Европа Иттифоқи БМТнинг 1951 йил қабул қилинган қочқинлар масаласига оид конвенциясини қайта кўриб чиқиш режасини ишлаб чиқмоқда, деб ёзди “Times” газетаси.
– Амалдаги ҳужжат муайян мамлакат чегарасида бошпана излаб юрганларни қайтаришга тўсқинлик қилади, – дейилган хабарда.
Сўнгги пайт кўҳна қитъа давлатлари орасида мазкур конвенция кўзланган мақсадга хизмат қилмаётгани тўғрисидаги фикрлар кўпайган.
– Ушбу тамойиллар Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг ишлаб чиқилган бўлиб, геосиёсий жиҳатдан бугунги кун нуқтаи назарига мутлақо тўғри келмайди, – дея ҳужжатдан қуйидаги парчани келтирган нашр:
– Ҳужжатни имзолаган давлатлар ирқи, дини, миллати, маълум бир ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий маслаги сабабли ҳаёти ёки эркинлиги таҳдид остида бўлган қочқинларни ҳеч қандай тарзда ўз ҳудудидан чиқариб юбормайди ва ватанига қайтармайди.
Бундан ташқари, муаллиф ёзганидек, Европа давлатлари қочқинлик мақомини олиш ва рад этилган бошпана изловчиларни қайтариш бўйича миллионлаб сўровни қондиришда қийналаётгани сабабли, бу тамойил тобора кўпроқ сўроқ қилинмоқда.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус охирги ўн йилликда миграция сиёсатида амалга ошириладиган энг жиддий ўзгаришлардан бири бўлиши мумкин.
ЎзА
- Қўшилди: 04.02.2025
- Кўришлар: 186
- Чоп этиш