TikTok яна нишонда

Франция парламентининг тегишли комиссияси раҳбари, депутат Артур Делапорт Париж прокуратурасига “TikTok” ижтимоий тармоғи устидан шикоят қилди. Унинг фикрича, тузилма ушбу тармоқ фойдаланувчиларининг соғлиғи ва ҳаётини атайлаб хавф остига қўймоқда, деган хулосага келган ва шундан сўнг у прокуратурага мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Комиссия ижтимоий тармоқда ўз жонига қасд қилиш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш, шунингдек экстремизм ва ксенофобия хусусиятига эга материаллар тарқалиши асносида Тик Токнинг вояга етмаганларга руҳий таъсирини ўрганиш учун тузилган.

- Комиссия хулосасини инкор этиб бўлмайди, - деган сиёсатчи "Франc-Инфо" радиоси эфирида. - “TikTok” ўз фойдаланувчилари соғлиғи ва ҳаётини атайлаб хавф остига қўйган. Шунинг учун прокуратура билан боғланишга қарор қилдим.  Tармоқ раҳбарияти қатор “жиноий ҳуқуқбузарлик”ка йўл қўйган. Шунингдек, ходимлар “ёлғон гувоҳлик берган”. Яъни, улар қонунни билмайман, дея ёлғон гапиради.

Апрель ойида ноиб ва собиқ Бош вазир Габриель Аттал интернетга қарамликка қарши кураш бўйича “радикал чора-тадбирлар” доирасида 15 ёшгача болалар учун ижтимоий тармоққа киришни тақиқлаш ва тунги вақтда ўсмирлар учун чеклов қўйишни таклиф қилган эди. Интернет-платформалар “жозибадор”лигини сусайтириш керак. Масалан, 30 дақиқадан сўнг интерфейсни оқ-қора режимга ўтказиш лозим, деб ҳисоблайди депутат.

Июнь ойи бошида Президент Эммануэль Макрон агар Европа Иттифоқи муайян тақиқ қўймаса, 15 ёшгача бўлган ўсмирлар ижтимоий тармоқдан фойдаланиши тақиқланишини айтганди.

Ўз навбатида "ТикТок" платформаси ҳукуматнинг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар соғлиғига хавф солаётгани ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этди, деб ёзди “Франcе-Пресс” агентлиги.

С.Раҳимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech