Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди

16 июль куни Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқларини ривожлантириш истиқболларига бағишланган навбатдаги халқаро форуми айнан Циан шаҳрида бўлиб ўтганида ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки бир пайтлар Буюк Ипак йўли Хитойнинг худди шу шаҳридан бошланган.  

Бундан олдин шунга ўхшаш форумлар 2023 йил сентябрь ойида – Пекинда ва 2024 йил май ойида – Остонада ўтказилган. Бу йилги форум "Инсон ҳуқуқларини биргаликда ривожлантириш йўлида цивилизациялараро мулоқотни чуқурлаштириш ва ўзаро бойитиш" мавзусига бағишланди.

Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси томонидан уюштирилган халқаро тадбирда Хитой ва Марказий Осиё давлатларидан 60 дан ортиқ сиёсатчи, мутахассис ва журналист қатнашди. Форумда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Ўзбекистон вакили қайд этганидек, Остонада имзоланган абадий яхши қўшничилик тўғрисидаги шартнома минтақанинг олти давлати ўртасидаги доимий дўстлик тамойилини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Се Фучжан жаноблари тўғри таъкидлаганидек: “Битта гул баҳор келтирмайди – кўкламни юзта гул яратади”. Бинобарин, айнан шундай ёндашув асосида бутун инсоният учун умумий келажакка эга бўлган адолатли ҳамжамиятга асос солинади.

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари шунчаки сўз эркинлиги ёки сайловларда иштирок этиш билангина чекланмайди. Бу XXI асрнинг глобал муаммоларига – ижтимоий тенгсизлик ва савдо урушларидан тортиб, иқлим инқирози ва озиқ-овқат хавфсизлигига қарши асосий восита ҳамдир.

Форумда Хитойнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибасига барқарор тараққиёт намунаси сифатида алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, – деди М. Тиллабоев. – Бинобарин, ушбу мамлакатда 2020 йилга қадар 800 миллионга яқин аҳолининг камбағалликдан чиқарилгани бунинг ёрқин натижаларидандир.

Форум иштирокчиларининг фикрича, Хитой ва Марказий Осиё минтақаси муносабатлари фақат иқтисодиёт соҳаси билан чекланмайди. Инсон ҳуқуқлари, унинг қадриятлари ва цивилизациялар мулоқоти – Циан шаҳридаги форумнинг асосий мавзуларидан бўлди. Дунёда беқарорлик кучайиб, глобал инсон ҳуқуқлари тизимига таҳдидлар ортиб бораётган бир шароитда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўзаро бирдамлигини амалда намоён этаётгани жуда муҳим.

Иштирокчилар мамлакатларимиз учун яхши қўшничилик, адолат ва умумий модернизация устувор вазифа бўлиб қолаётганини таъкидладилар. Ушбу ғояларни яқинда Остонада бўлиб ўтган саммитда ХХР раиси Си Цзиньпин илгари сургани ва Марказий Осиё етакчилари қўллаб-қувватлаганига урғу берилди.

Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси бошқаруви раиси Се Фучжан қайд этганидек, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ривожланаётган давлатлар бўлиб, улар олдида умумий тарихий вазифа – мамлакатларни ривожлантириш ва халқ турмушини яхшилаш мақсади турибди. Биз алоҳидаланган эмас, балки ҳамма билан бўлишишга тайёр бўлган умумқамровли модернизацияга интилаяпмиз.

Форум Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги нишонланган ва БМТ ташкил топган йилда ўтказилгани ҳам эътиборга молик. Бу муҳим воқеалар халқаро ҳамкорликнинг асоси тинчлик, инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқлари эканини эслатади. Айнан мана шу қадриятлар бугун Хитой ва Марказий Осиё давлатларини бирлаштириб турибди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech