Малайзия Жануби-шарқий Осиёдаги бой маданий мерос, гўзал табиатга эга, иқтисодиёти ривожланган ўзига хос давлат. Тили, урф-одати турли этник гуруҳлар яшайдиган бир неча орол, ярим ороллардан иборат бу мамлакат ҳақида жуда кўп қизиқарли фактлар мавжуд.
Малайзия икки асосий қисмдан иборат: Малакка ярим ороли ва Борнео ороли. Пойтахт Куала-Лумпур иқтисодий ва маданий марказ ҳисобланади.
Қизил, кўк ва оқ ранглардан иборат мамлакат байроғидаги юлдуз ва ярим ой давлатнинг асосий рамзлари ҳисобланади. Расмий тил – малай. Бошқа кўплаб, масалан инглиз, хитой ва тамил тиллари ҳам кенг тарқалган. Малайзияда тахминан 32 миллион аҳоли истиқомат қилади: 60 фоизи малайлар, қолгани хитойликлар ва ҳиндлар. Мазкур мусулмон давлатида насроний ва буддистлар ҳам кўп.
Ўзига хос флора ва фаунаси билан машҳур Малайзияда ноёб ўсимликлар ва ҳайвонлар ҳам бор. Табиати экзотик, тропик ўрмон, тоғ, қумли соҳил, маржон рифлари бисёр. Баланд дарахтлар бу заминга табиат ато этган ўзига хос инъомлардан биридир. Малай диёрида самога қараб 100 метрдан ортиқ бўй чўзган тропик дарахтлар ҳам бор. Мамлакатнинг энг баланд нуқтаси –Кинабалу тоғининг баландлиги 4095 метр. Ёввойи табиат хилма-хиллигини ҳимоя қилувчи 25 та миллий боғ ва қўриқхона фаолият кўрсатадиган заминда малай пандаси, ракун, бўрсиқ, гиббон каби ҳайвонлар яшайди.
Малайзия иқтисодиёти сўнгги йилларда жадал ривожланаётган, пальма ёғи энг кўп ишлаб чиқариладиган давлат ҳисобланади. Табиий гўзаллиги, кўҳна тарихи, бой ва ранг-баранг маданияти ушбу юртни дунёдаги энг қизиқарли сайёҳлик марказларидан бирига айлантирган. Шу боис туризм мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири Куала-Лумпур рамзи ҳисобланган Петронас минораларидир. Бу мамлакат сув спорти, альпинизм ва очиқ ҳавода дам олиш учун турфа имкониятлар таклиф этади.
Малайзия халқаро университети мамлакатдаги энг нуфузли таълим муассасаси ҳисобланади. Мамлакатда UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб тарихий обидалар, маданий мерос объектлари бор. Энг машҳур қадимий жойлардан бири – маданият ва тарихга бой Мелака.
2004 йилгача Куала-Лумпурдаги 1483 фут (451.9 метр)лик 88 қаватли “Petronas Tower” дунёдаги энг баланд бино эди. Ҳозиргача дунёдаги энг баланд эгизак бинолар бўлиб қолаётган қўш иншоотни ердан 558 фут (170 метр) баландда жойлашган 41 ва 42 даражали осмон кўприги боғлаб туради.
Яна бир қизиқарли маълумот: дунёдаги энг йирик ғор камераси Саравак палатаси Борнео оролидаги Гунунг Мулу миллий боғида жойлашган. Бу ғор шунчалик улканки, тахминий ҳисоб-китобга кўра, 40 та “Boeing747” самолётини сиғдира олади. Улар ҳатто қанотларини букмасдан ҳам ушбу ғорга кириши мумкин.
Бугунги кунда Малайзияда енгил, тоғ-кон ва ишлаб чиқариш саноати, электроника маҳсулотлари яратиш ва йиғиш жадал ривожланмоқда. Илм талаб қиладиган тармоқлар сони ҳам ортмоқда. Мамлакат тараққиёти кўп жиҳатдан ҳукумат ўтган аср 70-йилларида таълимга алоҳида эътибор қаратгани билан боғлиқ. Бир вақтлар хорижий сармоя жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган инвесторлар учун имтиёз беришнинг мослашувчан тизими доирасида сармоядорларга, корхоналарга солиқ имтиёзидан фойдаланиш имконини берувчи алоҳида мақом берилди.
Малайзия ахборот технологиялари, туризм, экспортга йўналтирилган, капитал кўп ва юқори технологияли соҳаларга сармоя киритишни рағбатлантиради. Ҳозирги вақтда нефть-кимё ва нефтни қайта ишлаш саноатига инвестиция киритилмоқда. Транспорт ускуналари, озиқ-овқат, электроника ва электротехника соҳалари тараққий этмоқда.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий алоқалар йил сайин ривожланмоқда. Икки халқ ўртасида ягона дин, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган азалий яқин дўстлик мавжуд. Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 1 январда тан олган. Икки мамлакат дипломатик алоқалари шу йил 21 февралда ўрнатилган.
Дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тамал тоши Биринчи Президентимизнинг 1992 йил ва Малайзия Бош вазири Моҳатҳир Муҳаммаднинг 1993 йилги расмий ташрифлари чоғида қўйилган. 2003 йил юртимизга Подшоҳ Туанку Саййид Сирожиддин Саййид Жамолуллайл ташриф буюрган.
Сўнгги йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ошди, Ўзбекистон ҳудудида Малайзия капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 37 тага етди. Бош вазир Анвар Иброҳимнинг мамлакатимизга 2024 йил май ойидаги ташрифи муносабатлар ривожига сезиларли суръат бағишлади. Ташриф якунлари бўйича кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. Шунингдек, юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш мақсадида юртимизда Ўзбекистон – Малайзия саноат зонаси ташкил этишга келишилди. Ўтказилган бизнес форум давомида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд 19 та инвестиция битими имзоланди.
Икки давлат ўртасида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Малайзия ҳукуматининг Техник ҳамкорлик дастури доирасида 850 дан зиёд мамлакатимиз вазирлик, идоралари мутахассислари ҳамкор давлатда малака оширди. Бугунги кунда 500 га яқин ўзбекистонлик талаба Малайзиянинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. Икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида 25 та ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Бу рақамлар ўзаро шерикликнинг юқори ўсиш суръатидан дарак беради.
Президентимиз Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари ушбу мамлакатда расмий ташриф билан бўлади. Ташриф доирасида Куала-Лумпур шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокара, етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес-форум ва бошқа тадбирлар кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, Малайзия нафақат Жануби-шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида ўзига хос салоҳиятга эга, жадал ривожланиб бораётган давлат. Кутилаётган мазкур ташриф эса мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Шу билан бирга Ўзбекистон – Малайзия дўстлигини янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни, жумладан, савдо, инвестиция, инновация, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, "яшил" энергетика, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтиришда мустаҳкам пойдевор бўлади.
Гўзал Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 04.02.2025
- Кўришлар: 199
- Чоп этиш