Ногиронлар ҳуқуқлари: халқаро ва миллий кафолатлар

Замонавий жамиятнинг вазифаларидан бири ногиронлиги бўлган эркак ва аёлларнинг жамиятнинг бошқа аъзолари сингари ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишини таъминлашдан иборатдир. Дунёнинг барча мамлакатларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўла амалга оширишига тўсқинлик қиладиган ва жамоат ҳаётидаги иштирокини қийинлаштирадиган тўсиқлар мавжуд.

Ногиронлиги бор одамларнинг жамиятдаги ҳозирги аҳволи муаммосининг долзарблигини ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциялашувида жисмоний, иқтисодий ва ижтимоий тўсиқларнинг мавжудлиги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдан ажратилиши, уларнинг пассивлиги ва функционал қарамлиги, ногирон инсонларга нисбатан жамиятнинг муносабати, ногирон кишиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш муаммолари мавжудлиги каби омиллар ҳам тасдиқлайди.

Шу муносабат билан ногиронлар учун жамиятнинг турли хил ижтимоий тизимлари, масалан, хизматлар кўрсатиш, иш, ахборот ва транспортдан фойдаланишдаги тенг имкониятларни таъминлаш орқали тўсиқларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўриш талаб этилади.

БМТнинг Халқаро Ногиронлар куни ҳар йили 3 декабрда нишонланиб, бутун дунё бўйлаб ногиронларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбирлар ўтказилади.

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва рўёбга чиқаришни назарда тутувчи халқаро нормалар ва миллий қонунчилик шаклланган. Бундай халқаро ҳужжатларнинг асосийлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2006 йил 13 декабрдаги
61/106-резолюцияси билан қабул қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга Факультатив протокол ҳисобланади.

Мазкур Конвенция 2007 йил март ойида имзолаш учун очилгандан кейин кўплаб мамлакатлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг Факультатив протоколини имзолаб, ногиронлар ҳуқуқларига риоя этишга ва уларни ҳимоя қилишга бўлган ўз иродаларини намоён қилди. Ушбу Конвенция
50 давлат томонидан имзоланганидан сўнг 2008 йил 3 май куни кучга кирди.

Айни дамда Конвенцияни 158 давлат имзолаган ва 147 таси ратификация қилган. Ўзбекистон Республикаси ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолаган.

Мазкур халқаро ҳужжатга қўшилган иштирокчи-давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг мустақил турмуш кечиришлари ва ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларида иштирок этишлари учун тенг имкониятлар яратиш, транспорт, ахборот, алоқа ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш ва бошқа мажбуриятларни зиммасига олади.

Иштирокчи-давлатлар томонидан Конвенция қоидаларининг бажарилишини таъминлаш ва мувофиқлаштириб боришни БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси амалга оширади. Қўмита функцияларига давлатлар томонидан тақдим этиладиган даврий маърузаларни кўриб чиқиш, жисмоний шахслар тақдим этадиган хабарларни ўрганиш, текширишлар ўтказиш ва умумий хусусиятга эга бўлган мулоҳазалар ва тавсияларни ишлаб чиқиш киради.

Даставвал, Қўмита 12 нафар мустақил экспертлардан иборат бўлиши керак эди. Лекин Конвенция 60 та давлат томонидан ратификация қилингандан кейин унинг таркиби 18 нафарга етади. Қўмита аъзолари Иштирок этувчи давлатларнинг конференциясида сайланади ва шахсан ўз номидан иш кўради.

Ўзбекистон Республикасининг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойиллари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ногиронлик муаммосига диққат қаратди. Мамлакатимизда 1991 йилда бошқа қўшни давлатларда шунга ўхшаш қонунлар ишлаб чиқиш учун намуна бўлиб хизмат қилган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

2008 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ушбу қонуннинг янги таҳририни қабул қилди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш механизмлари янада батафсил ёритилган ва конунни бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар, шахсни ногиронлиги сабабли камситмаслик тамойили ётади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тенглик ва камситмаслик тамойиллари мустаҳкамланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 декабрь куни “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат томонидан
қўллаб-қувватланиши тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш; ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жалб қилиниши ва фаол иштирокини таъминловчи инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштиришшулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳам тайёрланган.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш мамлакатимиз учуе аҳамиятга эга. Бу, хусусан:

ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай камситишлардан ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспорт, ахборот ва алоқа, объектлар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятининг кафолатлари мавжуд қонунчилик қоидаларини тўлдириш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйувчи давлат органлари, хўжалик субъектлари, хусусий корхоналарнинг ҳуқуқий жавобгарлигини кўриб чиқиш;

 ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини амалга оширишни чуқур таҳлил қилиш;

 ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, уларнинг бошқа шахслар билан биргаликда ўзларининг сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишиши учун қўшимча чора-тадбирлар қўллаш;

ривожланган давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва бошқа ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш имконини беради.

Конвенцияни ратификация қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ҳамда ривожлантиришнинг қўшимча кафолатларини беради. Шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш ва амалий фаолиятни янада такомиллаштириш учун намуна бўлиб хизмат қилади.

Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech