Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Маслаҳат кенгаши аъзолари, вазирликлар, мутасадди идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтилари фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш – долзарб вазифаЙиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари Акмал Саидов мамлакатимизни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг жадал суръатлари жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирок этишларидаги ролини ошириш, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва нормаларини инобатга олган ҳолда ушбу йўналишдаги уларнинг фаолиятини авж олдириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари имзолаган янги қарор худди шу мақсадга қаратилган.
Қарор 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилинди. У жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш асосида бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришга хизмат қилади.
Президент қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТни) давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят ННТ учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.
- фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
- ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш бўйича таклифи маъқулланди. Президентимиз қарори билан ўрнатилган янги тартибга кўра, ишлаб чиқувчи-ташкилотлар томонидан https://regulation.gov.uz порталида жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишида, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Адлия вазирлиги ННТнинг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашувчи масъул орган ҳисобланади.
Йиғилишда Президент қарорида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича бир қатор амалий таклифлар киритилди. Хусусан, 2020 йил 1 февралга қадар ишлаб чиқиладиган Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлашга Маслаҳат кенгаши эксперт гуруҳларини жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Қарор ижроси доирасида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида ННТ раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Комиссия аъзолари ушбу ташаббусни самарали рўёбга чиқаришнинг ташкилий-молиявий томонларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Бундан ташқари, йиғилишда иккита ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тўғрисидаги низом ва Давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг халқаро стандартларини республикада жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳақида сўз борди. Мазкур ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузилди.
Йиғилишда Хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш комиссияси томонидан Маслаҳат кенгашининг 2019 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда жойларда 14 та “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” ташкил этилган ва рўйхатдан ўтказилган. Ушбу марказлар орқали бир кунда ўртача 100 нафар тадбиркор хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилмоқда.
Бугунги кунгача тадбиркорлик марказлари томонидан 16 минг 283 нафар хотин-қизга тадбиркорлик йўналишларида кўмаклашилган. Шундан 3 минг 446 нафари касблар бўйича қайта тайёрланган, 2 минг 771 нафари ишга жойлаштирилган, 3 минг 87 нафарига “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлишида ёрдам берилган.
Шунингдек, 2 минг 522 нафар хотин-қизнинг мурожаатлари қаноатлантирилиб, уларга имтиёзли кредит олишлари учун амалий ёрдам кўрсатилган. Йил бошидан буён 35 минг 193 нафар хотин-қиз тадбиркорлик фаолиятига жалб этилиб, улар томонидан хотин-қизлар учун 53 минг 751 та иш ўрни яратилган.
Ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилди. Шу билан бирга, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Бундан ташқари, йиғилишда Ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш комиссияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Мунозаралардан сўнг “Касаба иттифоқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълумот учун қабул қилинди.
Маслаҳат кенгаши томонидан жорий йил охиригача амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилиб, кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.10.2019
- Кўришлар: 5712
- Чоп этиш