Жорий йил 10 июлда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонунга кўра, шахсларнинг яшаши учун уй-жой майдонини берувчи турар жой мулкдори ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга шахс ушбу шахсларни яшаш жойи ёки турган жойи бўйича ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши керак.
Жойлаштириш воситаларида турган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказиш масъул ходимлар томонидан “E-mehmon” тизими орқали амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг хорижда доимий яшовчи фуқаролари Ўзбекистонга кирган кундан 10 иш кунидан кечиктирмай яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.
Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш:
-
ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида;
-
давлат хизматлари марказларида;
-
ЯИДХП (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.
Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаб қилинади.
Янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр юритганда, аввало, янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилганини таъкидлаш лозим. Бинобарин, ҳозирда глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари натижасида миграция оқимининг кучайиши хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда, шахснинг эркин ҳаракатланиши ҳамда яшаш учун турар жой танлашига доир ҳуқуқларини самарали кафолатлаш механизмларини жорий этишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги Фармонида янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддаси талабларини таъминлаш мақсадида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари тартибини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозимлиги белгилаб берилгани бежиз эмас.
Чунки “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун билан ўрнатилган айрим чекловлар фуқароларнинг республикамиз ҳудудида эркин ҳаракатланиши, яшаш жойи ва келган жойни танлаш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдалана олмасликларига сабаб бўлаётганди.
Бундан ташқари, доимий яшаш ёки вақтинчалик турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби республика бўйича бир хил эмаслиги фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқларни юзага келтирди. Боз устига, фуқаролар доимий рўйхатдан ўтишлари учун тегишли қонун билан тасдиқланган рўйхатда келтирилган тоифаларга мансублигини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни, яъни туғилганлик, никоҳ, васийлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиши шарт эди.
Шу нуқтаи назардан, Ички ишлар вазирлиги томонидан бу борада тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тегишли тартибда муҳокама этилганидан кейин мазкур қонун қабул қилинди. Қонун Олий Мажлис Сенатида маъқулланди, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Янги қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари, уларни яшаш ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар мустаҳкамлангани катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Фуқароларга ҳамда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ўзларига қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда.
Фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кундан 10 иш кунигача қисқартирилди. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ва турар жой эгаларининг ўз вақтида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш борасидаги масъулиятини оширади.
Мухтасар айтганда, даставвал, ушбу қонун билан аҳолининг эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга оид конституциявий ҳуқуқи таъминланади. Қолаверса, айни қонун ҳуқуқни қўллаш амалиётида ортиқча бюрократиянинг ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.07.2025
- Кўришлар: 263
- Чоп этиш