Ўзбекистон ёш авлод камолотига устувор аҳамият бермоқда. Бу сўзда эмас, амалда бажарилмоқда. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга мавжуд муаммоларини ечишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бевосита демография ва ижтимоий тизим билан боғлиқ. Ўзбекистон аҳолисининг деярли учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлганлар. 24 фоизини эса 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар ўз салоҳиятини намоён қилишлари учун ижтимоий лифтлар яратилмоқда, барча зарур ишлар қилинмоқда.
Мамлакатда таълим соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Магистратура талабалари сони сўнгги етти йилда етти баробарга, хотин-қизлар ўртасида эса – ўн бир баробарга ошди.

Бундан ташқари, 25 йил ичида – 1991 йилдан 2016 йилларгача атиги 800 нафар талаба бюджет ҳисобидан хорижда таҳсил олган бўлса, охирги етти йил ичида бу рақамлар уч мартага ўсиб, 2 минг 300 нафардан зиёд талаба “Эл-юрт умиди” жамғармаси туфайли бундай имкониятга эга бўлди. Дастур кенгайишда давом этмоқда. Биргина жорий йилда яна минг нафар истеъдодли ёш “Ёрқин келажак” лойиҳаси ташаббуси билан топ даражадаги хорижий университетларда ўқиш учун боради.
Лекин асосий янгилик нафақат сон, балки таълим сифатида ҳамдир. Ёшлар энди шунчаки диплом олмайди – улар тиллар, замонавий технологиялар ва амалий кўникмаларни ўзлаштиради. Охирги уч йилда ёшларнинг чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошди. Тил ўрганаётган ёшлар сони 2 миллион нафарга етди. Юқори бал олиб, IELTS имтиҳонини муваффақиятли топширганлар сони эса беш баробарга – 2020 йилда 10 мингдан 2024 йилда 53 минггача кўпайди.
Эндиликда давлат тил бўйича таълим бериш билан боғлиқ харажатларнинг каттагина қисмини ўз зиммасига олади. Янги “2+6” молиялаштириш тизими жорий этилди. Унга кўра, ўқувчилар хусусий тил марказларидаги таълимнинг дастлабки икки ойини мустақил ўзлари тўлайдилар, кейинги олти ой эса давлат томонидан молиялаштирилади. Ушбу чора 100 минг нафар битирувчига B2 даражасида билим олиш имконини беради ва улар олдида янги мартаба ва таълим истиқболларини очади.
Бундан ташқари, 25 мингдан зиёд қиз дастурлаш бўйича бепул ўқитилди ва мазкур кўрсаткич бу йилда икки мартага кўпайди.

Шу ўринда ёш тадбиркорлар сони уч баробарга ошганига алоҳида тўхталиш ўринли. Бу кейинги йилларнинг асосий ютуқлардан бири бўлди. Ҳозир ёшлар мамлакатдаги барча бизнесменларнинг 40 фоизини ташкил этади, ёшлар ўртасидаги ишсизлик эса 2 мартага камайди.
Ушбу тенденцияни қўллаб-қувватлаш учун Ёшлар ишлари агентлиги қошида бюджети 100 миллион доллар бўлган махсус фонд ташкил этилди. Ушбу маблағлардан ёш тадбиркорлар 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит, уларнинг стартаплари эса – 2 миллиард сўмгача сармоя олишлари мумкин бўлади.
Қолаверса, “Алоқа банк” ёшлар бизнес-банкига айланиб бормоқда. Стартаплар ва кичик корхоналарни кредитлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган. Бунда қўллаб-қувватлашнинг минимал миқдори 100 миллион сўмни, максимал миқдори 5 миллиард сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, тадбиркор аёллар умумий кредит ҳажмидан камида 30 фоизига эга бўлса, ёш мутахассисларни ишга олган ва уларга 3 миллион сўмдан пул тўлайдиган иш берувчиларга солиқ имтиёзлари берилади.
Мамлакатда креатив саноат парклари ташкил этилиб, уларнинг резидентлари 2030 йилгача имтиёзли солиқ режимида ишлашлари мумкиндир. Улар фойда солиғи бўйича имтиёзларга, шунингдек, IT, дизайн, маркетинг ва бошқа креатив соҳаларда лойиҳаларни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.
Олис туманларда яшовчи ёшлар учун таълим ва карьера истиқболлари очилмоқда. Масалан, хорижий тилни C1 даражасида билган ёшлар қишлоқ жойларда тил мактабларини очиш учун 120 миллион сўм миқдорида фоизсиз ссуда олишлари мумкин.
Чет элда ўқиш имкониятига эга бўлмаган, лекин нуфузли касб эгаллашни истаганлар учун янги қўллаб-қувватлаш тизими яратилмоқда. Ислоҳотлар доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида дунёнинг етакчи университетларида энергетика, транспорт, урбанизация, замонавий архитектура ва тиббиёт каби асосий йўналишлари бўйича таълим квоталари кўпаяди.
Хорижий олий ўқув юртлари талабаларининг тўғридан-тўғри Миллий кадрлар захирасига киритилиши ажратиб турувчи хусусият бўлади. Улар давлат органларида ҳеч қандай танловларсиз ишга қабул қилинишлари мумкин. Бу давлат бошқарувига юқори малакали кадрларни тез жалб қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, ҳар йили 1000 нафар танланган ёшлар дунёнинг “Топ-100” рўйхатига кирган университетларда таҳсил олишлари мумкин бўлади. Уларнинг ўқиши ва яшашига кетадиган барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади, бунга 300 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган. Ушбу ташаббус мамлакатнинг янада ривожланишига ёрдам берадиган кучли кадрлар салоҳиятини яратишга қаратилган.
Дунёнинг Топ-100 университетларида даража олган ёш олимлар уй-жой сотиб олиш учун 800 миллион сўм миқдордаги фоизсиз ссудадан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни ёшлар билан қилган мулоқотда ёшларни халқимизнинг олтин фонди, деб атади. Диёримизда раҳбар ва ёшлар учрашувини ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Бу ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирларини муҳокама этиш йўлидаги муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 17.02.2025
- Кўришлар: 324
- Чоп этиш