“Яшил макон” лойиҳаси ижроси таҳлил қилинди

Жорий йил 20 май куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни  кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш ва парваришлаш, “яшил белбоғлар”ни барпо этиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Мажлисда сенаторлар, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Экологик партияси масъуллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари, Ёшлар парламенти аъзолари, экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳорги мавсумда 136 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилган.

Кўчатларни агротехник талабларга мос равишда экиш, уларни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини тўғри ташкил этишга қаратилган 1,5 мингдан ортиқ амалий семинарлар ўтказилган.

Бундан ташқари, Давлат ўрмон фонди ерларида 126 минг гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилган. Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида 124,5 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо этилиб, 1,5 минг гектарда ўрмонлаштириш ишлари ташкил этилган.

Ҳудудларга тупроқ-иқлим шароитига мос кўчатлар етказиб берилишини таъминлаш мақсадида 1,3 мингта савдо ярмаркаси фаолияти йўлга қўйилган.

Ўрмон хўжаликлари томонидан яшил ҳудудлар етишмаётган 1024 та маҳаллага 808 минг туп, Экология жамғармаси ҳисобидан мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига 409 минг туп, соғлиқни сақлаш муассасаларига 493 минг туп кўчат етказиб берилган.

Мажлисда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди. Жумладан, баҳор мавсумида экилган қарийб 14 минг туп кўчатнинг суғориш тизими ташкил этилмаган. Айрим ҳолларда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, дарахт ва буталарнинг мос турлари танланмасдан экилган.

Баъзи вазирлик, идоралар ва тармоқларда дарахт экиш тадбирларига етарли даражада эътибор қаратилмаган. Экилган кўчатларни парваришлаш, суғориш, улар пайҳон қилинишининг олдини олиш ишлари ҳам талаб даражасида амалга оширилмаган.

Ҳокимлик, вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан аввалги мавсумларда экилган, табиий ва бошқа омиллар ҳисобига қуриб қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш, қуриб қолган дарахтлар ўрнига янги кўчатларни экиш амалиётига эътибор қаратилмаган.

Қурилиш материаллари, энергетика ва металлургия соҳасидаги саноат корхоналари томонидан 5 гектардан майдонда “яшил белбоғлар” барпо этиш ишлари айрим ҳудудларда бажарилмаган.

Хусусан, Жиззах, Фарғона, Қашқадарё, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида саноат корхоналари томонидан кўчат экиш орқали “яшил белбоғлар” барпо этиш ишлари қониқарли даражада эмас.

Шунингдек, атроф муҳитга таъсир хавфи бўйича I-II тоифадаги 1 306 та саноат корхонасининг 419 тасида кўчат экиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Муҳокама давомида камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, экилган кўчатлар ҳақидаги маълумотларнинг “Yashilmakon.eco” электрон платформасига ўз вақтида ва ҳаққоний киритилишини таъминлаш, кузги мавсумда ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт тури ва экиш жойларини белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Йирик саноат корхоналари атрофи ва уларга туташ ҳудудларда ҳамда чиқинди полигонлари атрофларида “яшил белбоғлар” барпо этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши юзасидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини давом эттириш, ҳудудий экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларининг бу борада амалга оширган ишлар тўғрисидаги ахборотини Кенгаш сессияларида эшитиб бориш тавсия этилди.

Шунингдек, Қўмита мажлисида муҳим экологик саналардан бири бўлган 22 май Халқаро биологик хилма-хиллик кунининг мазмун-моҳияти хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда депутатлик ва жамоатчилик назоратининг муҳим жиҳатлари хусусида семинар ҳам ташкил этилди.

Мажлис якунида кўрилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech