Ўқитувчиларга эҳтиром ва ёшларга имконият мамлакат келажагини таъминлайди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида ўз ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг улуғ ишга бағишлаб келаётган барча муаллимларни табриклаб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 сентябрдаги фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Улар орасида ўз маблағи ҳисобидан мактаблар қурган сахий тадбиркорлар, таълимдаги илғор ютуқларни жорий қилишга кўмаклашаётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.

Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.

– Мен кўплаб соҳа вакилларига унвон, орден ва медаллар бераман. Лекин устозлар мукофотланадиган кунни соғиниб кутаман. Кўксингизни безаб турган орден-медаллар муборак бўлсин. Юртимизда юксак мукофотларга муносиб фидойи муаллимлар кўпайсин, – деди Президент. 

 Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар таълим соҳасига эътибори, устоз зотига юксак ҳурмати учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик изҳор этди.

Шундан сўнг соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Унда видеоалоқа орқали бутун республикамиздан 40 мингдан зиёд устоз ва мураббийлар қатнашди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишдаги нутқида сўнгги саккиз йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани, ялпи ички маҳсулот ҳажми йил якунигача 130 миллиард долларга етишини қайд этди.

Ушбу иқтисодий замин асосида ўтган саккиз йилда таълим ва илм-фан соҳасига харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилган. Президентимиз таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади.

Йиғилишда таълимнинг барча бўғинларини ривожлантириш, ёшлар ва педагоглар учун имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар белгиланди.

2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам болалар боғчаси йўқ эди, қамров 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда боғчалар сони 38 мингдан, қамрови эса 78 фоиздан ошди. Яқинда эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар натижасида мактабгача таълим кириб бормаган бирорта маҳалла қолмайди, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмайди.

Боғчадаги раҳбар ва педагоглар ойлиги қарийб 2 карра ошди. Хусусий боғчалардаги тарбиячилар ойлиги ва бола харажатининг бир қисми ҳам бюджетдан қоплаб бериладиган тизим жорий этилади.

Энди давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олий таълимда ўқитиш йўлга қўйилади. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади.

Таълимнинг энг узоқ давом этадиган, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир.

Мамлакатимиз аҳолиси сўнгги 34 йилда 2 карра ўсиб, 38 миллиондан ошди. Ҳозирда мактабларда 6,5 миллион ўқувчи таълим оляпти. Сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаблар қурилгани, мавжудлари кенгайгани ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. 200 мингдан зиёд ўғил-қизлар хусусий мактабларда ўқияпти.

Энди мактаб даврида ўқувчиларни қобилиятига қараб касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади. Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олинади. Ўқишни мактабда давом эттириб, олийгоҳга кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади.

Ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар оляпти. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади.

Давлатимиз раҳбари касбий таълим масаласига алоҳида тўхталди. Соҳа учун 2026 йил – ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши таъкидланди.

Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади. Агентликнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.

Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Швейцария, Хитой, Корея, Буюк Британия каби давлатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг энг илғор касбий таълим дастурлари жорий қилинади.

Шунингдек, касбий кўникмаси бор исталган талабгор бу техникумларда хорижий давлатларнинг малакани баҳолаш тизими орқали имтиҳон қилиниб, халқаро сертификат олиши мумкин бўлади.

Жорий ўқув йилидан Англиянинг Пирсон компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “БИТЕК” халқаро дастури бошланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.

Келаси йили саноатда қарийб 45 миллиард долларлик 456 та йирик лойиҳа бошланади. Энди техникумларда “инвестор – тармоқ – техникум” занжири асосида ҳар бир лойиҳа бўйича дуал таълим йўлга қўйилади.

Корхоналар билан аниқ лойиҳалари бўлган техникумлар ўртасида замонавий устахоналар барпо қилиш бўйича танлов ўтказилади. Танлов ғолибларига устахона учун замонавий ускуна ва жиҳозлар, спорт анжомлари олиб берилади.

Умуман, дуал таълим билан қамров 5 баробар оширилади. Ҳамкор корхоналарга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади, дуал таълим орқали ишлаётган ўқувчилар бўйича ягона ижтимоий тўлов икки баробар қисқартирилади.

Янги технологияларни ўзлаштириш, иш топишда чет тилларини билиш жуда муҳим. Шу боис, техникумлардаги хорижий тиллар учун ажратилган соатлар 4 карра кўпайтирилади.

Президентимиз қарорига мувофиқ, мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий қилиняпти. Энди улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради.

Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.

– Бу янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир болани касб-ҳунар орқали даромадли қилсак, оилаларнинг рўзғори бут бўлади, маҳаллаларда тинчлик ҳукм суради. Ўйлайманки, бундан ота-оналар ҳам рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 Техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини, жамиятдаги мавқеини ошириш чоралари ҳам белгиланди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Бу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади. Бундан техникумларнинг 30 минглик педагоглар жамоаси манфаат кўради. Ушбу муассасалар директор ва ўринбосарларининг ойлик маоши ҳам оширилади. Энди техникумларда ҳам илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади.

Сўнгги йилларда, айниқса, олий таълим қамрови жадал ошди. Олий ўқув муассасалари сони 77 тадан 202 тага, жами талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етди.

Янги индустриал давр – “тўртинчи саноат инқилоби”ни амалга ошириш учун дунёда “технологик минераллар”га талаб бир неча карра кўпаймоқда. Таҳлилларга кўра, дунёдаги вольфрам, молибден, рух ва титан захираларининг 10-15 фоизи минтақамизга тўғри келади. Ушбу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга энг аввало илм, билим ва инновация керак.

Шунинг учун илм-фан ва бизнес вакилларини учраштириб, манфаатли ҳамкорликда ишлайдиган тизим ташкил этилиши айтилди. Ихтироларнинг тажриба-синов ишлари харажатларини қоплашга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Яқинда ихтирочилар ўртасида тўққизта йўналишда ўтказилган танлов ғолибларига электромобиль берилди. Иккинчи ўрин соҳиблари хорижга стажировкага юборилади, учинчи ўринни эгаллаганлар эса пул мукофотлари билан тақдирланди.

Энди бундай танловлар олий таълимнинг ҳар бир йўналишида, ўқитувчилар ва талабалар ўртасида ҳам ўтказилиши эълон қилинди.

Олий ўқув юртларида хорижий ТОП-500 талик университетлар билан ҳамкорликда ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади. ТОП-100 таликка кирган университетлар филиаллари очилади.

Президентимиз устоз ва мураббийларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича ҳам қатор ташаббусларни билдирди.

Энди янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.

Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади.

Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади.

Фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади.

Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

Йиғилишда ўқитувчи ва талабалар, таълим ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот қилиниб, таклиф ва фикрлари тингланди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech