Маълумки, 31 август-1 сентябрь кунлари Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган, ШҲТ тарихидаги энг йирик тадбир сифатида баҳоланган навбатдаги олий даражадаги Саммитда 20 дан зиёд хорижий давлат раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Мамлакатимиз етакчиси анжуманда, анъанага мувофиқ, глобал миқёсда муҳим қатор ташаббусларни илгари сурди, дунё етакчилари билан муҳим учрашувлар ўтказди.
Халқаро экспертлар Президентимиз ташаббуслари нафақат мамлакат ёки минтақа, балки глобал миқёсда алоҳида аҳамият эга эканини қайд этмоқда.
Хусусан, ШҲТ институтлари самарадорлигини ошириш, тузилмани Глобал Жануб давлатлари ҳисобига кенгайтириш, Ядро хавфсизлиги бўйича декларация қабул қилиш, Ички ишлар вазирлари кенгаши фаолиятини тиклаш, 2030 йилгача гиёҳвандликка қарши кураш дастурини тайёрлаш, “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи ишини фаоллаштириш бутун дунё тинчлиги, барқарорлиги сари қадам ташлашга чақириқ экани таъкидланяпти.
Муҳим жиҳат шундаки, давлатимиз раҳбари ҳамкорлар эътиборини мазкур саммит глобал ноаниқлик шароитида бўлиб ўтаётганига қаратди.
Умуман, Президентимизнинг Тяньцзинь саммитига “Ишончим комилки, ўтаётган ушбу саммит янги тарихий даврни бошлаб беради ва ўзаро муносабатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилади” дея берган баҳоси тадбирнинг аҳамиятига нисбатан муносиб хулоса бўла олади.
Дарҳақиқат, таъкидлаганидек, ҳозир дунё ҳамжамияти ишончнинг тизимли инқирози, халқаро институтлар заифлашуви ва жаҳон савдо тизими парчаланиши жараёнига гувоҳ бўлмоқда. Бундай вазиятда дунё матбуоти, халқаро экспертлар тадбирга, хусусан тузилманинг ўзига ҳам турлича баҳо бериши тасодиф эмас, албатта. Хавотирли томони, дунё қутбларга бўлинаётгани, АҚШнинг глобал миқёсда устунлигига қарама-қарши турадиган янги куч пайдо бўлаётганига урғу бериляпти. Бинобарин, Президент Дональд Трамп олиб бораётган ташқи сиёсат, янги тарифлар жорий қилиниши ҳам, қисман, айни хулосаларга асос сифатида кўрсатилмоқда.
– ШҲТ Пекиннинг Ғарб ёки АҚШ етакчилигидаги НАТО каби тузилмаларга қарши кучлироқ кўп томонлама муқобил жамоалар яратишга интилишида калит вазифасини ўтайди, – деб ёзган “Guardian” нашри. – Бу Трампнинг тарифлари ва бошқа ташқи сиёсатдаги ҳаракатлари натижасида юзага келган ўзгаришлар сифатида намоён бўлмоқда.
– Хитой ШҲТ саммитида муқобил халқаро тартиб яратиш бўйича ўз мақсадини белгилаб олди, – дея мавзуга муносабат билдирган “Financial Times”. – Бу таклиф АҚШнинг савдо тизимига қилаётган ҳужуми, ишончли иттифоқчиларини ҳақорат қилиши, Канада ва Дания каби ҳамкорлари ҳудудий яхлитлигига таҳдид солишидан норози кўплаб мамлакатларда акс-садо беради.
– Си Цзиньпин Тяньцзинда Хитойни Ғарбга қарши янги тартиб марказига қўйиб тақдим этди, – деб ёзди “Le Monde” газетаси. – ШҲТ саммитлари ҳеч қачон Мисрдан Малайзиягача – бунчалик кўп кузатувчи давлатларни жамлаган эмас. ХХР етакчиси тузилмадан Қўшма Штатлар ва европаликлар анчадан бери қўллаб-қувватлаб келаётган меъёрлар ва қадриятлардан воз кечиш зарурлиги ҳақидаги кенгроқ хабар учун майдон сифатида фойдаланмоқда. У ноаниқлик кучайиб бораётган дунёда Хитойни барқарорлик устунига айлантириш ниятида.
Франциянинг яна бир нашри – “Libération” эса Хитой дипломатик нуфузини кўрсата урғу берди:
– Ҳозирги воқелик АҚШнинг Хитой ва Ҳиндистон билан савдо уруши, Украинадаги зиддият ва Эрон ядровий можароси туфайли ШҲТ анжуманини тарихан энг муҳим саммитга айлантирди. Тадбирнинг илк аниқ натижаси Ҳимолой тоғидаги баҳсли чегара бўйича ўнлаб йил давом этган тарангликдан сўнг Пекин ва Деҳли ўртасидаги яқинлашувдир.
Германиянинг “Süddeutsche Zeitung” нашри Хитой Глобал Жанубга кўпроқ таъсир ўтказишга интилаётгани ва Янги Ипак йўли каби сармоявий ташаббуслар орқали ўзини Ғарбдаги ҳамкорларга муқобил куч сифатида кўрсатаётганига урғу берди.
Жанубий Кореяда чиқадиган “Chosun Ilbo” газетаси Си Цзиньпин Тяньцзинь саммитида глобал бошқарувни ислоҳ қилишга чақирганига эътибор қаратган:
– Си Цзиньпин ШҲТ Тараққиёт банки ташкил этилишига кўмаклашиш ниятини билдирди ва уч йил давомида 1,4 миллиард доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишга ваъда берди. Буни иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган саъй-ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин.
“Al Jazeera” телеканали ШҲТ Тараққиёт банкини яратишга чақирув ташкилотнинг кенг кўламли мақсадидан далолатлигини таъкидлади:
– Хитойнинг кўп томонлама сиёсатга интилиши Президент Дональд Трамп давридаги АҚШга нисбатан ишончсизлик кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлди. Масалан, ҳозирги савдо уруши ШҲТга аъзо, шунингдек Хитой ва Ҳиндистон каби вақти-вақти билан рақибларга айланадиган давлатларга шикоят қилиш учун умумий асос беради. Моди ва Си ўртасидаги учрашув аниқ натижа берди – қўшни давлатлар беш йил ичида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво қатновини тиклаяпти. Ваҳоланки, айни жараёнда рамзий натижа муҳимроқ. Трамп муҳим иттифоқчиларни ўзидан узоқлаштириб, Ғарб бирлигига путур етказмоқда, Ҳиндистон энди АҚШга нисбатан хавфни камайтириш сиёсатини қўллашга мажбур.
– Чинликлар Трампни Чуан Жиангуо деб аташади, маъноси – Хитойни кучли қиладиган одам, – деб ёзди “Der Spiegel” ҳафталиги. – ШҲТ аъзоларининг ҳаммаси Ғарбга қарши эмас, кўпчилик Пекин раҳбариятига ҳам ишонмайди. ХХР билан ҳудудий тортишув, Ғарб билан яхши муносабатга эга Ҳиндистон ва Вьетнам бунга яққол мисол бўла олади. Аста-секин халқаро тартиб учун энг жиддий таҳдид Хитой эмас, Трамп бошқарувидаги АҚШ бўлиши мумкин, деган хулосага келаётган бу мамлакатлар энди ўз хавфсизлиги чорасини кўриши оқилона иш бўларди.
ШҲТ саммитига Америка матбуоти ҳам эътиборсиз бўлмади. Асосий йирик нашрлар анжумандан кўзланган мақсад АҚШ якка ҳокимлигига қарши глобал жанубда дунёнинг қарийб ярим аҳолисини бирлаштирган янги куч шакллантириш эканига урғу берган.
Масалан, “Washington Post” ёзишича, форумда Хитой ўзини ишончли ҳамкор сифатида кўрсатди. Бу мамлакат тобора кўп қутбли тус олаётган дунёда АҚШнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган сиёсатига қарши турувчи кампаниянинг асосий ижрочиси ҳисобланади. Бунга Трамп тарифлари ҳам сабаб бўлди.
“Wall Street Journal” эса ШҲТ саммитида ҳеч бир муҳим қарор қабул қилинмаганини таъкидламоқда. “Шунга қарамай, Си Цзиньпин, Нарендра Моди ва Владимир Путин бир-бири билан самимий саломлашган, “эҳтиёткорлик билан уюштирилган саҳна” Пекинни тийиб туриш, Россия ва Хитой алоқасини узиш, Ҳиндистонни РФ нефтидан узоқлаштиришга уринаётган Вашингтон учун “ўта жиддий огоҳ қўнғироғи” бўлди, дея хулоса қилган газета.
“New York Times” ҳам ШҲТ саммитини “Хитойнинг АҚШ ҳукмронлигига қарши чиқишга уриниши” сифатида баҳолади.
С.Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси
- Қўшилди: 12.09.2025
- Кўришлар: 48
- Чоп этиш