Нафрат тили тинчлик ва тараққиётга рахна солади

Бугун БМТ томонидан Ўзбекистон ҳаммуаллифларидан бири бўлган динлараро бағрикенглик резолюцияси қабул қилинганига 2 йил тўлди. Бу ўринда БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил 25 июлда бўлиб ўтган 77-сессияси ялпи мажлисида консенсус асосида қабул қилинган “Нафрат тилига қарши курашиш контекстида динлараро ва маданиятлараро мулоқот ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш” резолюцияси ҳақида сўз бормоқда.

Резолюция ҳар икки йилда, анъанавий равишда Марокаш делегацияси ташаббуси билан қабул қилинади. Резолюциянинг асосий мақсади ва чорлови – диний рамзлар, муқаддас китоблар, уй-жой, корхоналар, мулк, мактаблар, маданият марказлари ёки ибодат жойларига қарши қаратилган зўравонлик ҳаракатларини, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда диний обидалар, диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ҳужумларни қоралашдан иборат.

Хусусан, 2023 йилги Резолюция билан ҳар йили февраль ойининг биринчи ҳафтаси “Барча динлар, конфессиялар ва конфессиялар ўртасида уйғун конфессиялараро муносабатлар бутунжаҳон ҳафталиги” деб эълон қилиниши қўллаб-қувватланган.

Резолюцияда, шунингдек, БМТга аъзо барча давлатлар ва БМТ тизимидаги барча ташкилот ва муассасаларга, бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, таълим муассасалари, хусусий сектор, алоҳида шахслар ва бошқа манфаатдор томонларга Халқаро нафрат тилига қарши курашиш кунини ўзлари мақсадга мувофиқ деб топган тарзда нишонлаш тавсия этилган. Бундай тадбирлар билан боғлиқ сарф-харажатларни фақат ихтиёрий бадаллар ҳисобига қоплаш мақбул эканига эътибор қаратилган.

Гап шундаки, БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йили бутун дунёда нафрат тилининг кенг тарқалиб бораётганидан глобал хавотир билдирган ҳолда, Нафрат тилига қарши курашишда динлараро ва маданиятлараро мулоқот ҳамда бағрикенгликни рағбатлантириш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганди. Резолюцияда камситиш, ксенофобия ва нафрат ҳиссини гижгижлаш ҳолатларига қарши курашиш зарурлиги эътироф этилди.

Бу борада тегишли субъектлар, жумладан давлатларга мурожаат қилиниб, улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар доирасида ушбу иллатга қарши курашни фаоллаштиришга чақирилди. Бош Ассамблея томонидан 18 июнь – Халқаро нафрат тилига қарши курашиш куни, деб эълон қилинди.

Нафрат тили наинки БМТнинг дастуриламал қадриятларини инкор этади, айни чоғда БМТ Низомида мустаҳкамлаб қўйилган инсон қадрини улуғлаш, тенглик ва тинчлик каби принцип ва мақсадларга ҳам мутлақо хилофдир. БМТ миссиясининг туб моҳияти инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва нафратга қарши курашишдан иборат экани назарда тутилса, ушбу халқаро ташкилот нафрат тилидек глобал муаммога қарши ҳамжиҳатликдаги курашнинг бошида туришга масъул эканини англаш қийин эмас.

Нафрат тилининг бузғунчи таъсири БМТ фаолиятининг кўплаб соҳаларига – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, токи ёвузликларга барҳам бериш, тинчликни сақлаш, гендер тенгликка эришиш, болалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга қадар дахл қилмасдан қолмайди. Шунинг учун Халқаро нафрат тилига қарши курашиш кунининг таъсис этилиши – 2019 йил 18 июнда тақдим этилган БМТнинг Нафрат тилига қарши кураш бўйича стратегияси ва Ҳаракатлар режасининг қатъий талабидир.

Мазкур Стратегия ва Ҳаракатлар режаси БМТнинг айни йўналишдаги дастлабки умумтизимли ташаббуси ҳисобланади. Нафрат тилига қарши курашишга оид бу ташаббус БМТнинг айни соҳада давлатлар саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган муҳим дастурий асосдир.

Стратегияда нафрат тилига қарши курашишнинг ниҳоятда зарурлиги, бунда кенг кўламда, фикр ва сўз эркинлигига тўла амал қилган ҳолда, тегишли манфаатли томонлар, жумладан, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, технологик компаниялар ва ижтимоий тармоқлар платформалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлиги таъкидланган.

Нафрат нима? Афсуски, халқаро ҳуқуқда ушбу атамага аниқ таъриф берилмаган. Шу боис “нафрат”, “нафратомуз”, “нафрат тили” каби тушунчаларни қўллашда жаҳон жамоатчилиги ўртасида ҳали ҳам турлича ёндашувлар ва қизғин баҳслар давом этмоқда.

БМТ талқинига кўра, нафрат тили – инсонга ёки муайян гуруҳ аъзоларига уларнинг кимлигини – қайси дин, ирқ ва миллатга мансублиги, тана ранги, ижтимоий аҳволи ҳамда жинси қандайлиги каби фарқли омилларни писанда қилиб, тажовуз этиладиган ё таҳқирловчи ёхуд камситувчи ифодалар қўлланадиган оғзаки, ёзма ёки муомала-муносабат шаклидаги коммуникация, яъни ўзаро алоқанинг ҳар қандай туридир. Нафрат ҳамма учун бирдек хатарли бўлгани туфайли унга қарши курашда ҳамма бирлашиши зарур.

Афсуски, бугунги кунда нафрат тили дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Нафрат тилига хос бўлган тажовузкорлик эса ижтимоий бирдамлик ва бағрикенгликка ҳалокатли зарба беради, инсонларга руҳий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан путур етказади. Бундай зиёнкор ифода услубининг нафақат муайян инсонга ёки аниқ бир гуруҳ аъзоларига, балки бутун жамиятга зарари тегади.

Ер юзида одамзод яралибдики, унга муҳаббат ва нафрат ҳамиша ҳамроҳдир. Аммо, янги рақамли технологияларнинг изчил кенгайиб бораётган кўлами ва таъсири оқибатида ҳозирги вақтда нафрат тили – глобал миқёсда инсонларни бир-бирига қарши қўйиш, жамиятларни бўлакларга бўлиб ташлаш мафкурасининг тобора жадаллик билан тарқалаётган самарадор воситаларидан бирига айланиб бормоқда.

Нафрат тили – ёвузлиги ва вайронкорлиги билан ўзининг тобора янгича қиёфасини намоён этмоқда. Агар нафрат тилига қарши қатъий кураш олиб борилмаса, у тинчлик ва тараққиётга ҳам рахна солиши мумкин. Негаки, нафрат тили одамзод қалбига низо ва можаролар, инсон ҳуқуқларига қарши бешафқат ихтилофлар уруғини экади.

Шундай қилиб, ўзбекчасига айтганда, нафрат – муайян шахсга ёки кишилар гуруҳига, ғояга ёки амалий  фаолиятга нисбатан қаттиқ ғазаб ва жирканиш туйғуси. Нафрат – муҳаббатнинг зиддидир.

Ақлли, тўғри, ҳалол, пок ва виждонли инсон нопок, ўғри, порахўр, мунофиқ, ахлоқан бузуқ кишилардан ва уларнинг ишларидан ҳазар қилади, уларга нафрат билан қарайди. Қуръон  ва ҳадисларда нопок,  имонсиз, туҳматчи ва ғийбатчи кишилар ҳам нафратга лойиқ эканлиги таъкидланади. Шу билан бирга, барчага яхши муносабатда ва қўлдан келганча фойдали бўлиш яхши ахлоқ ва юксак маърифат соҳибларининг сифатидир. Халқимиз нақл этганидек, “Хушхулқлик – жамол, камтарлик – камол”.

   

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech