Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Маърузада келтирилганидек, Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 23 минг 422 та мурожаат келиб тушди.

2024 йилда Омбудсман томонидан мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига, мансабдор шахсларга 182 та тақдимнома, талабнома, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.
Ўтган йилда Омбудсман томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2023 йилга нисбатан 7 фоизга, 2022 йилга нисбатан 35 фоизга ошган. Таъсир чораларининг 140 таси ижобий ҳал этилган.

Шунингдек, Омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 39 та (2023 йилга нисбатан 11 фоизга кўп) тақдимнома киритилган ва уларнинг 30 таси ижобий ечим топган.
Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиши натижасида фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича судларга киритилган 92 та ариза ва даъво аризаларининг 82 таси ҳал этилган.
Омбудсман томонидан меҳнатга оид ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши туфайли фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлари бўйича ундирилган маблағлар 1 миллиард 832,9 миллион сўмни ташкил қилган. 20 нафар фуқаро ишга тикланган, 7 та ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари бартараф этилган.
—“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун билан Омбудсманнинг ҳудудлардаги иштироки кенгайтирилиши билан бирга, қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишдаги фаолияти ҳам кучайтирилди, — деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Эшматова. — 2024 йилда Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 902 маротаба (2023 йилда 603 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашга эришилди.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар Омбудсманнинг 2024 йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасида қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этишди.
Шунингдек, Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасини ижобий баҳолаб, унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 13.02.2025
- Кўришлар: 293
- Чоп этиш