Президентимизнинг БМТдаги нутқи етакчи экспертлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқи хорижлик эксперт ва илмий доира вакилларининг эътиборини тортди.

Президентимиз нутқида илгари сурилган ташаббуслар нафақат минтақа, балки глобал аҳамиятга эга экани билан ҳам ғоят долзарб ҳисобланади. Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукран Абдул Раҳмон ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов АҚШнинг “Islamicity” порталида “Ўзбекистоннинг глобал нигоҳи: инсон қадрини улуғлаш, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ҳамжиҳатлик” (Uzbekistan's Global Vision: Advancing Human Dignity, Regional Cooperation, and International Solidarity) мавзусида мақола эълон қилди.

Муаллифларнинг ёзишича, замонавий дунёдаги динамик ўзгаришлар кўплаб мамлакатларни инсон ҳаёти ва жаҳон тараққиёти истиқболига нисбатан янгича ёндашувларни қабул қилишга мажбур этмоқда. Бошқа давлатлар сингари Ўзбекистон ҳам тез суръатларда ўзгараётган ва тобора мураккаблашиб бораётган дунё муҳитидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга интилмоқда. 

БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг бу мураккаб воқеликда тутган устувор мавқеи ва эришган ютуқларини баён этар экан, “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишнинг концептуал йўналишлари ҳақида сўз юритди. Маърузада миллий тараққиёт мақсадларига эришиш ҳамда ҳамжиҳатлик, тинчлик ва инсон қадрига асосланган глобал дунёқараш ўз ифодасини топган.

Ўзбекистоннинг энг устувор мақсади ҳар бир оила ва фуқаронинг ҳаётини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда инсон қадрини улуғлашдир. Мамлакатнинг бир қатор муҳим ютуқлари бу йўналишдаги жадал илгарилашини ифода этади. Савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги кўрсаткичлар минтақа бўйлаб деярли беш баробар ўсган. Ўзбекистон чегара ҳудудларида қўшма инвестиция дастурлари, савдо ва саноат зоналарини ташкил этди, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда. Шу билан бирга, мамлакат халқаро муносабатларда мустақил, масъулиятли иштирокчи сифатида майдонга чиқиб, ҳамжиҳатлик, барқарорлик ва Марказий Осиёнинг тинчликпарвар сиёсатини тамсил этмоқда.

Камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача кескин қисқарди. Бу таълим ва фан соҳаларидаги ислоҳотлар, юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш, “яшил энергетика”, транспортни модернизация қилиш, кичик бизнес ва иш ўринларини яратиш орқали амалга ошди.

Мақола муаллифларининг эътироф этишларича, бу ютуқларнинг асосий омилларидан бири кучли ва янги чақириқларга шай таълим тизимининг мавжудлигидир. Натижада мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача ошди. Олий таълимда ёшлар қамрови 9 фоиздан 42 фоизга етди. Шунингдек, ўқитувчилик касбининг нуфузини ва мақомини ошириш мамлакатнинг муҳим устувор йўналишига айланди.

Шу билан бирга, мамлакат замонавий соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва тадбиркорликдаги ролини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш орқали исломнинг инсонийлик, бағрикенглик ва маърифат таълимотини тарғиб этишдаги ташаббуслари, БМТ қароргоҳида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломалар илмий меросини замонавий услубда намойиш этишга интилиши таҳсинга лойиқдир, дейилади мақолада.

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясидаги тарихий нутқи ва унда илгари сурилган ташаббуслар биринчи галда мамлакатимиз тараққиётига янги одим бериши билан бирга, инсоният олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этишда самарали ечимлар таклиф этади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech