Наманган – улкан бунёдкорлик майдони, барқарор ривожланиш йўлига тушиб олган ҳудуд

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 16 сентябрь куни Наманган вилоятига келди.

Ҳудуддаги бунёдкорлик суръати шаҳар дарвозаси – аэропортданоқ кўзга ташланади. Бу ерда 140 миллион доллар инвестиция ҳисобига янги терминаллар барпо этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида ушбу лойиҳа тақдимот қилинган эди. Бугунги кунда қурилиш ишлари жадал.

Ҳозирги аэропорт туристлар оқимига кичиклик қилаяпти. Уч қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси, Duty free дўконлари замонавий ташкил этилади.

Шунингдек, аэропортда улкан юк терминали қурилмоқда. У кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Энг муҳими, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади. Ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади. 

Масалан, бу йил Наманган вилоятига 1,5 миллион хорижий ва 2 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилган. Андижон ва Фарғона вилоятлари экспорти ҳам ошиб боряпти.

Аэропортда махсус сервис техникалари ҳам янгиланади. Бу турли ҳажмдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари қурилади. Янги терминаллар келгуси йил ишга туширилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани унга мутаносиб ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Дунёнинг илғор тажрибасидаги каби, аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, барча замонавий хизматлар бўлиши зарурлиги таъкидланди. Автотураргоҳ ва сервис объектлари ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасининг газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуасида бўлди.   

Аҳоли сони ўсиб, урбанизация кенгайиб бораётгани сифатли қурилиш материалларига талабни йилдан-йилга оширяпти. Мамлакатимизда қурилиш материаллари тармоғи шунга монанд жадал ривожлантирилмоқда. Замонавий технологиялар олиб келиниб, юқори самарадор маҳсулотлар ўзлаштирилмоқда.

“Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, “Туронбанк” томонидан молиялаштирилган газоблок корхонаси шулардан бири. 40 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Хитой, Германия, Дания каби давлатлардан инновацион технологиялар келтириб ўрнатилган. Шу боис, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва самарадорлиги юқори.

Масалан, Германия технологияси энергия тежамкорликни таъминлайди. Бундай газоблокдан қурилган бинони ташқи изоляция қилиш шарт бўлмайди, ичкаридаги иссиқлик ва салқинлик тўрт карра кам йўқотилади. Натижада электр энергияси харажати 45 фоизгача қисқаради.

Ишлаб чиқаришда “Мегатон” корхонасига қарашли “Наманган цемент”нинг 550 маркали цементидан фойдаланилади. Бу орқали қўшилган қиймат занжири яратилган. Корхонада 500 та янги иш ўрни очилган.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни, лаборатория ва маҳсулотларни кўздан кечирди. Мутасаддилар маҳсулот сифати, иссиқ ва совуққа чидамлилиги ҳақида маълумот берди.

– Қурилиш саноатимиз замон талабига мослашиб, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани яхши, – деди давлатимиз раҳбари. –  Бундай инновацион технологияларни импорт улуши юқори бўлган бошқа тармоқларда ҳам қўллаш керак. Шунда бозорда рақобат, харидорларда танлов бўлиб, жойларда иш ўрни кўпаяди. Бунинг учун изланувчан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Мазкур корхонада йилига 600 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу вилоятда ғиштга бўлган эҳтиёжнинг 28 фоизини қоплаши кутилмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида автоклав газоблок девори, махсус клей, кимёвий қоришма ва сувоқларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган туманида барпо этилган “Тараққиёт” саноат ва сервис зонасидаги лойиҳалар билан танишди.

Мамлакатимизда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда технопарк ва кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Наманган вилоятида бугунги кунда 1,5 минг гектар майдонда 73 та саноат зонаси бор.

Бунинг натижалари Янги Наманган туманидаги Соҳил маҳалласида ҳам яққол намоён. Илгари тадбиркор ва ҳунармандлар ўз уйларида чекланган шароитда ишлаган бўлса, эндиликда замонавий инфратузилмага эга яхлит мажмуада фаолият юритмоқда.

“Ғиждувон тажрибаси” асосида 10 гектар майдонда ташкил этилган ушбу зонада 113 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг барқарор ишлаши учун бюджет ҳисобидан электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, ички йўллар каби зарур инфратузилма барпо этилган.

Натижада йилига 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қуввати вужудга келди, 4 минг 800 та янги иш ўрни яратилди. Ёндош маҳаллалардан 170 нафар тадбиркор жалб этилгани, 350 дан зиёд хонадонда кооперация асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аҳолининг иқтисодий фаоллигини янада оширмоқда.

Яна бир муҳим томони, бу ердаги тайёр ускуна ва амалиётдан фойдаланиб, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта ўқитиш имконияти бор. Бу ишсизлик ва камбағалликни камайтириб, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи сервис марказлари ишини кўздан кечирди, усталар билан суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда янги-янги автомобиль заводлари ишга тушириляпти. Одамларнинг даромади ошиб, машиналар кўпаяяпти. Лекин сервис бўйича ҳали имконият кўп. Масалан, чет эл автомобилларига хизмат кўрсатиш етарли даражада эмас. Буни тизимли йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлиги ва хизмат сифатини таъминлаш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, бундай сервис марказларини бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, малакали усталарни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент саноат зонасида ишлаб чиқарилаётган мебеллар кўргазмаси билан ҳам танишди. Маҳаллий саноатни ривожлантириб, тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг тажриба орттириб, иш топишига кўмаклашиш вазифалари қўйилди.

Бундай мажмуаларда инсонни қадрлаш бўйича ҳам замонавий ёндашувлар бўлиши кераклиги таъкидланди. Ёнғин хавфсизлиги ва техник хавфсизликни таъминлаш, меҳнат билан бирга ходимларнинг дам олиши учун ҳам қулайликлар яратиш муҳимлиги айтилди.

Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Айқирон-1” насос станциясини кўздан кечирди.

Катта Наманган магистрал каналида жойлашган ушбу насос орқали 815 гектар ер суғорилади. Лекин агрегатлар эскириб кетгани сабабли самарадорлик паст, исрофгарчилик кўп эди. Жумладан, ҳар йили тахминан 6 миллион киловатт-соат электр энергияси сарфланарди.

Тадбиркор томонидан давлат-хусусий шериклик асосида бу ерга энергия тежамкор агрегат ва замонавий ускуналар ўрнатилди. Янгиланган тизим йилига қирқ фоизгача электр энергиясини иқтисод қилиш имконини бермоқда.

Тежамкорлик билан бирга янги насосларнинг сув чиқариш қуввати ҳам юқори. Бу эса далаларни суғориш кўламини ошириб, ҳосилдорликни яхшилашга хизмат қилади.

Вилоятда икки юздан ортиқ насос станцияси бор. Улардан 43 таси “Наммоторс сув таъминот” корхонасига давлат-хусусий шериклик асосида 10 йил муддатга бошқарувга берилган. Бу жараёнга 40 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилган. Иншоотларга ўрнатилаётган насос агрегатлари маҳаллийлаштирилган.

Давлатимиз раҳбари икки йил ичида “Айқирон-1” тажрибаси асосида вилоятдаги барча насос станцияларини модернизация қилиш, буни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга ошириш бўйича топшириқ берди.

Фақат технологияларни янгилаш билан чекланиб қолмасдан, уларни малакали бошқариш ва тўғри фойдаланиш ҳам муҳимлиги таъкидланди. Илм ва билим билан иш юритилса, модернизациянинг иқтисодий самараси юксалади. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ортиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли турмуш даражаси яхшиланади.

Мутасаддилар келгусида 750 дан зиёд фермер хўжаликларига қуёш панеллари орқали ишлайдиган кичик насослар ҳамда томчилатиб суғориш тизимларининг жорий этилиши ҳақида маълумот берди.

Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Фирдавс” кундузги парвариш марказини бориб кўрди.

Мамлакатимиз Конституцияси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси асосида инсонни қадрлаш кўлами кенгайди, бу соҳадаги хизматлар эҳтиёжмандларга яқинлаштирилмоқда. Хусусан, шу йил март ойидан бошлаб Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди. Бундай лойиҳалар хусусий шериклик асосида, давлат томонидан субсидия орқали амалга оширилмоқда.

Тадбиркор Сайёра Қосимова томонидан ташкил этилган “Фирдавс” кундузги парвариш маркази улардан бири. Марказ 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, махсус таълим ва реабилитация хизматлари кўрсатилади. Болалар кун давомида тўққиз соатлик индивидуал ўқув-тренинг дастурлари билан қамраб олинади. Машғулотларни малакали невролог, дефектолог, сурдолог, аудиолог, педагог ва психологлар олиб боради.

Бу хизматдан фойдаланаётган оналар фарзандларига меҳри ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Уларнинг айтишича, олдинлари бундай болалар фақат уйда ўтирар, жамиятдан ажралиб қоларди. Янги ижтимоий ҳимоя тизими туфайли энди улар ҳам “ёруғликка” чиқяпти. Ногиронлиги бор болалар инклюзив таълимга, қизиқарли дарс  ва машғулотларга жалб этилиб, ҳаётий кўникмаларни ўрганяпти. Бу ногирон фарзанди бор оилалар учун жуда катта мадад ва таскиндир.

Президент юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, бундай ижтимоий лойиҳалар миқёси кенгайтирилишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари шу ердаги “Faol hayotga qadam besh xizmat” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

Марказ шу йил тадбиркор Хосият Ортиқованинг шахсий маблағи ҳисобидан ташкил этилган. Бу ерда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун замонавий қулайликлар, тиббий ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган. Марказ 16 ўринга мўлжалланган.

Бу ерда тиббий мутахассислар томонидан индивидуал дастурлар асосида ҳар куни саккиз соатлик машғулот ўтказилади. Улар инсонларнинг соғлиғини тиклаш, функционал имкониятларини ошириш ва ижтимоий ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.

Муҳими, ўтган давр мобайнида амалга оширилган муолажалар самара бера бошлади. Хусусан, саккиз нафар шахснинг ўз-ўзига хизмат қилиш даражаси яхшиланди, беш нафарининг оила аъзоси ишга жойлашди.

“Фаол ҳаётга қадам” дастури ва кундузги парвариш инсонларга соғлом ҳаётга қайтиш, оилаларга эса иқтисодий ва ижтимоий имкониятларни ошириш имконини бермоқда. Бу хизматлар орқали фақатгина беморлар ҳаётида эмас, балки уларнинг оилаларида, жамиятда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Мазкур соҳадаги давлат-хусусий шериклик дастурига республика бўйича 600 нафар тадбиркор қўшилган бўлиб, уларнинг 46 нафари Наманган вилоятида фаолият юритмоқда. “Фаол ҳаётга қадам” дастури билан юртимиздаги ўзгалар парваришига муҳтож 24 минг фуқаро, кундузги парвариш хизмати билан 3 мингга яқин ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинган.

Президент Шавкат Мирзиёев Норин туманидаги “Фишвел Норин” корхонаси фаолияти билан танишди.

Балиқчилик ҳам аҳоли саломатлиги, ҳам озиқ-овқат хавфсизлигида муҳим ўрин тутади. Балиқ мўл бўлиши бошқа гўшт маҳсулотлари нархига ижобий таъсир қилади. Уни хонадонларда боқиш оилаларга қўшимча даромад олиб келади. 

Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини ривожлантиришга ана шу жиҳатдан ёндашилмоқда. Серсув туманларда инвестиция ва кооперация лойиҳалари фаол қўллаб-қувватланмоқда.

“Фишвел Норин” корхонаси 3 миллион доллар ҳисобига шундай лойиҳа бошлаган. Икки гектардан зиёд ҳудудда 76 та инновацион ҳавза ташкил этилган. Ҳозирги кунда шундан 40 таси ишга туширилган бўлиб, супер интенсив усулда гулмоҳи балиғи етиштирилмоқда. Умуман, бу ерда йилига 2 минг тонна тансиқ гўшт етиштириб, 5 миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган.

Муҳим томони, корхона маҳаллий аҳолини балиқ етиштиришга ўргатяпти. Хўжақўрғонча маҳалласидаги 25 та хонадон кластер билан кооперация қилиб, ҳар бири йилига 150 миллион сўмгача даромад кўряпти.

Буни янада кенгайтириб, Норин ва Учқўрғон туманларидаги 100 та оилани балиқчиликка жалб этиш режалаштирилган. Жумладан, 2 минг тонна гулмоҳидан 500 тоннаси хонадонларда етиштирилади. Натижада 300 дан зиёд киши иш билан таъминланади. 

Балиқчилик ривожлангани яна бир йўналишни вужудга келтирди – корхона ёнида замонавий ресторан ҳам барпо этилди. Унда балиқдан турли хил таомлар тайёрланиб, меҳмонларга таклиф қилинади. Бу туризм ва бошқа хизматлар кенгайишига ҳам ҳисса қўшяпти.

Президентимиз мутасаддиларга республика бўйича гулмоҳи етиштириш мумкин бўлган туманларни аниқлаб, мазкур тизимни оммалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Нидерландиялик ҳамкорлар билан балиқ озуқаси ишлаб чиқариш, Нориндаги тик қудуқлар ёнида сунъий ҳовузлар ўрнатиб, аҳолига бўлиб бериш бўйича вазифалар белгиланди.

Айни пайтда Наманган вилоятида мелиоратив қудуқлар атрофида давлат-хусусий шериклик асосида яна 34 та интенсив бассейн барпо этилган. Яна бир жиҳат шундаки, балиқ боқилган сув минералларга бойиши эвазига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ишлатилмоқда. Бунда хорижлик мутахассислар тажрибасига таянилмоқда.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига “Ислоҳотлар штаби” фаолияти юзасидан ахборот берилди. Қайд этилганидек, тадбиркорлар билан биргаликда 1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларнинг натижасида жами 12 минг иш ўрни, бюджетга қўшимча 200 миллиард сўм тушум, 160 миллион доллар экспорт манбаи пайдо бўлади.

Жумладан, шундай манзилли ишлар орқали Мингбулоқ ва Норин туманлари иқтисодиётини яхшилаш кўзда тутилган. Аҳолига тайёр лойиҳалар бериб ҳамда касбга йўналтириб, бандлигини таъминлаш чоралари белгиланган.

Президентимиз Норин туманидаги “Расулов Ғофуржон ўғли Баҳодир” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлиб, пахта теримини кўздан кечирди. Бу ерда хорижий гўза нави экилиб, юқори ҳосил етиштирилган. Кимёвий ишлов беришга учувчисиз аппаратлар, теримга замонавий машиналар жалб этилган. Улар ёрдамида пахта нест-нобуд қилинмай, тоза териб олиняпти.

Наманган вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласида ҳам бўлди.

Маҳалланинг шароити оғир. Ички йўллар таъмирталаб, кўча чироқлари ва лотоклар йўқ. Бу ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз бор, 157 одам миграцияда.

Аслида, туманлараро йўл бўйида жойлашган маҳаллада тадбиркорлик, савдо ва хизматларни ривожлантириш бўйича имконият кўп. Бўш турган биноларни давлат-хусусий шериклик асосида қувватга киритиш мумкин.

Президентимиз ҳудуддаги муаммолар бўйича аҳоли фикрларини эшитди.

– Энди бу маҳаллани тубдан ўзгартириб, “Янги Ўзбекистон” нафасини олиб кирамиз. Кўчалар обод қилиниб, қиёфаси янгиланади. Одамларнинг яшаши, сайр қилиб, болалари билан дам олиши учун муносиб шароитлар бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга маҳаллани намунага айлантириш бўйича кўрсатма берилди. Жумладан, унга шаҳар муҳитини олиб кириш ва тадбиркорлик учун шароитларни яхшилаш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади. У асосида жойлар тайёр лойиҳа ва инфратузилма билан ташаббускорларга таклиф этилади. Натижада маҳалланинг салоҳияти ошиб, атрофдаги 5 та маҳалла учун марказга айланади.

Замонавий маҳалла гузари ва сайилгоҳ барпо этилади, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил қилинади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури доирасида капитал таъмирланади. Кўчалар асфальтланиб, манзарали ва мевали дарахтлар, гул кўчатлари экилади. Эскирган ва ҳосилдорлиги паст боғлар тўлиқ янгиланади. Ижтимоий шартнома асосида одамлар ўз уйларини тартибга келтиради.

Умуман, бутун мамлакатимизда қуйи тизимда ишларни “жонлантириш” бўйича қарор ишлаб чиқилаётгани айтилди. Туман ва маҳаллаларга янгича қиёфа олиб кириш учун бюджетдан жами 5 триллион сўм ажратилади. Жумладан, Наманганда Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан йўналтирилиб, уларни меҳнатда намунали, ҳаёти фаровон, тадбиркорликда етакчи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади.

Ўтган йили 25 март куни давлатимиз раҳбари Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаб берган эди. Бугун улардан бири – Норин ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичи ишга тушди.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Охирги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда ўндан зиёд қуёш ва шамол электр станцияси ишга туширилди. Шу билан бирга, қатор ҳудудларда 450 мегаваттли гидроэлектр станциялар фойдаланишга топширилди.

Ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЭС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.

Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода, уни мамлакатимиздаги “биринчи миллий ГЭС” дейиш мумкин.

ГЭС-1 йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир. Шу жиҳатдан “Норин ГЭСлар каскади” нафақат энергетик, балки ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.

Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула шаклидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.

ГЭСда сув тўсиш иншооти ҳам қурилди. Шунингдек, ҳудудда маъмурий ва хизмат бинолари, диспетчерлик пункти барпо этилди. Атроф муҳитни муҳофаза этиш ва ҳудудни обод қилиш мақсадида 6 минг туп манзарали дарахт экилди, келгуси баҳорда яна 7 минг туп мевали кўчат экиш режалаштирилган.

Шу жиҳатлари билан бу ер нафақат энергетика, балки экотуризм ва рекреация масканига ҳам айланади.

Умуман, Норин ГЭСлар каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026 йилда иккинчи ва учинчи, 2027 йилда қолган станциялар ҳам ишга туширилади. Ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, уларнинг фаолиятида қўшимча иш ўринлари яратилади.

Энергетика тизимидаги бундай йирик лойиҳалар аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, саноат тармоқларини узлуксиз ишлатиш ҳамда иқтисодий самарадорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ҳудудда амалга оширилган салмоқли ишлар иқтисодиёт ривожи ва аҳоли фаровонлигида намоён бўлмоқда. Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошган.

Меҳнатга лаёқатли аҳолини 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали рўзғор тебратаяпти. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошди. Муҳими, бундай ўзгаришларни Наманган аҳли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилаяпти.

Йиғилишда бу суръатини давом эттириб, натижадорликни янада ошириш имкониятлари таҳлил қилинди. Хусусан, йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларни обод қилиш бўйича муҳим ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, юртимизда “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури амалга оширилади. Ушбу дастурга Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги 4 тадан, қолган ҳудудлардаги 2 тадан туман, шунингдек, республика бўйича энг “оғир” 328 та маҳалла киритилади.

Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайган. Тадбиркорлик лойиҳалари кўпайгани, ўртача ойлик ошгани ҳисобига икки йилда миграциядаги 62 минг одам қайтган.

Ислоҳотлар штабига вилоятдаги хушманзара жойлар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди. Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кунда вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг ярми тўқимачилик соҳасига тўғри келади. Наманганлик тадбиркорлар бренд билан ишлаш бўйича республикада етакчи.

Инвестиция олиб келиш ва брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун бир ойда вилоятда алоҳида лойиҳа офиси очилади. Халқаро сертификат олган текстиль корхоналари 50 тага етказилади.

Мутасаддиларга йил якунигача Варшава ва Лондонда камида 1 минг квадрат метрли савдо уйларини ташкил қилиш топширилди. Умуман, вилоятда бу йил тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 500 миллион долларга етказиш, икки йилда 1 миллиард долларлик 25 та йирик лойиҳани ишга тушириш мумкинлиги қайд этилди.

Йил бошидан буён вилоятга 1 миллион 200 минг хорижий, 2 миллион маҳаллий сайёҳ келган, туризм экспорти 200 миллион доллардан ошган.

Шунга мос равишда туризм инфратузилмасини ҳам ривожлантириш керак. Лекин Намангандаги энг жозибали ҳудудлардан бири – Чортоқ тумани имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Туристлар учун онлайн маълумот олиш, жойни олдиндан банд қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш каби оддий хизматлар ҳам йўлга қўйилмаган.

Шу боис Чортоқ бутун йил давомида хизмат кўрсатадиган водийнинг туризм хабига айлантирилиши айтилди. Бундай лойиҳалар инфратузилмаси учун 50 миллион доллар ажратилади.

Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида бу йил “Фурқат” боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади. Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилади.

Жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқсой ва Катта Наманган канали қирғоқларини 7 километри бетонлаштирилиб, 30 гектар ер фойдали майдонга айлантирилади. Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади.

“Чортоқ” сув омбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади. Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм мажмуаси барпо этилади.

Соҳа учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади.

Президентимиз ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўл тирбанд бўлиб келаётган эди. Шу боис, 63 миллиард сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилмоқда.

Шунингдек, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқариб, тирбандлик камаяди. Ушбу кўприклар келгуси йилда ишга туширилади.

Вилоят марказини пойтахт билан боғлайдиган, кунига 15 минг транспорт ҳаракатланадиган “Пунгон – Наманган” йўлининг 75 километри реконструкция қилинади. Бу йўл 246 миллион доллар ҳисобига 4 тасмали, бетон қопламали қилиб қурилади.

Вилоятдаги 30 та маҳаллага марказлашган ичимлик суви етиб бормагани, тармоқларнинг 21 фоизи таъмирталаб экани кўрсатиб ўтилди. Канализация билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар кўп.

Шунинг учун бу йил вилоятда сув тизимини яхшилашга 800 миллиард сўм ажратилди. Мутасаддиларга йил якунигача 130 километр сув ва канализация тармоғи, 11 та сув иншооти қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш вазифа қилиб қўйилди.

Наманган шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминловчи 70 йил олдин қурилган “Курашхона” сув иншооти бугунги кунда 50 фоиздан кам қувватда ишламоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда бу иншоот реконструкция қилиниши белгиланди.

Яқинда Наманган аҳолиси бир миллионли шаҳарга айланади. Бу шароитда боғчаларни кўпайтириш жуда долзарб экани таъкидланди.

Бу борада тадбиркорларга бир қатор енгилликлар эълон қилинган эди. Улардан унумли фойдаланиб, Наманган шаҳрида бу йил 5 минг, кейинги йил 15 минг ўринли боғча ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди. Вилоятдаги 49 та техникумда хорижий стандартлар ва дуал таълим жорий этилиши айтилди.

Сўнгги уч ойда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 3 мингга яқин муҳтож инсонларга қараб туриш хизмати йўлга қўйилди. Натижада бу билан банд бўлган 350 киши ишга жойлашган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига эндиликда деменция ва Паркинсон билан оғриган одамлар учун ҳам қараб туриш хизматини йўлга қўйиш топширилди.

– Бугун сизлар билан шаҳар ва туманларни ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича янги марраларни белгилаб олдик. Агар биз бирлашсак, бундан ҳам катта натижаларга эриша оламиз. Ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор ва меҳнатсевар наманганликлар билан вилоятни юртимизнинг энг обод ва фаровон ҳудудиларидан бирига айлантирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари ахборот берди, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда. 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech