Жорий йилнинг 11 февраль куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда судлар мустақиллигини таъминлашга оид қатор қонунлар муҳокама қилинди.
Хусусан, дастлаб “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни кўриб чиқилди.
Бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжудлиги қайд этилди.
Ушбу Қонун мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда Фуқаролик ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асосларини яратувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Шундан сўнг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Қонун ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда амалдаги қонунларни янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда “Судлар тўғрисида”ги Қонунда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Суд жараёнида иштирок этаётган гувоҳ ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатув бермаслик ҳуқуқи жорий этилмоқда.
Мажлисда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қонун билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонун 271-модда билан тўлдирилмоқда. Мазкур модда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин унда қийноққа солиш ёки бошқа ҳолатлар натижасида олинган жароҳатларни, шикастланишлар ва яраларни аниқлаш мақсадида тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши, мажбурий тиббий кўрик қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига олиб келинган пайтдан эътиборан икки соат ичида тиббий ходим томонидан ўтказилиши, қамоққа олинганни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишда уни қўриқлаётган бир жинсдаги ҳибсхона ходими иштирок этиши ва бошқа яна бир қатор нормаларни ўзида акс эттирган.
Таъкидланганидек, Қонун Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 26-моддасида белгиланган инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Шундан сўнг сенаторлар қонунлар лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш ва кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонунларни ҳам кўриб чиқди.
Унга кўра “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида” Қонуннинг 12-моддасига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар қўшимча равишда киритилмоқда.
Шунингдек, Қонуннинг 15-моддасида қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ўзи киритган қонун лойиҳасини қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилингунига қадар чақириб олиш тўғрисида Қонунчилик палатасига таклиф киритишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Муҳокама қилинаётган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши қонунийликни, қонунлар нормаларининг аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлашга, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан таъкидланди.
Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 12.02.2025
- Кўришлар: 354
- Чоп этиш