «Ярим аср девони» айни талабларга нечоғлик мос келади, деган савол туғилиши табиий. Назаримизда, ушбу китоб шоирнинг эллик йил давомида битган назмий асарлари жамланган шеърий тўплам ҳисобланиши билан ҳам бевосита «Девон» мезонларига тўғри келади.
Қолаверса, Сирожиддин Саййид қаламига мансуб «Девон»да шеърлар хронологик тартибда, яъни битилган йиллари бўйича жойлаштирилган ва бу муҳим жиҳат бизга Алишер Навоий ҳазратларининг “Чор девон”ини эслатди. Бинобарин, улуғ аждодимизнинг «Девон»ида ҳам шеърлар Ҳазрат ҳаётининг тўрт даври – болалик, ёшлик, ўрта ёш ва кексалик фасллари бўйича тартиб берилган.
Китобнинг мухтасар кириш сўзида қайд этилганидек, “Кўҳна Шарқда «Девон» тузишнинг қатъий мезонлари ва мукаммал қоидалари бўлган. «Девон» соҳиби деган номга сазоворлик шоир ижодий салоҳиятини белгиловчи муносиб рутбалардан саналган. Бугун янги замонда яшаяпмиз. Табиийки, бизнинг давримизда «Девон» тузишда мумтоз шеъриятимиздаги каби араб алифбосига қатъий риоя қилинган талабларни қўйиб бўлмайди”[2].
Шу ўринда Сирожиддин Саййид бугунги кунда аруз вазнида шеърлар ёзадиган, ёзганда ҳам, қойиллатиб ёзадиган саноқли шоирлар сирасига киришини таъкидлашга бурчлимиз. Шоир битган бетакрор ғазаллари, оҳорли рубоий ва фардлари ҳамда буюк салафлари ғазалларига теран ҳаёт фалсафаси ва гўзал бадииятни мужассам этган ҳолда боғлаган мухаммаслари бунинг ёрқин далолатидир.
«Девон» тузишнинг янги мезонлари
Бугунги давр шоири олдига «Девон» аруз вазнидаги шеърлардан таркиб топиши ва унга араб алифбоси асосида тартиб берилиши керак, деган анъанавий талабни қўя олмаслигимиз табиий ҳол. Чунки, биринчидан, замонавий ўзбек шеъриятида аруз вазни устуворлик қилмаслиги, иккинчидан, араб алифбосидан анчайин узоқлашиб кетганимиз туфайли бундай ёндашув ҳозирги давр “талаблари”га жавоб бермайди.
Бунинг ўрнига, фикримизча, “ХХI аср шоири «Девон» тузиш анъанасини қандай новаторлик ёндашувлари билан бойитди?” деган мантиқан асосли саволга жавоб излаган маъқул. Шу нуқтаи назардан:
биринчидан, “Ярим аср девони” фақат аруздаги назм намуналаридангина иборат эмас ва айни шу воқеликнинг ўзи «Девон» тузиш анъанасини янги давр билан чамбарчас боғлаб турибди. Янгича «Девон»дан бармоқ вазнида битилган лирик ва публицистик шеърлар, Ҳофиз Шерозий ва Адиб Собир Термизийдан Атоий ва Лутфийгача, буюк Алишер Навоий ва Заҳириддин Бобурдан Зокиржон Фурқат, Аваз Ўтар ва Сидқий Хондайлиқийгача, Ғафур Ғулом ва Миртемирдан Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовгача – сўз мулкининг барҳаёт дарғалари лирик асарларига тазмин ва татаббулар ҳам ўрин олган;
иккинчидан, Сирожиддин Саййид ўз «Девон»ига турли йилларда битилган “Жароҳат”, “Саксонинчи йиллар”, “Тўполондарё билан хайрлашув”, “Баҳор Сурхондан бошланар”, “Қисмат тақозоси”, “Замон қасри”, “Гулираъно буғдойлари” каби достонлар ва достонлардан парчаларни ҳам киритганки, бунга қадар «Девон» тузиш анъанасида бундай ёндашув кузатилмаган. Нега ўтмишда шоир аждодларимиз достонларини «Девон» таркибига киритмаганлиги, фикримизча, достон билан ғазал ё мухаммаслар ўртасида шаклан ва мазмунан жуда катта фарқ мавжудлигига бориб тақалса керак. Бугунги давр шеъриятида достонлар лирик шеърларга кўп жиҳатдан яқин, уйғун ва ҳамоҳанг ҳисобланади;
учинчидан, “Ярим аср девони” саҳифаларида Лойиқ Шерали, Андрей Вознесенский каби шоирлар шеърларининг Сирожиддин Саййид таржимасидаги ўзбекча матнларини маза қилиб ўқиш мумкин. «Девон» тузиш анъанасида таржима асарларни бериш тажрибаси ҳам учрамайди.
Биз, албатта, Ўрта асрларга хос «Девон» тузиш анъанаси мезонлари ҳақида фикр юритяпмиз. ХХ асрда ушбу анъана Ҳабибий, Чустий, Собир Абдулла каби «Девон» тузган шоирларимиз томонидан янгиланган. Уларнинг «Девон»ларида ғазаллар ҳозирги ўзбек алифбоси тартибида жойлаштирилган.
Замонавий ўзбек адабиётида «Девон» тузиш анъанаси Абдулла Орипов (8 жилдлик асарлари нашри), Эркин Воҳидов (6 жилдлик асарлари нашри) каби забардаст шоирларимиз ижодий даҳоси туфайли анчайин янгича руҳ ва шакл билан бойитилгани ҳам сир эмас. Бу янгиланиш анъаналарига Сирожиддин Саййид “Ярим аср девони” мисолида янада кучли туртки бергани, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистон «Девон» тузиш анъанасига асос солгани ҳар қанча таҳсинга сазовор, деб ўйлаймиз.
«Девон»нинг таркиби: фасллар талқини
"Ярим аср девони" бир неча фаслдан ташкил топган. Хусусан, “Менинг энг мунаввар, гўзал тонгларим” фасли – 1974-1983 йилларга оид шеърларни ўзида қамраган.
Бу фасл, умуман, «Девон»нинг ўзи ҳам илк ҳаваскорона битиклардан бошланади. Дастлабки шеър 1974 йилга мансуб. У “Ватан меҳри” дея номланган бўлиб, мана бу кўтаринки мисралар билан якунланган:
Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.
Муқояса учун «Девон»нинг якуний фаслидаги 2024 йилда битилган “Ватан бағрида бўл бедор” сарлавҳали шеърдан бир банд келтирамиз:
Қолиб – кетгувчилар бисёр,
нолиб кетгувчилар бисёр,
Улардан бўлмагил зинҳор,
Ватан ҳеч қайга кетган йўқ.
Ҳар икки шеърда ҳам Ватанга меҳр ва садоқат туйғулари тараннум этилган. Аммо, эллик йилда илк битик билан бугунги назмий нафас оралиғида юз берган еру осмон қадар фарқни – ижодий юксалишни осонгина илғаш мумкин.
Ушбу фаслдан жой олган шеърлар 1958 йил 30 октябрда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Кундажувоз қишлоғида туғилган, ўрта мактабни битирганидан сўнг Тошкент давлат университети Журналистика факультетида таҳсил олган ёш Сирожиддиннинг шоир сифатида изчил шаклланиши босқичларини намоён этади. Унинг биринчи шеъри “Орзу” сарлавҳаси остида 1975 йилда чоп этилган бўлса, илк шеърий тўплами “Руҳим харитаси” номи билан 1985 йилда нашрдан чиққан.
«Девон»нинг кейинги фасли – “Онажон, бу олам бунчалар чексиз!” деб номланган бўлиб, 1984-1991 йиллардаги шеърларни ўз ичига олади. Бу даврга келиб Сирожиддин Саййид шеърият шайдоларига яхшигина таниш бўлиб улгурганди. Чунки унинг “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил” каби шеърий китоблари кетма-кет нашр этилган ва мухлислар эътирофига сазовор бўлганди. Бу фаслдаги соф лирик туйғулар ифодаланган етук шеърлар «Девон»га ўзгача руҳ бағишлаб турибди.
Айни фасл ўзида қамраган етти йиллик ижодий даврнинг яна бир ўзига хос самараси – 1990 йили ҳассос рус шоири Андрей Вознесенский қаламига мансуб туркум шеърлар, достонлар ва насрий асарлар Сирожиддин Саййид таржимасида – “Мангу ризқ” номли китоб шаклида нашр этилганидир. Натижада, бир томондан, Сирожиддин Саййиднинг моҳир таржимон ҳам эканлиги амалда тасдиқланди, иккинчи томондан, юртимиз китобхонлари нафақат рус, балки жаҳон шеъриятида ёрқин из қолдирган Андрей Вознесенский феноменини унинг ўзбек тилига ўгирилган асарлари орқали кашф этдилар.
Навбатдаги фасл “Яхшилик эскирмагай” деб аталган ва 1992-1993 йиллардаги шеърларни ўзида мужассам этган. Атиги икки йиллик ижодий фаолиятга бағишланган айни давр ҳам баракали бўлганини қайд этиш лозим. Аввало, шоирнинг 1992 йилда “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” номли китоби чоп этилиб, ундан бадиалар ва мақолалар ўрин олди.
Муҳими, шу йилларда шоир ўзининг машҳур “Қирқ ҳадис” туркум шеърларини ва “Фалак айланади” номли тўртликлар жамланмасини ёзди. Ҳар икки туркумга мансуб шеърлар "Ярим аср девони"га киритилгани қутлуғ иш бўлибди.
Яна бир фасл – “Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш” – 1994-2003 йилларга мансуб шеърлардан иборат. Бу фаслдаги шеърлар шоирнинг илгари нашр этилган “Куйдим”, “Уйингдаги бешиклар”, “Ватанни ўрганиш”, “Эгаси бор юрт”, “Ватан абадий”, “Устимиздан ўтган ойлар” каби шеърий китоблари орқали мухлисларга яхши таниш.
Ўз навбатида, “Сен – мангу халқдирсан, ризқ-рўзи ҳалол” деган фаслда 2004-2013 йилларда битилган шеърлар жамланган. Бу даврда шоирнинг “Кўксимдаги зангорларим”, “Кўнгил соҳили”, “Қалдирғочларга бер айвонларингни”, “Дил фасли”, “Яшасин ёмғирлар” каби шеърий тўпламлари, “Сўз йўли” номли икки жилдлик танланган асарлари, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур...” достони ва ўзида шеърлар, бадиий-публицистик мақолалар, суҳбатлар ва бадиаларни жамлаган “Буғдойбўй Ватан” китоби мухлислар қўлига етиб борди.
Ниҳоят “Миллат бахтин сўрар миллат отаси” фаслидаги шеърлар 2014-2024 йилларга мансубдир. Ана шу ўн йиллик ижодий юксалиш даврида шоирнинг қарийб 20 та китоби нашрдан чиқди. Бу ўринда, аввало, “Хайёмдан бир коса, Румийдан бир жом”, “Хамса” ҳайратлари”, “Онамнинг кулчалари”, “Матонат манзумаси”, “Аламли дунёда аламли гулим”, “Сўзмунчоқ”, “Миллат бахтин сўрар миллат отаси”, “Замон қасри” каби шеърий тўпламлари ва “Вақт ҳайкали” номли достонлар китоби ҳақида сўз бормоқда.
Шунингдек, 2018-2019 йилларда Сирожиддин Саййиднинг тўрт жилдлик “Асарлар” тўплами ҳамда шеърлар, достонлар ва таржималар, суҳбат ва мақолалардан иборат “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди” ва “Элдошларим, дилдошларим” китоблари нашр этилди. Бундан ташқари, шу даврда шоирнинг “Менинг тўртликларим” китоби ўзбек ва рус тилларида, “Ана журтим” қўшиқлар тўплами қорақалпоқ тилида, “Вахт ҳейкали” номли шеърлар ва достонлар китоби эса озарбайжон тилида чоп этилди.
Аслида ҳам, “Ярим аср девони” – том маънодаги Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг эллик йиллик ҳайрат ва муҳаббат йўли. Шу маънода, бир томондан, айни муҳташам «Девон» шоирнинг Ватанимиз, халқимиз, миллатимиз олдидаги ўзига хос ижодий сарҳисоби бўлса, иккинчи томондан, адабиёт ва маърифат аҳлига муносиб назмий туҳфаси ҳамдир.
Янги Ўзбекистон шарафланган шеърият
“Шеър – ҳикматдир”, дейилган ҳадиси шарифларда. Чиндан ҳам, ҳар битта шеър ниҳоятда ноёб ва ўта хусусий ҳодиса бўлгани ҳолда, у бутун башариятга бирдек тааллуқли бўлган неча минг йиллик ҳаётий тажрибани, миллий ва умуминсоний қадриятларни, инсон зотигагина хос бўлган ижодкорлик ва яратувчанлик, демакки озодлик ва ободлик руҳини ўзида мужассам этади.
Асрлар мобайнида аждодларимиз шеъриятни нафақат сўздан бадиий завқ олиш манбаи, балки турли билимларни одамлар онгу шуурига энг мақбул тарзда етказишнинг қулай воситаси ҳам, деб билганлар. Жумладан, олис асрларда Абу Али ибн Сино ҳазратлари хасталиклардан сақланиш ва уларни даволаш йўллари, турли малҳаму гиёҳларнинг шифобахш хусусиятларини шеърий услубда баён этганлар. Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Занги ота Ҳимматий сингари азиз-авлиёларимиз муқаддас динимиз арконлари ва тасаввуф тариқатлари мазмун-моҳиятини теран англатиш учун таъсирчан шеърлар битганлар.
Айни чоғда, адабиётимизда “Арбаъийн” туркумлари билан бирга, гўзал ислом фиқҳини шеърга солиш анъаналари ҳам мавжуд. Ҳазрат Навоийнинг “Арбаъийн”, “Сирож ул-муслимийн”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Мубайян”, ҳазрати Сўфи Аллоҳёрнинг “Маслак ул-муттақийн” ва “Сабот ул-ожизийн”, Хатмий Тошкандийнинг “Назму ул-Мухтасар” каби асарлари бунинг далилидир[3]. Таниқли шоир ва аллома Мирзо Кенжабекнинг тахминига кўра, “Арбаъийн” ёзиш анъанаси ҳазрат Абдураҳмон Жомийдан бошланган. Жомий форсий тилда назм қилган қирқ ҳадисни ҳазрат Алишер Навоий туркий назмга солиб, янги “Арбаъийн” тузганлар.
Чиндан ҳам, авваламбор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Имом Яҳё бин шараф ан-Нававий каби Шарқ мумтоз шеърияти намояндалари, кейинчалик Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Шукур Қурбон, Ғайрат Мажид, ёш шоир Мансур Жумаев қирқта ҳадис асосида яратилган “Арбаин ҳадис” йўналишидаги асарларига мурожаат қилганлари бежиз эмас. Чунки бу йўналишдаги назмий мажмуалар Муҳаммад пайғамбаримизнинг (с.а.в.) “Кимки умматларимга дин хусусидаги қирқ ҳадисни етказса, Тангри таоло уни қиёмат куни фиқҳ (ҳуқуқ) билимдонлари, олимлар тўдасига қўшади”, деган ҳадиси асосида ёзилгандир. Одатда, ислом дини асослари ва қоидалари, Ислом ёхуд Аллоҳ йўлидаги муқаддас кураш, тоат-ибодат ёки одоб-ахлоқ қоидаларини тарғиб қилишга қаратилган бундай асарларнинг барчасида қирқтадан ҳадиснинг шарҳи берилган бўлади[4].
Яъни, шеърият муайян ижтимоий-фалсафий ва маънавий-ҳуқуқий вазифаларни ҳам азалдан уддалаб келмоқда. Сирожиддин Саййиднинг "Ярим аср девони"дан ўрин олган “Қирқ ҳадис” туркум шеърларини юқорида эслатдик. Шу билан бирга, мазкур «Девон»дан кўплаб ижтимоий мавзудаги шеърлар ҳам жой олган.
Бу ўринда шоирнинг эл-юртимиз ҳаётида мунтазам юз бериб турадиган турли ёрқин воқеаларга бағишланган шеърлари ҳақида сўз бормоқда. Хусусан, “Исмингда Ватан бордир” шеъри ва “Ғолиблар қасидаси” – Парижда 2024 йили бўлиб ўтган Олимпиада ва Паралимпияда чемпионлари бўлган юртдошларимизга бағишланган бўлса, “Сен учун (Карантин кунларида)” ва “Шифокорлар жанг майдонида” шеърлари коронавирусга қарши курашда матонат кўрсатган шифокорларимизга назмий бахшидадир.
Шунингдек, “Мард майдонда синалгай” шеъри мисолида Сирожиддин Саййид икки олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов ва барча ўзбек боксчиларига фахрия битган. Шоирнинг “Матонат мактаби”, “Марди майдон ўғлонлар”, “Ўзбекнинг нурли боласи (ФИФА ҳаками Равшан Эрматовга)”, “Бир ўғлоннинг қудрати” каби шеъру қасидаларида ҳам ўзбек спортчиларининг жаҳон ареналарида эришган юксак зафарлари тараннум этилган.
Шоир фақат спорт соҳасидаги ютуқларни назмда шоён этиш билангина чекланиб қолмайди. У қурилиш ва бунёдкорлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат ва ҳарбий соҳа, маданият ва санъат – ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларидаги ҳар битта ярқ этган муваффақиятни алоҳида шеър битиб улуғлайди. Бундай ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистонда эришилаётган зафарли одимларни шеърий услубда шарафлаш экани билан алоҳида эътирофга лойиқдир.
Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди”. Шу маънода, китобхон ва шеърсевар халқимизга 1 минг 60 бетлик муҳташам "Ярим аср девони"ни тақдим этиб, бизни шеърият оламига яна бир бор ошно этгани учун Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййидга ташаккур билдирамиз ва ижодига янги илҳому парвозлар тилаб қоламиз.
Акмал САИДОВ,
академик
“Jadid” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сони
[1] Сирожиддин Саййид. Ярим аср «Девон»и. - Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2025. – 1060 бет.
[2] Сирожиддин Саййид. Ярим аср «Девон»и. - Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2025. – Б.4.
[3] Кенжабек, Мирзо. Ёшларга дил сўзларим: Ёш ижодкорларга самимий тавсиялар. – Т.: “Адабиёт”, 2021. – 7-бет.
[4] Аҳад Қобил, Маҳмуд Оллоберди. Алишер Навоийнинг “Арбаин ҳадис” китобига муқаддима. – Т.: “Ёзувчи”, 1991. – 5-бет.
- Қўшилди: 11.07.2025
- Кўришлар: 289
- Чоп этиш