Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси хорижий ОАВ нигоҳида

Шу кунларда мамлакатимиз пойтахти жаҳон дипломатияси марказига айланган: Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. 200 га яқин миллий парламент вакилларини бирлаштирган анжуман, одатда, парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси илғор мамлакатлардагина ўтказилади.

Хўш, ушбу нуфузли йиғиннинг аҳамияти ҳақида хорижий ОАВ нима ёзяпти? Чет эл нашрлари Ассамблеянинг қайси жиҳатларига эътибор қаратмоқда?

The Diplomatic Insight: Ўзбекистон Президенти Ассамблеяда

тинчлик, иқлим ҳаракати ва тенглик масалаларини таъкидлади

Покистоннинг “The Diplomatic Insight” журналида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ассамблея очилишидаги нутқи батафсил таҳлил қилинди. Жавория Холид қаламига мансуб мақолада 181 миллий парламент, 15 минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқ мажлиси илк бор Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтаётганига алоҳида урғу берилган.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз ташаббуси билан бу галги йиғин учун “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзуси танланган.

Ўзбекистон парламент йўналишида глобал аҳамиятга молик қатор ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Қолаверса, айни йўналишдаги турли платформалар, нуфузли тузилмаларда фаол иштирок этмоқда.

“The North Africa Post”: Тошкентда Парламентлараро Иттифоқ

150-Ассамблеяси бошланди

Марокашнинг “The North Africa Post” нашри ҳам юртимизда ўтаётган йирик халқаро тадбирга бағишлаб махсус мақола чоп этди.

Муаллиф ёзганидек, 150-Ассамблея Тинчлик ва халқаро хавфсизлик ҳамда Барқарор ривожланиш бўйича доимий қўмиталар томонидан муҳокама қилинган мавзулар бўйича резолюциялар қабул қилади. Ушбу ҳужжатлар Қуролли можароларнинг барқарор ривожланишга узоқ давом этадиган таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегияларини белгилайди.

Нашр қайд этишича, айни пайт анжуман доирасида иқлим ҳаракати, парламент дипломатияси ва аёллар саломатлигига таъсир қилувчи ижтимоий меъёрлар бўйича семинарлар ўтказиляпти.

– Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси – IPU парламент дипломатиясини ривожлантиради, парламентарийларга тинчлик, демократия ва жаҳон миқёсида барқарор ривожланишни тарғиб қилиш ваколатини беради, – дея таъкидланган мақолада.

“Viet Nam News”: Тошкентда Въетнам олий қонун чиқарувчилари музокара ўтказди

Въетнамнинг “Viet Nam News” нашри Тошкент шаҳрида Вьетнам Миллий мажлиси Раиси Чан Тхань Ман ва Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева музокара ўтказгани ҳақида ёзди.

– Норбоева хоним мулоқот чоғида икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганидан буён Миллий комиссия раиси Ўзбекистонга илк бор келгани муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, – дейилган мақолада. – Ушбу ташриф шерикликнинг истиқболли имкониятларини очиб бериши ва мамлакатларимиз тараққиётига ижобий ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

Чан Тхань Ман республикамизнинг минтақа ва жаҳондаги ўрни тобора мустаҳкамланаётгани, бу халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганига эътибор қаратган.

Томонлар “Вьетнам – Ўзбекистон” дўстлиги парламент гуруҳлари ташкил этилгани, икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатлар тарихидаги энг яхши қадриятларни илгари сураётгани, ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштиришда давом этиш зарурлигини таъкидлаган.

“Hello Magyar”: Тошкент Марказий Осиё тарихида биринчи марта Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясини қабул қилмоқда

Венгриянинг “Hello Magyar” нашри “Тошкент парламент дипломатияси маркази сифатида: Парламентлараро иттифоқнинг юбилей ассамблеяси” номли мақола эълон қилди.

Материалда айтилишича, Тошкент Марказий Осиё тарихида биринчи марта мазкур анжуманни қабул қилмоқда. 2000 дан зиёд парламент аъзоларини бирлаштирган тадбир асосий глобал масалаларни муҳокама қилиш учун ноёб имконият яратди.

– Тошкент ушбу муҳим воқеа учун майдон сифатида танланиши халқаро парламент дипломатиясидаги таъсири ортиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларга содиқлигини таъкидлайди, – деб ёзади манба. – Шунингдек, мамлакатнинг минтақадаги конструктив сиёсий мулоқот маркази сифатидаги мақомини тасдиқлайди.

“Xinhua”: Ўзбекистон Президенти парламентлараро иттифоқ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги ҳам давлатимиз раҳбарининг Ассамблеядаги нутқига алоҳида эътибор берган.

– Мамлакат етакчиси можаролар ҳам глобал, ҳам минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон низоларни тинч музокара йўли билан ҳал этишни қатъий қўллаб-қувватлашини айтди, –дейилган мақолада.

“Gulf Times”: Шўро Кенгаши Тошкентдаги Ассамблея тадбирларида иштирок этмоқда

Gulf Times” кундалик онлайн нашри Қатар Шўро кенгаши Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси йиғилишлари ва сессияларида иштирок этаётганини ёритди.

– Ассамблея кун тартибидан доимий комиссиялар йиғилишлари, ихтисослашган конференциялар, амалий семинарлар, парламент форумлари ва долзарб глобал муаммоларни ҳал этишга қаратилган бошқа парламент тадбирлари ўрин олган, – дейилади мақолада.

Қўмита йиғилишларида Шўро кенгаши аъзоси Юсуф бин Али Ал-Хатир Қатар Давлатининг тинчлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлашга содиқлигини таъкидлаб, можаролар гуманитар инқирозни кучайтириши, ривожланиш мақсадларига эришишга тўсқинлик қилишига ишора қилган.

Йиғилишларда парламентлар ва қонунчилик кенгашларидаги котибиятлар фаолияти, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш йўллари ҳамда кун тартибидаги бошқа масалаларга кенг ўрин ажратилаётгани қайд этилган.

Ўткир Алимов тайёрлади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech