Президент қарори билан 2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари белгиланади.
Сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Буни Президентимизнинг ушбу сўзлари ҳам тасдиқлайди: “Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади”.
Аниқ рақамлар мисолида кўрадиган бўлсак, 2024 йилнинг ўзида боғча ва мактаблар барпо қилиш, тиббий хизматни кенгайтириш, маҳаллаларда ичимлик суви, электр энергияси, йўл инфратузилмасини яхшилаш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилган.
Охирги 6 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг аҳоли кредитини вақтида қайтариб, даромадли бизнесга эга бўлган. Улардан 58 минги янги корхона ҳам очган.
Кейинги йилларда болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 27 фоиздан 74 фоизга ошган. Болалар ўртасидаги камбағаллик даражаси охирги уч йилда 22 фоиздан 14 фоизга пасайган.
Сўнгги уч йилда мамлакатимизда кўмакка муҳтож 3 миллион аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилган. Келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 7 фоизгача пасайтириш мақсад қилинган.
Яқинда давлатимиз раҳбари аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартиришга оид чора-тадбирлар тақдимоти билан танишар экан, 2025 йил ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи йил бўлишини таъкидлаб, бу борадаги чора-тадбирларни тартибли ва манзилли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шундан сўнг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжат ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини ошириш бўйича янги ёндашувларни кенг жорий қилиш, маҳаллаларда эҳтиёжманд аҳоли қатлами билан манзилли ишлашни ташкил этиш ва ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш, мавжуд ресурслар, имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш орқали юқори даромадли иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришни мақсад қилади.
Аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури тасдиқланди
Қарорга кўра, 2025 йилда аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури ҳамда унинг доирасида мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Дастур ижроси доирасида 5,2 миллион аҳолини иш билан банд қилиш ҳамда даромадли меҳнат билан таъминлаш мақсадида айрим ташкилотлар масъул этиб белгиланди.
Дастурнинг амалга оширилишини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 126 триллион сўм йўналтирилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги "online- mahalla.uz" ва "yangiish.mehnat.uz" платформаларидаги, шунингдек, ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар юзасидан тайёрланган маълумотлар асосида ҳар ой якуни бўйича Дастур ижроси юзасидан Президентга ахборот беради.
Паррандачилик бўйича тайёр бизнес лойиҳалари амалга оширилади
2025–2026 йилларда Наманган, Тошкент, Хоразм ва бошқа вилоятларда паррандачилик соҳасида кооперация тизимида замонавий сўйиш корхоналари (кушхоналар) ва музлатгичли омборхоналар, маҳсулотлар ва чиқиндиларни қайта ишлаш, наслли жўжалар етиштириш ва парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ўз ичига олган тайёр бизнес лойиҳалари амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, 2025 йилда камбағал оила аъзоларини жалб этган ҳолда 20 минг гектар ўрмон фонди ерларида саноатбоп, манзарали ва мевали дарахт турларидан иборат ўрмонлар барпо этиш, кўчатхоналар ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳалари амалга оширилади. Бунда камбағал оила аъзоларига мазкур ер участкаларида ўз эҳтиёжлари учун сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга рухсат этилади.
Жами 100 гектар ер участкаларида бруссонетия дарахтини етиштириш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади. Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан тупроқ-иқлим шароитига мос келувчи 1 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари оғир тоифадаги 1024 та маҳаллага етказиб берилади.
“Экофаол фуқаро” платформаси ва субсидия
2025 йил 1 июлдан “Экофаол фуқаро” платформасига ўзи эккан дарахти тўғрисида маълумотлар киритган камбағал оилалар аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ҳар 100 та дарахт учун БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида субсидия ажратилади. Бунда субсидия йил давомида иккига бўлиб (кўчатлар экилган вақтда ҳамда уларни парваришлаш давридан кейин) тенг улушларда тўланади.
Қуёш фотоэлектр станцияларини бошқаришга камбағал оилалар аъзолари улушдор бўлади
Қарорга кўра, оғир тоифадаги 300 та маҳаллада кооперация асосида 180–500 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари барпо этилади. Бунда қуёш фотоэлектр станцияларини бошқаришга кооперация асосида камбағал оилалар аъзолари улушдор сифатида жалб қилинади. Қуёш фотоэлектр станцияларига хизмат кўрсатиш учун камбағал оилалар аъзолари ўқитилади ва ишга қабул қилинади.
Маҳаллаларда ижарага берилган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг замонавий усуллари жорий этилади
Ҳужжатга кўра, иш тажрибасига эга тадбиркорлик субъектлари ва экспортчи корхоналарни жалб қилган ҳолда аҳолига ижара асосида ажратилган ер участкаларида намунали лойиҳалар доирасида 492 та қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш орқали “компания – кооператив деҳқон хўжалиги” тамойили асосида маҳсулотни узлуксиз етказиб бериш тизими жорий қилинади.
2022–2024 йилларда деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун ажратилган ва келгусида аҳолига ижарага бериладиган ер майдонларида ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш асосий турига мувофиқ "бир контур – бир маҳсулот" тамойили асосида енгил конструкцияли иссиқхона, интенсив боғ, токзор, анорзор, гулчилик ва кўчатчилик плантацияларини яратиш ва резавор мевалар етиштириш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат берилади.
2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кооперативлари учун ижтимоий солиқ ҳамда уларга ишга қабул қилинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда субсидиялар ажратилади.
Касбий кўникмалар марказларида 12 та йўналиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг касбий кўникмалар марказларида 2025 йил 1 февралдан иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.
2025 йил 1 мартдан аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади. 2025 йил 1 апрелдан 12 та янги касб йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий қилинади
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 февралдан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, муддати 3 ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.
2025 йил 1 майгача ишсиз аҳолини, шу жумладан, устувор равишда камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий қилинади.
Мазкур тизим 2025 йил 1 февралдан Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилади.
Маҳаллаларда камбағал оила аъзоларининг ишлаш иштиёқини ва ташаббускорлигини оширишга қаратилган “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Ишонч” лойиҳалари ва “Маърифат орқали камбағалликни қисқартириш” дастури амалга оширилади.
Умиджон Қурбонов, ЎзА
- Қўшилди: 28.01.2025
- Кўришлар: 501
- Чоп этиш