АДАБИЁТ – ХАЛҚНИНГ ЮРАГИ, ЭЛНИНГ МАЪНАВИЯТИ КЎЗГУСИ

“Замонавий ўзбек шеърияти антологияси” тўпламини ўқиганда туғилган мулоҳазалар

 

Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш масаласи Янги Ўзбекистон жамияти ва давлатининг доимий эътиборида турибди. Бу борада аждодларнинг меросини ўрганиш, бой маънавиятимизга муносиб бадиий адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни ҳозирлашга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда илоҳий сарчашмалардан қувват олиб, вақт ва макон чегаралари оша гуманистик идеалларни тараннум этадиган асл санъат, мусиқа ва адабиёт халоскор куч бўлиб майдонга чиқиши зарур”.

Москванинг “Ладомир” нашриётида нашр этилган “Замонавий ўзбек шеърияти антологияси” (“Антология современной узбекской поэзии”) китобини ана шу чақириққа муносиб амалий жавоб, дейиш мумкин. Ушбу муҳташам назмий тўпламга Ўзбекистоннинг машҳур 122 нафар шоири ижодидан намуналар киритилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги биринчи марта рус тилига таржима қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида антологиялар нашр этиш борасида мақбул анъана шаклланганлигини таъкидлаш ўринлидир. Бундан бир муддат олдин бир жилдлик ва кўп жилдлик антологиялар чоп этилганди.  Айни чоғда, “Замонавий ўзбек шеърияти антологияси”ни мутолаа қилиш асносида каминани ҳам, ушбу тўпламнинг масъул тузувчиси, таниқли рус шоири Михаил Синельников жорий йил февралида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида бўлиб ўтган тақдимотда қайд этганидек, “замонавий ўзбек шеъриятининг юксак савияси ҳайратда қолдирди”.

 

“Илиқ эпкинлар” даври шеърияти

 

“Замонавий ўзбек шеърияти антологияси” ғоят салмоқдор 4 та фаслдан ташкил топган. Бу фаслларда мустақил Ўзбекистон дунё майдонида пайдо бўлиши учун мустаҳкам замин яратган бир-биридан муҳим тарихий  воқеалар юз берган кейинги ўн йилликлар давомида ижод қилган ва том маънода кашфиётга айланган етук шоирлар ҳақида мухтасар маълумотлар ҳамда уларнинг шеъриятидан туркум намуналар жамланган.

Антологиянинг дастлабки фасли “Илиқлик” (“Оттепель”) деб номланади. Фаслга бундай ном танлашда, албатта, айни сўзнинг табиат ва иқлим билан боғлиқ мазмуни эмас, балки жамият ҳаётига бевосита тааллуқли сиёсий ва ижтимоий маъно-моҳияти назарда тутилган. Зеро, илк бор “илиқлик” сўзини сиёсий маънодаги тушунча сифатида қўллаган шахс ҳам шоир бўлган. Гап шундаки, машҳур рус шоири Фёдор Тютчев Александр II  подшоҳлик қилган даврнинг дастлабки йилларига айнан шундай таъриф берган.

Антология биринчи фаслининг номланишига келсак, бу ўринда собиқ СССР тарихида Сталин ўлимидан кейин Хрушчёв раҳбарлик қилган тахминан ўн йиллик қисқа давр ҳақида сўз бормоқда. Норасмий тилда “Хрушчёв даври илиқлиги” ёки шунчаки “Илиқлик” деб юритилган ана шу даврда – 1953 ва 1960-йиллар оралиғида мамлакат ички ҳаётида “илиқ эпкин”лар эсган.

Хусусан, Сталин шахсига сиғиниш қораланган ва қатағон сиёсати фош этилган. Сиёсий маҳкумлар озодликка чиқарилган ва ГУЛАГ  қамоқхоналар тизими тугатилган. Шафқатсиз тоталитар бошқарув ўрнини анчагина юмшоқ диктатура эгаллаган. Шунга яраша сиёсий ва ижтимоий ҳаёт анчайин эркинлашган, ғарб дунёсига очиқлик сиёсати кучайган.

Айни чоғда, цензура бир қадар сусайган, сўз эркинлиги даражаси озми-кўпми яхшиланган, ижод қилиш учун имкониятлар ошган. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ўша даврда собиқ Иттифоқ таркибида бўлган Ўзбекистонда ҳам бошқа соҳалар қатори адабиётнинг, хусусан, шеъриятнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этган. Шунинг учун эл орасида ўша даврга мансуб ижод аҳлига нисбатан “Илиқлик даври болалари” (“Дети оттепели”) деган таъриф қўлланилган.

Антологиянинг илк фасли шу долғали даврда ўзбек шеърияти осмонида юлдуздек порлаган ёрқин номлар – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов,  Жуманиёз Жабборов, Ҳусниддин Шарипов, Эътибор Охунова, Тўра Сулаймон, Нормурод Нарзуллаев каби ХХ асрнинг 60-70-йилларида ҳар бир чиқиши мухлислар юрагида ҳайрат ва олқиш уйғотган шоирлардан 28 нафарининг ҳаёти ва ижодига бағишланган.

Бу даврда ижод қилган шоирларимизнинг шеърлари, аввало, “инқилобий-социалистик чақириқлар”дан узоқлашиб, аксинча, миллат, халқ, Ватан тушунчалари жўшқин ва самимий оҳангларда тараннум этилгани билан ажралиб туради. Яна бир муҳим хусусият: ушбу давр шеърияти шаклан замонавий бўлса-да, моҳиятан – шеърий санъатларга бойлиги нуқтаи назаридан, мумтоз шеъриятга анча яқин,  назаримизда.

 

“Кутиш даври” ижодкорлари

 

 Шоирлар – ҳуррият, озодлик мамлакатининг фуқароларидир, дейишади. Шу маънода, “Замонавий ўзбек шеърияти антологияси”нинг иккинчи фасли айнан “Кутиш даври” (“Время ожидания”) деб номлангани бежиз эмас. Чунки ушбу фаслдан ўрин олган шоирлар ҳаёти ва ижодида шўролар замонидан норозилик кайфияти, Истиқлол, яъни Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва Туркистон бирдамлиги ғояларига интилиш кучлилиги сезилиб туради.

Хусусан, Антологиянинг иккинчи фаслини бошлаб берган машҳур шоир Рауф Парфига исёнкор истеъдодли ва тақдирли шоир, деб берилган таърифнинг замирида катта ҳақиқатлар ётибди. Рауф Парфи шеъриятининг асосий мавзуси – шахс эрки, Ватан мустақиллиги ва Туркистон, турк дунёсининг бирлиги эканлиги ҳам шундан далолатдир.

Мазкур фаслдан, шунингдек, Ҳалима Худойбердиева, Анвар Обиджон, Тилак Жўра, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Икром Отамурод, Мирзо Кенжабек сингари 40 нафар ҳассос шоирнинг ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар жой олган.

Бу шоирларнинг қарийб ярми бугунги кунда орамизда йўқ. Қолган йигирмага яқин шоир билан замондош яшаяпмиз, уларнинг орасида камина билан бирга ишлаган ва ҳозир ҳам ҳамкорларимиз бўлган Маҳмуд Тоир, Шарифа Салимова, Фарида Афрўз каби таниқли ижодкорлар бор.

Яқинда шу фаслда шеърлари берилган машҳур шоир Сирожиддин Саййиднинг “Ярим аср девони” номли китобини мутолаа қилдим. Китобда шоирнинг роппа-роса 50 йил давомида битган шеърларидан бой намуналар жамланган.

Муҳими, эл-юртимиз тарихи, қисмати, дардини куйлашни ўзи учун фарз ва қарз деб билган дилбар шоир Сирожиддин Саййиднинг она халқимиз оғир, синовли кунларда чеккан заҳмату меҳнатларига, андуҳ ва изтиробларига ҳамдард бўлиб ёзган ўтли назм намуналаридан токи янги замон руҳи кенг кўламда ўз ифодасини топган манзумаларигача – сара асарлари ҳам ягона муқова қатида ўз мужассамини топибди. Бу, албатта, ғоят манзур ижодий ёндашув ва ҳар томонлама мақбул ечим.

 

“Янги авлод” шоирлари

 

Антологиянинг учинчи фасли “Янги авлод” (“Новое поколение”) деб номланган. Ушбу фаслдан Одил Икром, Абдували Қутбиддин, Амирқул Каримов, Ҳалима Аҳмад, Карим Баҳриев, Эшқобил Шукур, Рустам Мусурмон, Фахриёр, Зебо Мирзо, Салим Ашур каби 26 нафар забардаст шоирнинг ҳаёти ва ижодига мансуб маълумотлар ўрин олган.

Ушбу шоирлар собиқ шўро замонида таҳсил олган, уларнинг илк шеърлари ўша давр матбуотида эълон қилинган. Аммо, бу ижодкорлар айнан Ўзбекистон мустақиллиги даврида янги авлод мақомида адабиётимизга дадил кириб келди.  

Бу шоирларнинг китоблари Истиқлол йилларида нашр этилмоқда, ижоди изчил юксалиб бормоқда. Улар бугунги кунда жамият ва давлат ишларида ҳам фаоллиги билан ажралиб туради.

Янги авлод шоирлари сафида Ғулом Мирзо номини кўрганимда, янада мамнун бўлдим. Мен бу шоирнинг ижодини кўп йиллардан буён кузатиб бораман, шеърий китобларига сўзбоши ва тақризлар ёзганман. Ғулом Мирзо шеърларида гарчанд Ватан, Миллат, Истиқлол сўзлари кўп учрамаса ҳам, шоирнинг бутун ижоди аслида шу муқаддас маъво-ю улуғ қадриятларимиз  тараннумига бағишланганини ҳис этиш қийин эмас.

Давлатимиз раҳбари нутқларидан бирида: “Адабиёт – халқнинг юраги, элнинг маънавияти кўзгуси”, деб эътироф этганди. Камина Антология саҳифаларидан жой олган шеърларни ўқир экан, айни эътироф қанчалик ҳаққоний эканига яна бир бор амин бўлди.

 

“Келажакка интилиб”

 

Антологиянинг тўртинчи фасли “Келажакка интилиб”  (“И будет день...”) деб номланган. Бу фаслга Хосият Рустам, Гўзал Бегим, Ориф Тўхташ, Рустам Мирвоҳид каби 28 нафар навқирон шоир ижодидан намуналар тақдим этилган.

Ушбу шоирларнинг аксарияти – Мустақиллик даврининг фарзандларидир. Янада эътиборлиси, улар аллақачон ўз ижоди билан Янги Ўзбекистонни бутун дунёга тараннум этмоқда.

Биргина мисол: ҳассос шоира Хосият Рустамнинг шеърлари ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинган ва чоп этилган. У қатор халқаро шеърият фестиваллари ва форумларида қатнашган. Бир қанча халқаро адабий мукофотларга, жумладан, 2015 йили Озарбойжоннинг Микоил Мушфиқ номидаги адабий мукофотига ва 2018 йили Таиландда ўтказилган Халқаро адабий фестивал совринига сазовор бўлган.

Ушбу шоирларимизнинг шеърларини мутолаа қилар эканман, таниқли шоир ва таржимон Михаил Синельниковнинг мана бу фикрлари хаёлимдан кечди: “Улар, шубҳасиз, ўзбек маданий меросининг муносиб давомчиларидир”.

 

Саховатли ҳомийлар, моҳир муҳаррирлар ва таржимонлар хизмати беқиёс

 

“Режали иш – натижали иш”, деганлари бежиз эмас. Бинобарин, ушбу Антологиянинг рисоладагидек шакл-шамойил ва мазмун-моҳият касб этишида ишга айнан режали асосда ёндашилгани муҳим роль ўйнаган.

Аввало, "Замонавий ўзбек шеърияти антологияси" юртдошимиз Алишер Усмоновнинг "Санъат, фан ва спорт" хайрия жамғармаси ҳамда "Ладомир" нашриёт-матбаа ижодий уйи кўмагида чоп этилганини эҳтиром ва эътироф билан таъкидлаш фарзу қарздир.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, "Ладомир" ноширлик уйи 2021-2022 йилларда ўзбек мумтоз шеъриятининг барча даврларига оид буюк вакиллари ижодини ўз ичига олган икки жилдлик "Ўзбек шеърияти антологияси"ни нашрга тайёрлади ва чоп этди. Учта китобнинг барчаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда дунё юзини кўрди.

Шу ўринда сўнгги йилларда мамлакатимизда “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуаси нашрдан чиққанини ҳам таъкидлаш лозим. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб Ўзбекистонда нашр этилган ушбу қамровдор мажмуага рус адабиётининг олтин даври – Пушкин замонидан то ХХ асрнинг охиригача бўлган йилларда яратилган энг яхши асарлар киритилган. 

Эътиборли жиҳати, "Замонавий ўзбек шеърияти антологияси"ни тайёрлаш учун Ўзбекистон ва Россиянинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари ҳамда машҳур адибу олимлардан иборат Ҳомийлар кенгаши ва Таҳрир кенгаши фаол иш олиб борди. Китобнинг илк саҳифаларида ушбу Кенгашлар аъзоларининг рўйхати келтирилган бўлиб, уларга чин қалбдан самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййид Антологияга битган кириш сўзида қайд этганидек, “Шеърият – ҳаётбахш ёлқиндир, “қадрдон тандир”лардан – миллий ўзлик моҳиятидан тараладиган бу  жонбахш оловнинг нури ҳамда тафти барча халқлару юртлардаги инсонлар қалбини ёритиш ва илитишга қодир”.

Хулоса қилиб айтганда, аввало, мазкур Антология ўзбек, умуман, Шарқ ва жаҳон шеъриятига бефарқ бўлмаган рус тилли китобхонларда қизиқиш уйғотиши тайин. Маданиятларимиз уйғунлигининг мўъжаз намунаси ҳисобланувчи ушбу муҳташам китоб Ўзбекистон ва Россия ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга муайян ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Шоирларимиз ижоди ҳақида сўз борганда, Президентимиз шундай дегандилар: “Битта китоб ёзиш, битта шеър ёзиш учун шоир ўнта китобни ўқиши керак. Бундай ижодкор давлат томонидан қўллаб- қувватланиши лозим”. Бугунги кунда жамиятимиз рағбати ва давлатимиз қўллаб-қувватлаши туфайли Янги Ўзбекистон шоирларининг шеърлари  дунё тилларига таржима қилинаётгани ва изчил нашр этилаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

 

Акмал САИДОВ,

академик

«Hurriyat» газетасининг 2025 йил 30 июль кунги 30 (1457)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech