Гарвард университетининг таҳлилига кўра, охирги беш йилда “иқтисодий мураккаблик индекси”да Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланган. 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз “дунё бозорида рақобат устунлигига эга”, деб баҳоланган.
Буларнинг натижасида охирги йилларда мамлакатимиз экспорти 2,2 баробар ошди. Ташқи савдо айланмаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди. Бу – иқтисодиётимиз ташқи бозорларга қанчалик боғлиқ эканини кўрсатади.
Лекин ҳозир дунё аввалгидек эмас. Ўзгарувчан муносабатлар, турли тариф ва чекловлар бошқа давлатларга ҳам занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётининг секинлашиши ва халқаро савдо камайишига олиб келаяпти.
Масалан, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар йўқотилди. Юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Энг катта хавф – пандемия давридагидек дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир. Айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электр техникаси, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби етакчи тармоқларга катта зарба бериши мумкин. Оқибатда рақобат янада қийин ва аёвсиз бўлади.
Президент бундай шароитда фақат ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил қадам ташлаш кераклигини таъкидлади. Ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари аниқ-аниқ режа қилиб, ишлаб чиқариш, экспорт билан шахсан шуғулланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун давлат томонидан зарур ҳуқуқий, ташкилий ва амалий чоралар кўрилади. Шу мақсадда яқинда 3 мингдан зиёд тадбиркорлар билан учрашилиб, муаммолари ўрганилган. Энг кўп масала стандарт ва сертификация тизимига оид бўлган.
Юртимиздаги 25 мингдан ортиқ стандарт, 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига мос келмайди. Бу эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг “қўлини боғлаяпти”, коррупцияни келтириб чиқараяпти. Устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани сабабли одамлар сарсон бўлаяпти.
Инвесторлар биздаги кўп лабораториялар талабга жавоб бермаслигини, ривожланган давлатлар стандартлари эса тан олинмаётганини айтаяпти. Ёки аксинча, биздаги лабораторияларнинг хулосаси чет элларда тан олинмайди. Шу боис экспортчилар сертификат олиш учун хорижий давлатларга намуна жўнатаяпти.
Ҳозирги тизимда сертификатлаш органлари бозор назоратини ҳам олиб боради, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келаяпти.
Йиғилишда шу каби муммолар таҳлили ҳамда ишбилармонларнинг таклифлари асосида, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш тўғрисида Президент фармони имзолангани эълон қилинди.
Ушбу фармонда техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария-эпидемиология, ветеринария, карантин идораларининг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. Такрорланувчи ва устма-уст тартиблар босқичма-босқич бекор қилинади.
Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги назорати билан фақат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси шуғулланади. Озиқ-овқат учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича санитария қоидалари ва нормалари халқаро стандартлар тизими – “Кодекс Алиментариус”га мувофиқлаштиради. Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхати қисқартирилиб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади. Асбоб-ускуна, хомашё, махсус техника, транспорт импортида юртимизда тан олинадиган хорижий сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади. Уларнинг импортида миллий сертификат олиш талаб қилинмайди.
Ушбу тартибларни ўз ичига олган “Бозор назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати қайд этилди.
Стандартлаштириш, санитария-эпидемиология ва карантин соҳаларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш кераклиги таъкидланди.
Йиғилишда маҳаллий корхоналарга йўл очиб, ишлаб чиқаришни ва экспортни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Юқорида қайд этилган фармонга асосан, энди четдан олиб келинаётган маҳсулотларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади.
Шу пайтгача қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилган эди. Энди, 1 июлдан бошлаб, бирорта товарнинг экспортига чеклов бўлмайди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирувчи хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.
Сўнгги йилларда маҳаллий саноатда қандолат ва салқин ичимликларнинг ўрни ошди. Бу тармоқларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим. Шу боис шакарга акциз бекор қилинади. Қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланади.
Бунинг натижасида қарийб 40 минг одам ишлайдиган қандолат ва салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг йиллик айланмаси камида 50 триллион сўмга етади.
Жойларда маҳаллий кенгашлар ер солиғи ва ижара тўловларига 2 баробаргача оширувчи коэффициент белгиламоқда. Лекин бунинг бизнесга таъсирини ўрганиб, тадбиркорларнинг имкониятидан келиб чиқиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Аксинча, уларга юкламани камайтириб, фаолияти кенгайтирилса, тушум кўпаяди. Энди тадбиркорларга ҳам ушбу солиқларни йилда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Мутасаддиларга олимлар ва тадбиркорларни жалб қилиб, солиқ-божхона сиёсати ва маъмурчилигини янги босқичга кўтариш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар ҳамда ҳокимлар ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар билан доимий мулоқотда бўлиши, ҳеч бир мурожаат четда қолмасдан, тезда ҳал этилиши зарурлиги таъкидланди.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»